17:44 msk, 11 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Суд чоп-чоплари. Бир судлов ва оқлов тарихи

28.06.2006 19:10 msk

Денис Крилов (Тошкент)

Тўққизинчи июнь куни тошкентлик 53 ёшли Лариса Кузнецова ўз уйи ёнида қўлга олиниб, милициянинг тезкор пунктига мажбуран етказилган. Унинг жинояти шундан иборат эдики, яқинда у пойтахт маъмуриятини ўзининг пикет чиқиш нияти борлиги ҳақида хабардор қилган эди. Лариса ўз ҳатти-ҳаракатлари билан унинг квартирасидан маҳрум этилишига сабабчи бўлган мансабдор шахсларга қарши норозилик билдирмоқчи эди. Расмийлар одатдагидек иш тутдилар: пикет ўрнига унинг бир неча соат милиция участкасида ўтиришига тўғри келди…

БУ ҚАНДАЙ БОШЛАНГАНДИ

Ўзбекистон суд-бюрократик тизимига ишига тушган одамларга республикадаги судларда оқлов ҳукмига эришишнинг деярли имкони йўқлиги яхши маълум: Ўзбекистон адлияси модели ёрқин ифодаланган айблов характерига эга. Бироқ Лариса Кузнецова имконсиз ишни амалга оширди – ўғлининг тўла оқланишига эришди. Аммо бунинг учун унга икки йил вақт керак бўлди ва бир неча маҳкама мажлисларида иштирок этишга тўғри келди.

Буларнинг ҳаммаси эса тўрт йил аввал, 2002 йилнинг май ойида унинг ўнинчи синфида ўқийдиган ўғли калтакланган пайтда бошланганди. У кечқурун машқдан келаётган эди, аммо ўз уйи олдида жанжал тусаган ики йигитча томонидан тўхтатилди. Улар бир-бирларига қараб ўшқира бошлаган пайтда Евгений Артемьевских (Л. Кузнецованинг ўғли) ҳозир муштлашиш бошланишини ҳис қилиб, ўз рақибларидан бирини ушлаб олиб, лат едирмасдан ерга ётқизиб қўяди. Иккинчи йигит унга ташланиб, уни тепа бошлайди. Евгений зарбаларни қайтаргунча, биринчи йигит ўрнидан туриб унинг бошига қаттиқ зарба беради, шундан сўнг Евгений ҳам унинг бошига уради. Шовқин-суронни эшитган қўшнилар, жумладан Л. Кузнецова ҳам югуриб келади ва «ўғлимдан нима истайсизлар?» дейди. Ҳалиги йигитлар бунга жавобан: «Гапалашадиганимизни гаплашиб бўлдик», дейишади.

Аммо бу фақат бошланиши эди. Эртаси куни Евгений ерга йиқитган йигит у ўқийдиган мактабга ўз ўртоқларини бошлаб боради. Янги «ҳисоб-китоб» пайтида у кутилмаганда Евгенийнинг қаншарига уради. У «бурун синиши» ташхиси билан касалхонага юборилади, касалхонада уни операция қиладилар.

ЖАБРЛАНУВЧИ БЕЗОРИ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Бундай ҳолларда бўлганидек, тан жароҳатлари етказиш ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, унда Евгений жабрланувчи, унинг бурнини синдирган йигит – Расулов гумонланаётган шахс ўлароқ кўрсатилади. Аммо тез орада Расуловларнинг таниш-билишлари кўп экани маълум бўлди. Ҳаммаси аксинча кета бошлади – Расуловга нисбатан қўзғатилган иш тўхтатилди, Евгений эса жабрланувчидан айбланувчига айланди.

Бироз вақт ўтгач, Тошкент шаҳар Миробод ТИИБ терговчиси Р.Зинатуллин томонидан унга «безорилик» моддаси бўйича (23 ва 24 май кунларидаги ҳодисалар юзасидан) айблов қўйилди ва иш Миробод туман судига ўтказиб берилди. Шуниси эътиборга лойиқки, Евгений бурни синган 24 май кунги ҳодисада ҳам безорилик қилишда айбланганди.

Тез орада Миробод туманида маҳкама жараёни бўлиб ўтди, унда прокурор ёрдамчиси Г. Давлетов (кейинчалик у «Серқуёш коалиция» иши бўйича жараёнларни олиб боргани билан танилганди) қораловчи сифатида қатнашди. Натижада жиноий ишлар бўйича Миробод туман суди «безорилик» моддаси бўйича Евгений Артемьевскихни (шартли равишда) бир йилга озодликдан маҳрум қилиш юзасидан ҳукм чиқарди.

