11:23 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

«Андижон воқеалари» ҳақида Ўзбекистон расмийлари ёйинлаган видеофильм акс таъсир кўрсатди

23.06.2006 19:38 msk

Ўз. ахб.

Андижон воқеалари ҳақидаги 70 дақиқали фильмни бу ерда кўриш мумкин

Пайшанба куни бир вақтнинг ўзида Ғарбнинг бир неча Интернет-сайтларида 2005 йилнинг 13 май куни Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида содир бўлган воқеалар видеотасвири жойлаштирилди. Эслатиб ўтамиз, ўша куни шаҳарда ҳукуматга қарши исён кўтарилганди, кўп минг кишилик митинг шаклидаги норозилик намойиши пировардида ўқотар қуроллар қўллаш билан тарқатиб юборилганди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда икки юзга яқин киши ҳалок бўлган, уларнинг кўпчилиги «террорчи-исломчи»лар бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва воқеа гувоҳлари қурбонлар сонининг анча кўп бўлганлиги ҳақида гувоҳлик берадилар, бунинг устига қурбонлар расмийлар сиёсатига қарши ўз норозилигини билдириш учун майдонга чиққан тинч аҳоли ўртасида кўп бўлган.

Бир неча ой аввал бу видеотасвир Тошкентда, Москвада, Вашингтонда ҳамда Европадаги баъзи мамлакатлар пойтахтларида намойиш этилганди. Фильм, энг аввало, экспертлар, сиёсатшунослар, исломшуносларга кўрсатилган. Фильм ўзбекистонлик Бахтиёр Бобожонов изоҳлари билан бирга намойиш этилган, у видеокадрларга таянган ҳолда томошабинларни Андижонда радикал исломчиларнинг қуролли қўзғолони содир бўлганлигига ҳар томонлама ишонтиришга уринган.

Бироқ кадрларнинг ўзи бошқа нарса ҳақида ўйланишга мажбур қиларди. Масалан, қандай ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар Андижон аҳлини кўчага чиқишга ундади, расмийлар муаммони қон тўкмасдан ҳал қилиш учун қандай чоралар кўргандилар (умуман, бирор чора кўргандиларми) каби. Видеоёзувни синчков журналистлар кўрганларидан кейин савол яна кўпайди. Фильмнинг Интернетда ёйинланиши ва бу мавзу юзасидан бўлаётган ижтимоий баҳс-мунозаралар янги босқичга ўтмоқда.

Тарғибот мақсадида ёйинланаётган бу фильм кадрлари Ўзбекистон расмийларининг ўзига қарши янги айбловларни юзага чиқармайдими? Фарғона водийсидаги қонли воқеалар юзасидан бу видеотасмага асосланган ҳолда «дистанцион» (узоқ масофада туриб) халқаро текширув ўтказиш мумкинми?

Москвадаги «Коммерсантъ» газетасининг ёзишича, «70 дақиқали ёзув ҳукуматга қарши намойишнинг кўпчилик иштирокчилари, расмий Тошкент таъкидлаётганидек, диний экстремистлар эмас, демократик шиорлар остида кўчага чиққан қуролсиз тинч аҳоли бўлганлиги ҳақидаги тахминни тасдиқлайди. (…) Кенг жамоатчиликка намойиш этилмаган кадрларда тадбир иштирокчиларининг жуда кўпчилиги қуролланган одамлар эмас (эҳтимол оломон ичида ҳақиқатан ҳам қуролли кишилар бўлгандир), балки қуролсиз фуқаролар, жумладан, аёллар ва болалар бўлганлиги кўринади. Ўтган йилнинг баҳорида диний экстремизмда айбланиб, ҳисбга олинган 23 та ўзбекистонлик тадбиркорларнинг хотинлари ҳам тасвирга олинганлар. Эслатиб ўтамиз, акромийлар устидан ўтказилган маҳкама кўп ҳафталик норозилик тадбирларига сабаб бўлиб, оқибатда ҳаммага маълум бўлган қонли воқеаларга олиб келганди».

«Видеоёзувда «Аллоҳу акбар!» қичқириқларини ҳам эшитиш мумкин, аммо одамлар кўпроқ «Озодлик!» дея қичқирадилар (демократик шиорлар чет эллик дипломатлар учун таҳрир қилинган ёзувда ҳам эшитилиб турибди, аммо улар таржима қилинмаган). Одамни ҳужил қиладиган яна бир янгилик: тасмадан эшитилиб турган ўқ овозларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, ҳукумат қўшинлари бирор марта ҳам намойишчиларни тарқалишга чақирмаганлар ва брандспойт ёки кўздан ёш оқизувчи газлар каби махсус воситалардан фойдаланишга ҳатто ҳаракат ҳам қилмаганлар. Улар оломонга қарата қўққисдан ва огоҳлантирмасдан ўқ ота бошлаганлар. Ёзувда шундай деталь ҳам акс этган: ўқ овозлари эшитила бошлашидан бир неча дақиқа олдин намойишчилардан бири: «Қон тўкманглар. Осойишталикни сақланглар. Бу аскарлар сизларнинг биродарларингиз. Улар сизларни отмайдилар», дея чақирган», - деб ёзади бугун «Коммерсантъ» газетаси.



 

Реклама