07:42 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонда яна бир ўзбекистонлик қочоқ йўқолиб қолди. Бу ишга алоқадорликда гумон қилинаётган куч ишлатар тузилмалар сукут сақламоқдалар

28.06.2006 12:20 msk

Андрей Гришин

Шанба куни куни эрталаб Олмаотада БМТ ҚИОКБдан қочоқ дея тан олинганлиги ҳақида мандатга ҳамда Қозоғистонда вақтинча яшаётган шахс гувоҳномасига эга бўлган ўзбекистонлик Габдурафиқ Темирбоевнинг уйига бостириб кирган номаълум шахслар уни номаълум ёққа олиб кетганлар. Унинг рафиқаси Б. Омонова эрининг Ўзбекистон расмийларига топшириш учун Қозоғистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган, деган гумонда. У ўз гумонларини Қозоғистон Республикаси президенти номига ёзган очиқ хатида баён этган. БМТ ҚИОКБ Қозоғистондаги ваколатхонасининг раҳбари Нарасимха Рао шахсан ўзи ўғирлаб кетилган Темирбоевнинг тақдири ҳақида бирор-бир маълумот олишга уринган, бироқ полициянинг участка нозири ҳамда Миллий Ҳавфсизлик Комитетининг (МҲК) туман департаменти ўзларининг мазкур нохуш воқеага алоқада эканликларини рад этганлар.

Мамлакат томонидан имзоланган халқаро мажбуриятларга қарамасдан, Қозоғистонда бошпана излаган шахсларни топшириш амалиёти биринчи маротаба амалга оширалаётгани йўқ. Бу ердаги ўзига хос «биринчилик»ни маълум бир вақтгача хоҳиш-истакларига қарамай Хитойга қайтариб юборилган уйғурлар эгаллаб турардилар. Аммо 1999 йилда Тошкентда амалга оширилган қатор террорчилик ҳуружларидан ҳамда 2005 йилдаги Андижон исёнидан кейин қочоқлар ва депортация қилинаётган шахслар рўйхатига кўпроқ Ўзбекистон фуқаролари тушаяптилар. Шу билан бирга, нисбатан қонуний усуллар билан бир қаторда, Қозоғистон махсус хизмати ходимлари қўшни давлатлардаги ўз ҳамкасблари билан биргаликда ўғирлаб кетиш, қўрқитиш ва таҳдид қилиш усулларидан бемалол фойдаланмоқдалар, бу ишлар бошпана изловчи шахсларга нисбатан бир неча бор амалга оширилган. Ўз қўшнилари билан алоқаларини бузишни истамаган Қозоғистон қочоқларнинг сиёсий мақомларига ҳам қарамай, уларни маҳфий тарзда ватанларига қайтариб юбораяптилар ёки Қозоғистон ҳудудида ҳорижий куч ишлатар тузилмаларига ўз фуқаролари билан ўзлари ҳисоб-китоб қилиб олишларига имкон яратаяптилар. Бундай сиёсат мамлакатнинг олий раҳбарияти билан келишмасдан туриб амалга оширилиши мумкин эмаслиги тушунарли бўлса керак.

Бу борада намуна бўлиши мумкин бўлган воқеа ўтган йили Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида содир бўлганди, ўшанда (24 ноябрь куни) у ерда ўз мамлакатларини тарк этишга мажбур бўлган тўрт диндор йўқолиб қолганди. Уч кун ўтгач ўша шаҳарда ўз мамлакатларида қидирилаётган яна бешта ўзбекистонлик қочоқ қўлга олинганди. Бу ишларнинг ҳаммаси ғойиб бўлган тўрт киши ва қўлга олинган беш кишининг ҚИОКБга қочоқ мақомини олиш илтимоси билан мурожаат қилганлари эътиборга олинмай содир этилганди. Бу вақтда уларнинг аризалари кўриб чиқилаётган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, тўққиз кишининг ҳаммаси маҳфий суратда Ўзбекистонга депортация қилинган эканлар.

«Хьюман Райтс Вотч» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотидан олинган маълумотларга кўра, шу воқеадан кейин Қозоғистонда яна етти киши қонунга риоя қилинмасдан қўлга олиниб, Ўзбекистон расмийларига топшириб юборилганлар. Ҳозирги пайтда улар Ўзбекистонда ҳибсда сақланмоқдалар. Уларнинг барчаси таъқиқланган «акромийлик» ҳаракатида алоқадорликда айбланмоқдалар, уларнинг баъзиларига эса Андижон воқеларида иштирок этганлик айби ҳам юклатилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳамкасблари илтимосларига кўра иш юритаётган Қозоғистон Миллий Ҳавфсизлик Комитетига изоҳ сўраб қилинган ҳар қандай мурожаат одатда муваффақиятсиз якунланади, чунки бу ташкилот дўстона режимлар ҳукмрон бўлган мамлакатларга қочоқларни маҳфий ёки ошкора йўл билан депортация қилинишига ўзининг алоқадор эканини билдирмасликка ҳаракат қилади.