СУД ЧОП-ЧОПЛАРИ

Ҳукм чиқарилганидан кейин «безори»нинг онаси Лариса Владимировна учун ҳаёт суд инстанциялари бўйлаб ниҳоясиз чоп-чоплар даврига ўтди. Миробод суди қарори юзасидан Тошкент шаҳар судига шикоят қилиб, бир суд инстанциясидан иккинчисига боравериб, у босқичма-босқич Ўзбекистон Республикаси Олий судигача келди. Олий суднинг биринчи ўринбосари иш материаллари билан танишиб чиққанидан сўнг Тошкент шаҳар суди президиумига норозилик билдирди. Натижада унинг ўғлини айбдор дея тан олган аввалги барча судларнинг қарорлари бекор қилинди, иш эса қўшимча текширув ўтказилиши учун Ҳамза туман ИИБга топширилди. Тергов чоғида Евгений Артемьевских ҳатти-ҳаракатларида жиноят унсури йўқлиги аниқланади. 2003 йилнинг августида у оқланади (бунақаси камдан-кам бўлади), унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш эса тўхтатилади.

Кўринишдан, адолат қарор топгандай – бундан хурсанд бўлиб, ғалабани нишонлаш мумкин. Аммо бу ишнинг охиригача анча борлиги маълум бўлди. Евгенийни гоҳ айбдор деб топиб, гоҳ уни оқлаган қатор маҳкама жараёнлари Лариса Владимировнани қарийб хонавайрон қилади, адвокатларга ҳақ тўлаш учун у икки хонали уйини сотишга мажбур бўлади. Ўғли оқланганидан кейин у Миробод ТИИБ, Миробод прокуратураси ва Жиноий ишлар бўйича Миробод туман суди ҳаками С. Якубековни судга бериб, ноқонуний судлов орқали ўзига етказилган маънавий ва моддий зарар қоплашни сўрайди. Шикоят аризасидан кўрсатилган беш миллион сўм (тахминан 4200 доллар), унга кўра, Тошкентда бир хонали уй олиш учун етиши керак эди.

Лариса Кузнецова товон талаб қилиши билан жиноий ишни тўхтатиш ҳақидаги қарор бекор қилинади, ишнинг ўзи эса қўшимча текшириш учун… (устидан шикоят қилинаётган) Миробод прокуратурасига юборилади! Шу билан бирга тергов комиссиясига Л. Кузнецова ва ўғлининг алам-изтироблари бошланишига сабабчи бўлган терговчи Р. Зинатуллин ҳам киритилади…

Лариса Владимировна учун судлар бўйлаб сарсон бўлишнинг янги босқичи бошланади. У ва ўғли ўтган суд ва маҳкама мажлислари сонини бир мақола доирасида санаб тугатишнинг имкони йўқ. Биргина Яккасарой туман судида бу ишга бағишланган 23 маҳкама мажлиси бўлиб ўтади. Пировардида 2004 йилнинг август ойида, икки йиллик югур-югурдан кейин, Тошкент шаҳар судида иш холис кўриб чиқилгач, Евгений тўла оқланиб чиққан. Унга нисбатан йўл қўйилган ноҳақликлар ҳақида ҳукуматнинг «Правда Востока» газетаси ҳам ёзиб чиққанди.

ПРОКУРАТУРАДАН ПУЛ УНДИРИШ ОСОНМАС

Айби бўлмаган кишининг оқланишига эришиш ҳаддан зиёд қийин иш, аммо кўрилган зарар учун шунга лойиқ товон пули ундириш ҳамда ҳуқуқий тартибсизликда айбдор бўлган мансабдор шахсларнинг жазоланишига эришиш ундан ҳам қийин бўлиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси ЖК 230-, 231-моддалари ноқонуний судлаганлик учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жиноий жавобгарликни кўзда тутади, аммо Лариса Кузнецова бу жиноий ишнинг қўзғатилишига эриша олмади. 2005 йилнинг 16 март куни ўғлини ноқонуний судланишига жавобгар бўлган шахсларга қарши жиноий иш қўзғатиш ҳақида илтимоснома беради (230-модда терговчи ва прокурорни жазолашни, 231-модда эса ҳакамни жазолашни кўзда тутади), бироқ доим «бу шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларида жиноят унсури бўлмаганлиги туфайли улар жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин эмас» қабилидаги бир хил жавоб келаверади.

Лариса Владимировнага кўра, у ҳатто президент маслаҳатчисининг ёрдамчиси Анвар Набиевнинг (аввал Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимида ишлаган ва ғарб журналистларини «сиртлонлар ва шоқоллар»га тенглаштирганлиги билан танилган) қабулда бўлишга эришади ва у Кузнецовага анча очиқ қилиб: «Мен бировни оқлаш жуда қийин эканини тушунаман. Аммо бу мансабдор шахсларга қарши жиноий иш очиш ундан ҳам қийинроқ», - деб айтади.

Маънавий ва моддий зарарни қоплаш учун берилиши керак бўлган товон пулига келсак, Акмал Икромов туман суди ҳаками Мадаминов Л. Кузнецовага бир миллион икки юз минг сўм (1000 доллар) тўлаш ҳақида қарор чиқаради.

Бу пулга уй сотиб олиб бўлмаслиги ақлга тайин, бироқ суд барибир тергов ва суд органларининг айбдорлигини тан олган бўлиб чиқиб, бир миқдор «хун пули» таклиф қилаётганди. Бу маблағ жуда оз бўлгани учун Л. Кузнецова апеллецияга беради. Апелляцион коллегия ишни қайта кўриб чиқади ва апелляцион суд раиси, ҳакам Ҳокимова моддий зарарни қоплаш ҳақидаги бандни ўчириб ташлаб, маънавий зарар учун 300 минг сўм (250 доллар) бериш ҳақида ҳукм чиқаради.

