14:04 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвадаги миллий жамоатлар: бу ерда чинакамига фаолият юритаётган ўзбек бирлашмалари йўқ

22.06.2006 16:53 msk

Н. А. Зотова

© Samarkand-foto.ru сайтидан олинган сурат

Ўзбек диаспорасининг Россия пойтахтида нақадар фаол экани ҳақидаги бу мақола билан биз Россиядаги Марказий Осиё ҳамжамиятлари турмушига бағишланган материаллар сериясини очамиз. Келажакда чоп этиладиган мақолаларда биз сизга Санкт-Петербург ва Астрахандаги, Новосибирск ва Нижний Новгороддаги ўзбек жамоатлари ҳақида сўзлаб берамиз. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан Россияга келган муҳожирлар муаммосини муҳокама қилиш бизнингча жуда долзарб масаладир. Шу сабабли биз доимий муштарийларимизни ҳамкорликка чорлаймиз. Марҳамат қилиб, йиғилиб қолган муаммоларингиз билан ўртоқлашинг. Журналистик текширишга арзирли воқеа таклиф этинг. Ўзингизнинг Россияга вақтинча ёки батамом кўчиб келишингиз ҳақида гапириб беринг, ўз муҳожирлик тажрибангизда учраган қийинчиликлар ва қувончли онлар тўғрисида айтиб беринг. Мактубларингизни МИГРАЦИЯ деган белги билан ferghana@fergananews.com манзилига йўллашингиз мумкин.

ЭЛЧИХОНА ЖАМОАТ МУАММОЛАРИГА ЭЪТИБОР ҚИЛМАЙДИ

Аввал-бошданоқ тан олиш керакки, Москвада уюшган бир ўзбек жамоати йўқ. Россия пойтахтида элчихона ва бош консулхона мавжуд, шаҳарда бу республикадан бўлган кўп кишилар истиқомат қиладилар. Бу ерда қатор кишилар ўзбекистонликларнинг бирлашмасини тузишга кўп бора уринганлар. Аммо бу уринишларнинг бирортаси ҳам бирор самарали натижа бермаган.

Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси - ҳаддан зиёд ёпиқ ташкилот. Дипломатлар деярли биров билан учрашмайдилар, телефон қўнғироқларига жавоб бермайдилар, бошқа ходимлар билан боғланишни таклиф қиладилар ва ҳаказо. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби Марат Зоҳидовга телефон орқали ниҳоят боғланиб, ўзбекистонликлар Москвада, Россияда қандай бирлашаётганлари ҳақида интервью олишни истаганлигимизни маълум қилдик ҳамда бу материални тайёрлашда кўмак беришни илтимос қилдик. Бироқ шу билан бизнинг мулоқотимиз поёнига етди, чунки шундан кейин биз элчихона вакиллари билан ҳатто телефон орқали ҳам боғланишга эриша олмадик.

Айрим маълумотларга кўра, диаспора вакилларини бирлаштирувчи формал ташкилот элчихона қошида тузилган эди. Бу ҳамжамият, биринчи навбатда, «оқсуяклар» деб аталувчи зиёлиларни бирлаштиради. Бирлашманинг чинакам фаолияти ҳақида ҳалигача ҳеч нарса маълум эмас, афтидан, ташкилот хўжакўрсинга ташкил этилган. «Дейлик, улар баъзан фаолият кўрсатгандай бўлишиб, футбол ўйнаб турадилар. Ўз одамлари (муҳожирлар) билан эса улар ҳечам учрашмайдилар», - дея қайд этади Олег Белков.

ЎЗБЕК БЎЛМАГАН ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҲАМДЎСТЛИГИ

Олег Яковлевич Белков – собиқ тошкентлик, «Москвадаги ўзбекистонликлар ҳамжамияти» жамоатчилик ташкилотининг раҳбари. 2006 йилнинг мартида ҳамжамият таъсис йиғилишини ўтказиб, узоқ давом этган оворагарчиликлардан кейин Россия Адлия вазирлигидан гувоҳнома олган ва Москва Миллатлар уйида аккредитациядан ўтган. Ташкилот тузилганидан бери ўзбекистонликлар уч-тўрт маротаба учрашганлар, шу жумладан, концерт ва кўргазма уюштирганлар…

Афсуски, «Ўзбекистонликлар ҳамжамияти» ва унинг раҳбари томонидан эълон қилинган режалар ҳозирча реал фаолият билан мувофиқ келаётгани йўқ. 2006 йилнинг 14 март куни биринчи мажлисни ўтказиш чоғида Олег Белков қайд этганидек: «Биз, гарчи бу ўта муҳим бўлса-да, фақат ўзбек маданияти ва санъатига ғамхўрлик қилиш билангина чекланмоқчи эмасмиз, балки собиқ ўзбекистонликларга чинакамига ёрдам бермоқчимиз». Ҳамдўстлик режасига ўзбекистонлик муҳожирларга консультатив, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш, концерт ва кўргазмаларни, юртдошларнинг учрашувларини ўтказиш, китоблар ва даврий нашрларни чоп қилиш кирарди.

