10:29 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муқобил диний ташкилотларнинг фаоллиги Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасининг ғазабини қўзғатмоқда

27.06.2006 21:28 msk

Ринат Сайдуллин (Олмаота)

Ўн кунча аввал Душанбеда бўлиб ўтган, тинчлик ва ижтимоий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида Исломнинг ролига бағишланган илмий-амалий анжуман Қозоғистонда кутилмаган акс-садога эга бўлди. Одатда, ўз саҳифаларида расмий нуқтаи назарларни ифодалаш учун жой ажратиб турадиган «Литера» кундалик газетасига кўра, мазкур воқеа Марказий Осиё мамлакатларида мухолиф диний кучларни бирлаштиришдан бошқа нарса эмасди. «Халқ учун афюн» сарлавҳали мақола муаллифининг нуқтаи назари ана шундай.

Аслини олганда, анжуман чоғида Марказий Осиёда мусулмонларнинг янги тузилмасини – «Ислом ҳамкорлиги ташкилоти»ни (ИҲТ) тузиш ҳақида таклиф айтилганди. Анжуман иштирокчиларидан ва янги тузилма ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлган Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси раҳбари Мурат Телибековнинг фикрича, ИҲТ «ҳозирда мавжуд бўлган йирик халқаро мусулмон ташкилотлари (Ислом Анжумани Ташкилоти, Бутунжаҳон Ислом Иттифоқи ва бошқалар) Марказий Осиёдаги мусулмон уммати турмушига сезиларли таъсир кўрсата олмаётганлиги» сабабли ташкил этилмоқда. «Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси» матбуот варақчасида хабар қилинишича, янги ташкилот вазифалари орасида экстремизм мафкурасига қарши курашиш ҳамда миллатлараро ва динлараро зиддиятларнинг олдини олиш кабилар ҳам бор.

Бироқ, газета мақоласида қўйилган айбловларга кўра, янги ҳамжамиятга «ваҳҳобийлардан бошланиб суфийлар билан туговчи таъқиқланган ташкилотлар» бирлашмоқдалар. Кейин муаллиф ўша жойнинг ўзида, намагадир аввалги фикр билан ҳеч қандай мантиқий боғланишсиз «аҳмадийлик» ташкилоти ҳақида гапира бошлайди, гарчи бу ташкилот вакиллари мазкур анжуманга иштирок этмаган ва ҳали аҳмадийларнинг бу бирлашмага кириш ниятлари борлиги ҳам маълум эмас бўлса-да. Аммо аҳмадийлар штаб-квартираси ҳам «Ҳизбут-таҳрир» ва бошқа шу каби диний мутаассиблар учун қароргоҳга айланган Лондонда жойлашганлиги маълум қилинади.

Материал Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасига (ҚМДБ) мухолиф бўлган Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси «аҳмадийлик» билан тиғиз алоқадалиги, «Мусулмон интеграцияси»га (ИҲТ «Литера»даги мақола муаллифига кўра ана шундай аталади) «қўшни давлатларда террорчилик ҳужумларини содир этган Ўзбекистон Ислом ҳаракати ва «акромийлик» каби радикаллар» қўшилишни бошлаши, ушбу «ҳавфли террариум»нинг барча гумашталари эса Ғарб манбалари пули ҳисобига тирикчилик қилиши, чунки диний арбоблар йиғинига ЮСАИДнинг Тожикистондаги офиси (Usaid.gov, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги) пул тўлаганлиги ҳақидаги фикр билан якунланади.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг бир неча телеканалларида мазкур воқеага бағишланган лавҳалар берилиб, унда Душанбедаги учрашувда иштирок этган Олмаота Марказий жомеъсининг имоми Қулмухамед ҳожи Махамбет «Мурат Телибеков томонидан илгари сурилган ғояни ҳеч ким қўллаб-қувватламади, ҳатто Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг собиқ муфтийси ҳам», дея маълум қилди. Анжуман иштирокчиларидан яна бири – «Нур-Муборак» ислом университети проректорининг фикрича, ИҲТнинг ташкил этилиши АҚШ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Мурат Телибеков билан боғланиб, унинг ҳеч нарсадан бехабар ҳолда топдик – у мақола ҳақида ҳам, ўзига қўйилган айбловлар ҳақида ҳам ҳеч нима билмас экан.