Аммо «ҳаддан ошган» жабрланувчи бу маблағдан қаноатланмайди, балки товон пулини ошириш ҳақидаги шикоят аризалари билан мурожаат қилишда давом этади. Табиийки, уни сансалор қилишган, берилган аризалар эса «тўлов тўғри белгиланган ва уни ошириш учун асос йўқ» қабилидаги стандарт ёзув билан қайтаверган.

Шунга қарамай, Л. Кузнецова А. Набиев ҳузурига кириб чиққанидан кейин шаҳар суди зудлик билан апелляцион коллегия қарорини қайта кўриб чиққан ва товон пули 2,5 миллион сўмга (тақрибан 2000 доллар) оширилган. Аммо судма-суд юрилган пайтда квартираларнинг нархи уч баробар ошиб кетган ва бу пулга уй ололмаслигига кўзи етган Лариса Кузнецова уларни олишдан бош тортган. У товон пулини уй олишга етарли миқдорга чиқарилишини талаб қилган.

БЎЛИБ ЎТМАГАН ПИКЕТ

Ҳикоямиз қаҳрамони унга ҳеч ким етарли товон пулини тўламаслигига ва қолган умрини ижара уйларда ўтказишга тўғри келишига кўзи етгач, охирги воситани ишга солишга қарор қилган. Олтинчи июнь куни Лариса Кузнецова Тошкент шаҳар маъмуриятига уч кундан кейин президент девони биноси олдига пикетга чиқишини билдириб, огоҳлантириш хатини юборган.

Белгиланган куни эрталаб соат еттида (!) у ижарада турадиган хонадонга участка милиционер ҳужжат текшириш учун кириб келади. Хонадон эгаси ҳам келиб, уни пикетга чиқмасликка кўндира бошлайди. Аммо Лариса Владимировна чекинишни истамайди. У йўлакдан чиқиб, уйдан сал нари кетгач, фуқаро кийимидаги қандайдир кишилар келишиб, уни машинага тиқишиб, Ц-4 мавзесидаги милиция тезкор пунктига олиб келадилар. Бу ерда уни уч соат ушлаб тарадилар, кейин эса ундан пикетга бормаслик ҳақида ҳамда минбаъд пикетга чиқмаслик ҳақида тилхат ёзиб беришни талаб қиладилар. Лариса Владимировна барибир пикетга боришини, унинг учун бошқа йўл қолмаганини айтиб, тилхат ёзишдан бош тортади: у ўз муаммосини ҳал қилиши керак.

Эртаси куни бошқа хилдаги тазйиқ кўрсатиш бошланади. Ижарадор ундан зудлик билан уйни бўшатиб қўйишни талаб қилади. Ўша куннинг ўзида ўзи сотган уй эгаси ундан тезда рўйхатдан (пропискадан) чиқиб кетишни таклиф қилади.

НИМА УЧУН ТОВОН ПУЛИ ТЎЛАНМАСЛИГИ КЕРАК

Лариса Кузнецова воқеаси бу билан ҳали тугагани йўқ. Унинг иши Ўзбекистон суд тизими қандай ишлаётганини кўрсатадиган намуналардан бири, холос. Бунинг устига бу типик кўриниш эмас, чунки у ўғлининг оқланиши ва ҳатто расмий бўлса-да, товон ундиришга муваффақ бўлган. Суд инстанциялари бир-бирларининг манфаатларини ҳимоя қилишида аксланган бирдамлик эса мамлакат раҳбарияти сиёсати қанақалиги ҳақида ҳам гувоҳлик беради.

Унга кўра суднинг айбдор амалдорларини жазолашга ҳамда улар йўл қўйган хато учун товон тўлашга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, зеро бу ҳавфли ҳолатларни юзага келтириши мумкин. Ўзбекистон судлари оқлов ҳукмларини деярли чиқармасликлари сабабли юз минглаб айбсиз кишилар ёки айби исботланмаган кишилар қамоқда ётибдилар (ёки қамоқда ўтирганлар, ёки шартли равишда озодликдан маҳрум этилганлар). Агар уларга суд қарори устида арз қилишга ва ноқонуний судлов учун товон пули ундиришга имкон берилса, мамлакат бюжети хонавайрон бўлиши мумкин.

Аммо бу масаланинг асосий қисми эмас. Асосийси шундан иборатки, агар суд тизими ўз хатоларини тан олиб, юқорининг буйруғига кўра эмас, қонун асосида ишлай бошласа, ҳозирги ҳокимият мухолифларни жазолаш учун асосий воситани бой бериб қўяди. Бунга эса у йўл қўёлмайди ва бу иш содир бўлмаслиги учун қўлидан келган барча воситани ишга солади. Демакки, фойдаланиш учун қулай бўлган Ўзбекистон адлия машинаси ҳеч қандай ўзгаришсиз бундан буён ҳам ишлайверади…