Бугунги кунда мустақил бирлашма раиси режалари бироз ўзгарганини тан олади. Олег Белков ҳамжамиятнинг асосий вазифаси Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилиш, ўз театрини ташкил этиш, русийзабон ижодкор зиёлиларни бирлаштириш деб ҳисоблайди, чунки унга кўра «фақат маданият орқали диаспорани бир жойга жам қилиш мумкин, бошқа йўл йўқ». «Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги»нинг Ўзбекистон Республикаси элчихонаси вакиллари, ўзбек зиёлилари лидерлари, меҳнат муҳожирлари ва умуман, этник ўзбеклар билан деярли алоқаси йўқ. Таклиф қилинганларига қарамасдан, этник ўзбеклар Ҳамдўстлик томонидан ўтказилган тадбирларга келмаганлар, улар бу ташкилот билан алоқа қилмайдилар. Бунинг асосий сабабларидан бири «Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги» гарчи ўзбекистонлик киши томонидан ташкил этилган бўлса ҳам, унинг рус эканлигидир, дея тахмин қилиш мумкин. Олег Белковнинг ўзи тан олишича ҳам унинг этник ўзбеклар билан алоқа қилишида муайян қийинчиликлар мавжуд, улар бир-бирларини тушунмайдилар.

Шунга қарамай, бирлашма раиси, агар миграция ҳақида муҳожирларни машруълаштиришни (легаллаштириш) осонлаштирувчи янги қонун қабул қилингудек бўлса, унинг ташкилоти ўзбекистонлик меҳмонларни тегишли органларда рўйхатдан ўтишида ёрдамлашишга тайёр эканини қайд этади. О. Белковнинг бу режалари қизиқиш уйғотади, аммо улар амалиётга татбиқ этиладими-йўқми – буни билиб бўлмайди.

Ўзбекистон «диаспора»си Интернет тизимида

Жуғрофий тамойилга кўра норасмий веб-ҳамжамиятнинг энг ёрқин намунаси «Ўзбекистон Эмигрантлари Сайти» (www.fromuz.com) бўлиб ҳисобланади. Бу лойиҳага 2003 йилда асос солинган. Айни дамда мазкур ресурс муштарийларининг кўплиги жиҳатидан муҳожирликка бағишланган рус тилидаги сайтлар орасида иккинчи ўринда ва Ўзбекистонга бағишланган ресурслар орасида ҳам иккинчи ўринда туради. «Ўзбекистон Эмигрантлари Сайти» собиқ тошкентлик Олег Даниловнинг шахсий ташаббуси билан очилган бўлиб, ресурс саҳифаларида кўрсатилганидек, «сиёсий кучлар, давлат, жамоатчилик ҳамда бошқа ҳар қандай ташкилот ва бирлашмалардан бирортасига ҳам тегишли эмас». Лойиҳанинг мақсади ҳозирда дунёнинг турли бурчакларида яшаётган ўзбекистонликларга дўстлар ва танишлар топишда ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистонни Интернет тармоғида оммалаштириш бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда расман рўйхатдан ўтган «Ўзбекистон ҳамдўстлиги» ташкилотидан ташқари ўзбекистонликларнинг Москвада, юқорида қайд этилганидек, бирлашмалари йўқ. Шунга қарамай, «Умид» жамияти (Санкт-Петербург) раҳбари А. Д. Ҳайдаровга кўра, бирлашмалар тузишга бир неча маротаба уринилган. Ҳайдаровнинг айтишича, унга «Москвадан ҳар турли кишилар» маслаҳат сўраб бир неча бор мурожаат этганлар. Алижон Жаҳонгирович ҳамюртлар ташкилотини тузиш бўйича уларга маслаҳат билан ёрдам беришга тайёр эди ҳамда Москвада «Умид»нинг ҳудудий бўлимини очиш бўйича музокаралар олиб боришни таклиф қилганди. Охирги пайтда унга Халқлар Дўстлиги университетидаги ёшлар жамияти тузишни режалаштирган ўзбекистонлик талабалар мурожаат қилган эканлар. Бироқ ташаббускор гуруҳларнинг бирортаси ҳам дастлабки маслаҳатлашишдан нарига ўтмаганлар.

Москвадаги ўзбек диаспораси ва меҳнат муҳожирлари учун «Ўзбегим» газетасининг чоп этилиши анча қизиқарли лойиҳа бўлиб ҳисобланади. Газета ўтган йилнинг кузидан бошлаб ўзбек ва рус тилларида нашр этилмоқда, ҳозиргача унинг бешта сони чиққан. Унинг бош муҳаррири – адабиётчи Улуғбек Далиев, ношири – тадбиркор Ҳабиб Абдуллаев. Лойиҳанинг Uzbegim.ru деган веб-сайти ҳам очилган бўлиб, унда фақат чоп этилган сонларнинг материалларигина эмас, бошқа бўлимлар ҳам, жумладан, форум ҳам бор. Газета бунёдкорлари жамоаси атрофида аста-секин ўзбекистонликлар ҳамжамияти (улар этник ўзбек ва русга ажратилмайдилар), Ўрта Осиёда бўлган ёки унга қизиққан кишилар ҳамжамияти шаклланиб бормоқда.