Габдурафиқ Темирбоев Ўзбекистон расмийлари томонидан диний сабабларга кўра тазйиққа учраб, бундан қутилиш мақсадида 1999 йилдаёқ Қозоғистонга ўтиб кетганди. Унинг қочоқ дея тан олишларини сўраб қилган биринчи мурожаати натижа бермаган. 2004 йилда Қозоғистон Миллий Ҳавфсизлик Комитети департаменти Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий илтимосномаси асосида «террорчилик» моддаси бўйича унга қарши жиноий иш очган, Темирбоевга Қозоғистондаги суддан кейин сўзсиз ватанга депортация қилиниш ҳавф соларди.

МҲК терговчилари Темирбоев вақтинча яшаётган хонадонда тинтув ўтказганлар ва унинг компьютерини шахсий гувоҳномаси билан бирга олиб қўйганлар. Тинтув ўтказилаётган пайтда Габдурафиқнинг ўзи уйда бўлмаган. У шу маҳалгача яшириниб юришга муваффақ бўлган. Айни пайтда БМТ ҚИОКБ унга бошпана изловчи шахс сифатидаги мақомни тасдиқловчи мандат беришга қарор қилган. Шунинг баробарида Темирбоев ишини назорат қилаётган Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюросига МҲКнинг Олмаота департаментидан бир ходим келиб, у ҳақида маълумот беришни илтимос қилган (табиийки, у рад жавобини олган). Шунда у Комитетда Халқаро муҳожирлик ташкилоти ва БМТ ҚИОКБ ходимларининг Европа мамлакатларига ноқонуний муҳожирларни жўнатишга алоқадорликда гумон қилинаётганларини билдирган.

2006 йилнинг 24 февраль куни Олмаота полицияси яна икки ўзбекистонлик қочоқни – Хайрулло Тожиев ва Абдувосит Содиқовни қўлга олади. Эртасига ҳар иккаласини ҳам ШИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг олдига олиб келадилар, у ерда Қозоғистондаги бошқа ўзбекистонлик қочоқлар ҳақида, Андижон воқеалари ҳақида, шунингдек, Олмаотада яшаётган бошқа андижонликлар ҳақида сўроқ қиладилар. Шундан кейин уларга Ўзбекистон расмийларидан уларни экстрадиция қилиш юзасидан факс олинганлигини маълум қиладилар.

25 февраль куни ШИИБда Содиқов ва Тожиевни энди МҲК ходимлари сўроқ қиладилар, улар гап орасида (ўша пайтда қочоқ дея тан олинган) имом Обидхон Назаров ва Габдурафиқ Темирбоевнинг (у ҳам қочоқ дея тан олинганди) қаердалигини айтиб беришни талаб қиладилар. Содиқов ва Тожиевга кўра, МХК ходимлари ўзбекистонликларга таҳдид қилганлар. Қўлга олинганларни керакли маълумотни беришдан бош тортган тақдирда улар «йўқолиб қолиш»лари, кейин эса маҳфий суратда Ўзбекистонга жўнатиб юборилишлари мумкинлигини айтиб қўрқитганлар. «Биз сизларни Ўзбекистонга бериб юборишга тўла ҳақлимиз. Олиб кетиб, кейин ҳамма нарсани инкор қилиб тураверамиз. Сизларга ҳатто БМТ ҳам ёрдам беролмайди. Бизга Назаровнинг қаердалигини айтинг» - бу сўроқ ўтказган МҲК ходимларидан бирининг сўзлари. Шунга қарамай, шаҳар прокуратураси (ўзбекистонликларни сўроқдан кейин шу ерга олиб келганлар) ҳибсга олиш учун қарор чиқаришдан бош тортган. Бир вақтнинг ўзида ишга солинган полиция ва МҲКнинг ўртасида қўлга олинганларни нима қилиш ҳақида аниқ келишув бўлмаган. Афтидан, бу ишнинг ошкор бўлишидан ва нотўғри қарор қабул қилишдан қўрққан куч ишлатар тузилмалар ходимлари қўлга олинганларнинг ҳар иккаласини ҳам озод қилиб юборганлар.

Шубҳа йўқки, Темирбоевнинг йўқолиб қолиши ўша занжирнинг бир бўғини бўлиб ҳисобланади. Унинг кейинги тақдири ҳақида аниқ бир нима дейиш имконсиз. Темирбоевни Ўзбекистонга яширин ва шошилинч тарзда олиб чиқиб кетишга уринишлари эҳтимоли бор. У ерда бўлса маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари зарур бўлган барча «иқрорнома»ларни олишга эришадилар. Бундай шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва халқаро тузилмалар бирор нарсани ўзгартиришга ожизлар.