06:53 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Йиғим-терим даврида ҳар бир ўзбекистонлик фермерни махсус хизматлар назорат қиладилар

26.06.2006 20:10 msk

Ўз. ахб.

Наманган вилоятида буғдой ҳосилини йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. Мутахассисларнинг баҳосига кўра, бу йил ҳосилдорлик ўтган йилдагидан пастроқ бўлган. Вилоят маъмуриятидаги манбанинг қайд этишича, ўтган йили ҳосилдорлик гектарига олтмиш-етмиш центнердан тўғри келганди, бу йил эса эллик центнерга ҳам етиши қийин экан. Шунга кўра, фермерларга шартнома мажбуриятининг умумий ҳажмидан давлатга ўн фоиздан қўшимча буғдой топшириш мажбурияти юкланди.

Комбайнчилар отряди ҳосилни йиғиб-териб олиш учун фермер хўжалигига турли маъмурий ва куч ишлатар тузилмалар вакиллари кузатувида келадилар. Йиғим-терим жараёнига отряд бошлиқлари деган одамлар раҳбарлик қиладилар, фермер хўжалигининг эгаси эса ҳеч нарсага аралашолмай, бўлаётган ишларни бегона кишидай четдан туриб кузатади. Шу билан бирга, у даласидан кетиб қолишга ҳам ҳақли эмас.

- Ҳосил йиғиб олингунича хўжалигимда йигирма еттита турли-туман вакиллар юришди, - дейди Уйчи тумани истиқомат қилувчи фермерларидан бири, - ўз-ўзидан маълумки, уларнинг ҳаммасини меҳмон қилиб, боқишга тўғри келди.

Ички ишлар ходимлари томонидан тақсим қилинадиган комбайнларнинг етишмаслиги ҳам шу кунларда жуда билинаяпти. Яъни, фермер даласида қачон ва қанча комбайн ишлашини туман ҳокими эмас, вилоят ИИБ бошлиғи ҳал қилади. Устига устак, бу йил комбайнлар ҳосилнинг давлатга топшириш учун мўлжалланган қисминигина йиғдилар, холос. Буғдойнинг қолгани эса пишиб етилишда, аниқроғи, пишиб ўтиб кетишда давом этмоқда. Ҳосилнинг қолганини териб олиш учун комбайнлар давлат режаси бажарилганидан кейингина ажратилар экан.

23 июнь куни Наманган вилоят ИИБ бошлиғи фермерлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш учун Уйчи туманига борган. Шу кунларда фермерлар яккама-якка суҳбатдан ўтиш учун ҳатто туман прокуратурасига чақирилганлар. Прокурор давлатга дон топшириш бўйича ҳамма товар-транспорт ҳужжатларини текширган, кейинчалик уларни солиштириш учун ҳужжат нусхаларини талаб қилган. Кейин фермерларга икки йўлдан бирини танлашни айтган: ё давлатга дон сотиш бўйича режани бажариб, ўйнаб-кулиб юравериш ёки алоҳида жойларга жўнаш учун иссиқ кийимларни ҳозирлаб қўйиш.

Бу таҳдидлар қуруқ гап эмас. Вилоят маъмурияти йўлакларида шундай воқеа бўлганлиги ҳақида гапирадилар: Наманган вилояти Поп туманидаги фермерлардан бирининг буғдойзорида ёнғин содир бўлганида республика бош вазири гўё эрталаб унинг столида ўша фермернинг қамоққа олингани ҳақида хабар ётиши кераклиги ҳақида буйруқ берган экан.

Шундай экан, ўзбекистонлик фермерлар туман маъмурияти ва куч ишлатар тузилмаларнинг қаттиқ тазйиғи остида яшаб, меҳнат қилмоқдалар. Фермерларнинг ўзларидан ташқари, уларга «бириктирилган» турли бюжет ташкилотлари раҳбарлари, мактаб директорлари ва болалар боғчаларининг мудиралари ҳам жабр кўрмоқдалар. Уларни ҳам маҳаллий маъмуриятларда ўтказиладиган турли-туман селектор кенгашлари ва мажлислар билан безор қилганлар.

Норин туманидаги тадбиркорлардан бирига кўра, бунақа кенгашларда туман ҳокими (дарвоқе, у аввал Учқўрғон туманида прокурор бўлиб ишлаган) фермерларни (жумладан, аёлларни ҳам) куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлабгина қолмай, тез-тез уларга қўл кўтариб ҳам турар экан.

Бошқа бир фермер эса ўз ҳамкасбларининг молиявий аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмаслигини қайд этади: кўпчиликка ҳали ўтган йилги пахта пулини ҳам бермаганлар. Шу сабабдан улар ўсимликларни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган кимёвий дорилар ва ўғитларни ўз вақтида сотиб ололмаяптилар.

Дарвоқе, фермер давлатга топширган ҳосили учун пул олмоқчи бўлса, санэпидемстанцияга ўхшаш ташкилотлардан олинган маълумотнома ва сертификатлар тақдим этиши керак бўлади. Бу ташкилотлар эса мазкур маълумотномаларни бериш учун ўз ҳисобларига пул тушмагунича ўша маълумотномаларни бермайдилар. Бунда ёпиқ доира ҳосил бўлади.

Баъзан маҳаллий раҳбарлар фермерларнинг фермер бўлганларига пушаймон қилишни истасалар керак, деган таассурот қолади одамда. Фермер мустақил ҳаракат қила оладиган бирор-бир соҳа йўқ. У ҳатто буғдойдан бўшаган далага бошқа экинлар экишга ҳам ҳақли эмас: юқорининг буйруғига кўра ерни ҳайдаб, пахта экиш учун кейинги йилнинг апрелигача ерга дам бериш керак (гарчи ерни шудгорлаш ишлари қадимдан кеч кузда амалга оширилиб келинса-да). Бундай қарорнинг оқибати нималарга олиб келиши очиқ-ойдин кўриниб турибди: ўтган йили ёзда ҳайдалган ерларга экилган пахта бу йил ривожланишдан ортда қолмоқда. Ахир ўзбек мақолида «Ер ҳайдасанг - куз ҳайда, куз ҳайдамасанг - юз ҳайда», деб бежиз айтилмаган. Ер қишда дам олиши, қолган пайтда эса ишлаши керак.