ТОЖИКИСТОНЛИК ЎЗБЕКЛАР БЎЛАДИГАН ИШНИ ҚИЛАЯПТИЛАР

Нафсиламрини айтганда, Москвадаги ўзбекистонликлар бирлашмалари ҳақида гапириб бериш мумкин бўлган нарсанинг бори шу. Бироқ яна бир қизиқарли ташкилот – тожикистонлик этник ўзбеклар ташкилоти ҳам бор. Шу ўринда ташкилот тарихига оид икки оғиз сўз: шаҳарда тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш маркази - «Тожикистон жамғармаси. Муҳожирлик ва ҳуқуқ» ташкилоти мавжуд бўлиб, жуда самарали иш олиб боради. Жамғарма фаолиятига Сорос жамғармаси ҳомийлик қилади, уларга жуда кўп мурожаатномалар келиб тушади. Ташкилотнинг малакали юристлари, врачлари ва бошқа ходимлари ёрдами жуда самаралидир. Жамғарма меҳнат муҳожирларининг миллатига қарамайди, аммо мурожаатномаларнинг кўпи этник тожиклардан келиб тушади. Яқинда Жамғармага тожикистон ўзбекларининг норасмий барлашмаси лидери ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бу бирлашма «Бўстон» деб аталади. У расман ҳеч қаерда рўйхатдан ўтган эмас. Бирлашма лидери 1999 йилдан бери Москвада яшайди, даставвал қурилишда ишлаган. Бир ярим йилдан буён эса у кўплаб ҳамюртларининг «муаммоларини ҳал қиладиган одам»га айланган. Мамадсаид Ўрозалиевич Барлосовнинг ўзи этник ўзбек бўлгани учун унинг атрофида кўпроқ ўзбеклар йиғилганлар, гарчи у миллат ажратмаса ҳам.

У анча муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин: Москвага келганларни кутиб олиш, турар-жой қидириш, ишга жойлаштириш, дастлабки вақтларда пул билан ёрдам бериб туриш, ишлаб топилган пулларни уйга юбориш, милиция томонидан қўлга олинган муҳожирни тезда «чиқариб» олиш учун пул бериб туриш ва ш. к. Жиддийроқ муаммолар туғилган пайтда (масалан, муҳожир касалхонага тушиб қолса ва ш.к.) бирлашма «Муҳожирлик ва ҳуқуқ» марказига ёрдам сўраб мурожаат қилади. «Бўстон» раҳбарининг таъкидлашича, Москвада асосан тожикистонлик ёшлар муаммо туғдирадилар. Биринчи сафар улар бир тийинсиз келиб олишлари, русча тугул «ўз она тилларини ҳам» билмасликлари мумкин, - дейди М. Барлосов.

Шубҳа йўқки, «Бўстон» норасмий ташкилоти унинг лидери М. Барлосовнинг воситачилик фаолиятидан юзага келган, чунки у ҳамюртларига текинга хизмат кўрсатмайди. Бироқ бу Москвадаги ўзбеклар ҳақиқатан ишлайдиган ташкилот тузганларига мисол бўла оладиган бир намунадир. Тахмин қилиш мумкинки, тожикистонлик ўзбеклар ташкилотининг тузилганлиги биринчи навбатда муҳожирлик тармоқларининг ишлаш феномени билан боғлиқ.

Тожикистондан муҳожирларнинг келиши шу қадар кенг қамровли ҳодисаки, бунинг натижасида Москвада ҳозирнинг ўзида тожикистонликларнинг бир қатор расмий ва норасмий ташкилотлари фаолият юритмоқдалар. Бундай ташкилотларнинг тузилиши ва фаолият юритишида Тожикистон расмийлари томонидан аҳолининг Россияга меҳнат муҳожири сифатида кетаётганлиги муаммосининг давлат миқёсида тан олиши, мазкур масалалар муҳокама қилинаётганлиги, давлатлар ўртасида икки томонлама шартномалар тузилганлиги ҳам катта роль ўйнайди.

Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ ҳолатларда эса бундай ҳодисалар юз бераётгани йўқ. Давлат бу муаммони «кўрмайди» ва муҳокама қилмайди, элчихоналар бу мавзу юзасидан ҳеч нарса демайдилар. Москвада ўзбекистонликларнинг ҳақиқатан ҳам ишлайдиган бирлашмаларининг йўқлиги ҳам бунинг билвосита натижаси бўлиб ҳисобланади.

Муаллиф ҳақида:

Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институти илмий ходими. Москвада яшайди.