03:05 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

27 июнь куни Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонладилар

28.06.2006 08:18 msk

Ўз ахб.

Матбуот ва ОАВ ходимлари куни Ўзбекистонда «тор доирада» нишонланади. Яқиндан бери жорий қилинган анъаналарга кўра «тантаналар» Навоий номидаги опера театрида бўлиб ўтади, у ерга фақат таклифнома билан киритадилар. Таклиф қилинганлардан бўлиш бахтига фақат танланган кишилар сазовор бўлганлар. Ҳали ҳам Ўзбекистонда қолаётган мустақил ва ҳорижий журналистларга таклифнома бериш кўзда тутилмаган: бу журналистлар «маҳаллий миқёсдаги» байрамда шунчаки «бегона» бўлиб ҳисобланадилар.

Ўтган йил мобайнида «бегоналар» турмуши ширин кечгани йўқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳукумат ёқловчиси бўлмаган фақат бир неча мухбир (асосан, Интернет-нашрларининг мухбирлари) ва чет эл ОАВ журналистлари қолганлар, холос. Ҳозирча уларга фақат театрга кириш маън этилган. Аммо мамлакатга кириш маън этилган одамлар ҳам бор. Матбуот ва ОАВ ходимлари кунида биз айнан улар ҳақида эслашни истардик.

Ўтган йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан кейин расмийлар эркин матбуотга қарши аёвсиз уруш эълон қилдилар. Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) Тошкентдаги офиси зудлик билан ёпилди. IWPRнинг Тошкент бюроси раҳбари Галима Бухарбаева ҳавфсизлик важҳидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Галима Андижонда содир бўлган воқеаларнинг тирик гувоҳларидан биридир. Кейин Uznews.Net сайти ёпилди. Очилганига бир неча ой бўлганига қарамасдан, мазкур веб-сайт ўткир ва долзарб чиқишлари билан ўзининг доимий ўқувчиларига эга бўлишга улгурганди. Сайт муҳаррири Қудрат Бобожонов ҳам мамлакатдан чиқиб кетди, чунки унга нисбатан ҳам қилинаётган таҳдидлар сони оша бошлаганди. Россия ва узоқ ҳорижнинг кўплаб Интернет-ОАВ ҳамда веб-нашрлари ажабтовур фильтрлар воситасида охиригача бўғиб қўйилдилар. Бугунги кунда бирор-бир янгиликлар сайти пайдо бўлиши билан унинг муаллифлари ўз матбуот варақчаларини эълон қилгунларига қадар Ўзбекистонда уни тўсиб қўйган бўладилар. Uzmetronom.Com ёш ва ёрқин Интернет-нашрининг шошилинч тарзда бўғиб қўйилиши бунга мисол бўла олади. Расмийлар ғазабидан Internews халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ходимлари ҳам «баҳраманд» бўлдилар. Айрекс (IREX) вакиллари ҳам оммавий ахборот воситаларидаги ўзгача фикрлиликка қарши эълон қилинмаган уруш қурбонларига айландилар. Ҳатто Ўзбекистон учун ҳам энг беозор бўлган ташкилотни ҳам ёшлар ўртасида инқилобий кайфият уйғотишга уринганликда айбладилар.

Кейинчалик, 2005 йилнинг охирларига келиб «Озодлик» радиосининг Тошкент бюросига аккредитация беришдан бош тортдилар. Ўз фикрларини эркин ва очиқ айтишни истаганлар учун минбар бўлиб хизмат қилган яна бир радио шу тариқа ёпилди. «Озодлик» радиоси раҳбарияти Ўзбекистон ТИВ қарорига қай бир йўл билан таъсир ўтказишга ва Тошкентдаги бюрони сақлаб қолишга уриниб, уларга ён берди ҳамда ўзининг энг фаол ва Ўзбекистон расмийларига аллақачоноқ ёқмай қолган журналистини ишдан бўшатди. Аммо бу ҳам ёрдам бермади. Бугунги кунда «Озодлик»нинг Тошкентдаги офиси кўплаб журналистлари бошқа ҳорижий бюроларга ўтиб кетдилар, ишларини ўзгартирдилар…

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш нодавлат ташкилотининг раҳбари Юсуф Расулов ҳам Ўзбекистонни тарк этди. Журналистлар ҳимояси отланган киши, кейинчалик маълум бўлишича, ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолган.

Ғ. Йўлдошев («Озодлик» радиоси ходими), М. Азаматова (Би-Би-Сининг Фарғона вилояти бўйича ходимаси), Б. Шоҳназаров (Интерньюс ташкилотининг юристи), З. Иброҳимов, Багила Бухарбаева (Франс-пресс агентлиги ходимаси), Т. Қораев каби журналистлар ватанларини ташлаб чиқиб кетдилар. Афсуски, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Баъзиларини мамлакатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилган бўлсалар, бошқаларини шунчаки «четга суриб қўйдилар». Масалан, «Немис тўлқини» радиоси ходими Обид Шабановга нисбатан шундай йўл тутдилар. Журналистдан овозини ўчиришни сўрадилар, акс ҳолда… Ташвишдан қутилиш учун радио раҳбарияти бу таклифга дарров кўна қолди, журналист эса ишдан айрилди.

Республика матбуотида «бегоналар»га – мустақил ва ҳорижий журналистларга қарши фаол ҳужум бошланди. «Қонун посбонлари»нинг чиқишларида ҳам айблов оҳанглари пайдо бўлди. Мамлакат прокурорининг эндиликда собиқ ёрдамчиси Анвар Набиев журналистларни ҳақорат қилишга қўйилган таъқиқни биринчилардан бўлиб қандай олиб ташлагани барчанинг ёдида. Андижон воқеалари юзасидан ўтказилган навбатдаги брифинг чоғида у журналистларни ўлакса овлаган «сиртлонлар ва шоқоллар» деб атаганди.

Шу ўринда биз Ўзбекистон президентининг қуйидаги сўзларини эслагимиз келди: «Журналистлик касби энг қийин касблардан биридир. Журналист бир вақтнинг ўзида ҳам давлат арбоби, ҳам сиёсатчи, ҳам жамоатчилик фикри денгизида руль бошқариб турган киши бўлиб ҳисобланади. Мен уларни жуда ҳурмат қиламан ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ўз ҳиссамни қўшишга доим тайёрман». («Халқ сўзи» газетасига берилган интервьюдан, 19 декабрь 1991 йил).

Ва бу ҳисса қўшилди. Ўзбекистонда мустақил овозлар йўқ бўлди, «журналистларнинг муаммолари» ҳал қилинди.

«Бегоналар» ғурбатда овораи саргардон бўлиб юрган бир пайтда «ўзимизнинг одамлар» тор доирада бир-бирларининг елкаларини силашиб, «муносиб меҳнат ва юқори кўрсаткичлар»ни олқишлашиб, энг маҳаллий бир байрамни нишонламоқдалар.