Мурат Телибековга кўра, «ИҲТ ташкил этиш фикри Қозоғистон делегацияси аъзолари билан, жумладан, делегациянинг расмий раҳбари, Қозоғистоннинг Диний ишлар бўйича комитети вакили жаноб Қайрат Тулесов билан келишилган». «Бунинг анжуман якуний қарорига киритилгани ва иштирокчиларнинг бирортаси ҳам эътироз билдирмагани, бу таклифни анжуман меморандумига киритишни барча бир овоздан ёқлаганлигининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Қулмухаммед ҳам (Олмаотадаги Марказий жомеъ имоми – таҳр. изоҳи) розилик билдирган бўлиб бошини қимирлатиб қўйганди, улар томонидан ҳам ҳеч қандай эътироз бўлмаганди, шунинг учун мен уларнинг Олмаотага келганларидан кейинги муносабатидан таажжубдаман. Аммо мен расмий дин вакиллари томонидан буйруқ борлигини сезиб турибман, афтидан, уларни ана шундай ҳаракат қилишга мажбур қилганлар», - деди Мурат Телибеков.

«Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси» раҳбарини «Литера»даги мақола муаллифининг мазкур анжуманни моҳиятан Ғарб пулига ўтказилган радикал гуруҳлар қурултойи қилиб кўрсатганлиги айниқса танг қолдирди:

«Таъкидлашни истардимки, айрим матбуот вакилларининг ёлғон даъволарига қарамасдан, [тадбирнинг] асосий ташаббускори Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти бўлганди, бу ғояни улар илгари сургандилар», - дея билдирди «Фарғона.Ру» ААга Мурат Телибеков. – «Аммо делегатларнинг келишини таъминлаш учун улар молиявий ёрдам сўраб ЮСАИДга мурожаат қилганлар. ЮСАИД уларга фақат делегатларни олиб келишга ёрдам берган, холос. Шунинг учун ҳам ушбу анжуман очилишида Эмомали Раҳмоновнинг табрик хати бекорга ўқиб эшиттирилгани йўқ». Ғарбнинг пулига келсак, М. Телибековга кўра, «ЮСАИД вакили анжуманда иштирок этгани билан, буни америкаликларнинг ташаббуси сифатида кўрсатишга уринувчи кишилар шубҳасиз топилишини яхши тушунган ҳолда бирорта ҳам фикр билдирмади, ҳеч кимга мурожаат қилмади…»

Телибековга кўра, анжуманда Тожикистон ва Қирғизистоннинг диний бошқармаси вакиллари, Қирғизистон Диний ишлар бўйича комитети вакиллари, ўзбекистонлик мустақил диний арбоб шайх Муҳаммад Содиқ ва Қозоғистондан бир неча киши қатнашганлар. Барча делегациялар давлат амалдорлари раҳбарлигида келганликлари учун қандайдир радикал ташкилотларнинг анжуманга келишлари мумкин эмасди. «Давлат амалдорлар раҳбарлигидаги делегацияларга террорчи ва радикал гуруҳларнинг кириб қолиши имконсиз эди. Тожикистон ҳукуматининг бу муаммога нисбатан муносабати салбий экани эътиборга олинадиган бўлса, бунга умуман йўл қўйилмасди. Ҳақиқатан ҳам у ерда Тожикистон Ислом партиясидан вакил бор эди, аммо бу расман рўйхатдан ўтган партия бўлиб, улар парламентда ўринларга эгалар, яъни, улар ҳам расмий кишилардир. Анжуманда диний озчиликдан – исмоилийлар гуруҳидан ягона вакил қатнашди, улар Тожикистоннинг чекка жойларидаги диний гуруҳни тамсил этадилар. Бори шу. Бу анъанавий суннийликдан фарқ қилувчи ягона гуруҳ эди, менимча, у ерда ҳатто шиа мазҳаби вакиллари ҳам йўқ эдилар», деди Мурат Телибеков.

«Бу ғирт ёлғон ва уйдирма. Тушунинг, бунга Тожикистон ҳечам йўл қўймаган бўларди! У ерда диний назорат Қозоғистондагидан кўра анча кучли. Мақоланинг ўзи, биринчидан, расмий Душанбега нисбатан, энг аввало, Тожикистон президенти маъмуриятига нисбатан хуш кўрмаслик муносабатини акс эттиради. Чунки мен Тожикистон раҳбарияти бунга кўп меҳнат сарф этди, деб ўйлайман, бу ҳатти-ҳаракатларнинг бошида ижобий интилишлар туради. Мазкур анжуманда муҳокама қилинган асосий мавзу диний экстремизм ва террорчиликка қарши кураш бўлди. «Ҳизбут-таҳрир» ҳаракатига қарши курашиш услублари муҳокама қилинди, бу жуда кўп вақт олди, Тожикистоннинг шундай эзгу ниятлари шу алфозда кўрсатилмоқда – бу Қозоғистон оммавий ахборот воситалари томонидан қилинган бадхоҳлик ҳаракатидир. Мен газетачилар бу каби мақолаларга ўта масъулият билан ёндошишлари керак, деб ўйлайман, чунки, менимча, Тожикистон элчихонаси бу каби нохолис ва туҳматона мақолалар юзасидан ҳатто расмий нота беришга ҳам ҳақлидир», - дея якунлайди ўз сўзларини Мурат Телибеков.

