18:58 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон оммавий воситаларига ҳар қандай портлашларни кўрсатиш махфий тарзда маън қилинган

22.06.2006 14:10 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

«Фарғона.Ру» ахборот агентлигига маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан маҳаллий телевидение орқали ҳар қандай портлашлар ва ёнғинларни кўрсатишга, маҳаллий газеталар саҳифаларида шу каби фавқулодда ҳолатлар ҳақида хабар беришга махфий таъқиқ жорий этилган. Бундай кўрсатма ҳукуматнинг айнан қайси мансабдоридан чиққани ҳозирча маълум эмас. Бироқ бу каби «қарор»ни астойдил бажаришга иштиёқ кўп ўтмай намоён бўлди.

Тошкентдаги АЁҚШ портлагандан кейинги ҳолат. 2006 йил, 13 июньФарғона.РУ АА фотоси
Тошкентдаги АЁҚШ портлагандан кейинги ҳолат. 2006 йил, 13 июнь. Фарғона.РУ АА фотоси"
Ўтган сешанба куни «Тошкент» давлат телеканали орқали маҳаллий вақт билан соат 22.15 да Эльдар Рязановнинг «Италияликларнинг Россиядаги ғаройиб саргузаштлари» номли машҳур комедияси намойиш этилди. Ушбу фильмда кичкина бир лавҳа бор: «мафиячи» поезд ойнасидан тутаб турган сигарани ташлаб юборади, сигара эса ғайритабиий доиралар ясаб, торпеда сингари автомобилларга ёнилғи қўйиш шаҳобчасига тушиб, даҳшат билан портлайди.

Бу машҳур фильмнинг Ўзбекистондаги версиясида мазкур лавҳа эндиликда йўқ. Тошкентлик томошабинлар энди «мафиячи» сигарани ташлаганидан кейин куюкдан юзлари қорайган бош қаҳрамонлар ўт ўчириш машинаси нарвони устида ғизиллаб кетаётган кадрни кўрадилар. Натижада бу эски фильмни яхши билганларнинг ҳам, уни биринчи маротаба кўраётан томошабинларнинг ҳам юзларида қаттиқ таажжуб аломати акс этади.

«Ёнғинга қарши цензура» маҳаллий газеталарда ҳам мавжуд. Матбуотга фақат Ўзбекистон ҳудудидагина эмас, дунёнинг исталган мамлакатидаги ҳар қандай портлашлар ҳақида ахборот тарқатиш мутлақо таъқиқланган. «Фарғона.Ру» ААнинг марказий газеталар таҳририятларидан бирида ишловчи манбасига кўра, бу таъқиқ расмийларнинг республика ҳудудида атайин портлашлар бўлишидан «маҳаллий халқ шунга ўхшаш ҳодисалардан илҳомланмасайди» дея қўрққанлари учун жорий қилинган.

Тошкентдаги АЁҚШ портлагандан кейинги ҳолат. 2006 йил, 13 июньФарғона.РУ АА фотоси
Тошкентдаги АЁҚШ портлагандан кейинги ҳолат. 2006 йил, 13 июнь. Фарғона.РУ АА фотоси"
13 июнь куни Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесида содир бўлган кучли портлаш ҳақида Ўзбекистондаги бирор газета ҳам ёзгани йуқ, гарчи эртасига бу фавқулодда ҳолат ҳақида бутун пойтахт билган бўлса-да. Мазкур портлаш натижасида расмий маълумотларга кўра бир неча киши жароҳатланган, «Фарғона.Ру»нинг милиция доираларидаги манбасига кўра эса, ўнлаб киши ҳалок бўлган.

Маҳаллий газеталар бир неча кун олдин Наманган ва Учтепа туманидаги АЁҚШларда содир бўлган портлашлар ҳақида ҳам лом-мим демаганлар.