Қайд этиш жоизки, Телибековнинг материални ҚМДБ томонидан «буюрилган»и ҳақидаги тахминлари асосга эга. Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси (ҚМУ) ва яқиндагина мазкур жамоат арбоби томонидан тузилган «Инсон ҳуқуқлари бўйича мусулмон комитети» ҚМУни ўз рақиби деб қабул қилувчи расмий дин вакилларининг ғазабларини қўзғатади. Уларнинг фикрича, ҚМУ қозоғистонлик мусулмонлар номидан чиқиш қилиш учун ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас. Мурат Телибеков Диний бошқарма ижрочилари томонидан уюштирилган бир неча маҳкама жараёнларида ютқазган.

Охирги маҳкама текширувига Телибековнинг Интернет-сайтларидан бирида чоп этилган очиқ хати баҳона бўлганди. Унда Мусулмонлар уюшмаси лидери ҳали рўйхатдан ўтмаган Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мусулмон комитети директори сифатида ҳам имзо чекканди. Бунда Бош Муфтий Абсаттар Дербисали ва Бўстандиқ тумани прокуратураси қонунбузарлик топганлар. Илгари М. Телибеков шу каби модда бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган ва жарима тўлаганди. Ўшанда у ҳали рўйхатдан ўтмаган Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси номидан чиқиш қилганди, мазкур ташкилот мурожаатнома матбуот саҳифаларида пайдо бўлган кундан уч кун кечикиб рўйхатга олинганди.

Бироқ ҚМДБнинг Телибеков шахсини ва унинг ташкилотини қабул қилолмаслигининг илдизи эски адоватда бўлиши мумкин. Бир пайтлар Телибеков Козоғистон расмий ислом руҳонийларини ноқулай аҳволга солиб қўядиган маълумотлар билан матбуотда бир неча марта чиқиш қилганди. У ҚМДБнинг «аҳмадия» жамоати раҳбарига даврий нашр учун пул бериш юзасидан қилган илтимос-талаби ҳақида ҳам, «Нур-Муборак» ислом университети талабалари ўртасида қўлланиладиган солиқлар йиғиш билан боғлиқ жанжал ҳақида ҳам ёзганди…

Бошқа томондан эса, июнь ойи бошида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси «Халиқ дабили» миллий-ватанпарварлик ҳаракати билан биргаликда Олмаотада «Аллоҳ қалбимизда» номли анжуман ўтказганди. Расмий дин вакиллари ва миллий-ватанпарварлик ташкилотлари аъзоларининг бирга иш юритишлари ҳодисасининг ўзиёқ эътиборга лойиқ. Шунингдек, «Халиқ дабили» ҳаракатини, миш-мишларга қараганда, ўтмишда таниқли жиноятчи бўлган, Маккага бориб келганидан кейин эса ҳожи мақомига эга бўлиб, қоронғи ўтмиши билан гўё «хайрлашган» Сабиржан Махметов ташкил этган ва унга раҳбарлик қилади. Анжуманнинг ўзи ҳам кичик жанжал билан хотирада қолганди: унда Қозоғистон национал-социализмининг мафкурачиси Арон Атабекнинг нутқи кутилмаганда бўлиб қўйилганди. Анжуман иштирокчиларига нотиқнинг тангричилик ва сўфийлик ғояларини қозоқ халқининг анъанавий динлари сифатида кўрсатишга уриниши ёқмаганди.

Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси ва мустақил исломий жамоатлар ўртадаги тушунмовчиликни ҳал этиш учун анчадан буён ҚМДБ раҳбарияти билан учрашишни истайдилар. Бироқ диний бошқарма раҳбарлари уларнинг назарида шубҳали туюлган ташкилотлар бирга ҳар қандай тадбирлар ўтказишдан қочадилар. Шу билан бирга, тахмин қилиш мумкинки, ҚМДБ янги иттифоқчилар қидиришда давом этмоқда. Арон Атабек билан боғлиқ ҳодисадан кўриниб турибдики, энг асосийси, янги иттифоқчилар ҚМДБ томонидан тарғиб қилинаётган диний ақидаларга нисбатан эътироз билдирмасалар ҳамда диндорлар ўртасида раҳбар бўлишни даъво қилмасалар бўлгани.