18:18 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонлик исёнчилар раҳбари Қобул Парпиев 13-май воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилиши тарафдори эканини маълум қилди

30.06.2005 22:20 msk

Ўз ахборотимиз

Андижонлик исёнчилар раҳбари Қобул Парпиев 13-май куни Андижондаги митингда иштирок этганлар ва Қирғизистондаги қочоқлар жамлоғида яшаётганларнинг “Ҳизб–ут–Таҳрир”, Ўзбекистон (Туркистон) Исломий Ҳаракати, Толибон ва бошқа экстремистик–террористик гуруҳларига алоқаси йўқлигини маълум қилди. “Фарғона.Ру” агентлиги мухбири Қобул Парпиев билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Ўзбек матбуоти хабарларига кўра, Қобул Парпиевнинг касби инженер–механик, “Акромийлар” раҳбари Акром Йўлдошевнинг яқин дўсти. 13–май куни у Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Зокир Алматов билан телефон орқали музокаралар олиб борган. “Новости” РАА хабарига кўра, 18–май куни Зокир Алматов “жангарилар раҳбари билан музокаралар олиб боргани, музокаралар самара бермагани ва ҳарбий амалиёт пайтида жангарилар раҳбарини қўлга олиш имконияти бўлмагани” ҳақида маълумот берган. 25–май куни Ўзбекистон Ички Ишлар вазири расман Қобул Парпиев “Акромия” ташкилотчиларидан бири эканини, лекин бу борадаги жиноят ишларида унинг шахси қайд этилмаганини билдирган.

– “У ташкилот фаолларидан бири қаторида рўйхатга олинган эди”, - деди вазир.

Бугунги кунда Қобул Парпиев Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, хавфсиз жойда яшамоқда ва халқаро ҳамжамиятни мустақил тергов ўтказишга чақирмоқда.

- “Мен халқаро ҳамжамият Ислом Каримовга босим кўрсатишини талаб қиламан, 13–майдаги Андижон воқеалари мустақил комиссия томонидан тергов қилиниши лозим”, - деди Қобул Парпиев “Фарғона.Ру” агентлигига берган суҳбатида. – “Ҳозир Ислом Каримов бизни террорчилар билан ҳамкорликда айбламоқда, биз бу айбловни инкор этамиз. Мустақил комиссия масалани ўрганиб, ўз хулосасини айтиши лозим”.

Расмий Тошкент халқаро ташкилотларнинг тергов ўтказиш талабини рад этмоқда.

Қобул Парпиев Қирғизистон томонидан Ўзбекистонга бериб юборилган тўрт нафар қочоқдан бири бўлган Таваккал Ҳожиев қийноқлардан сўнг Андижон касалхонасига олиб келингани ҳақидаги маълумотни маълум қилди.

- “Таваккал Ҳожиевнинг қариндошлари унинг аҳволи жуда оғир эканини, қийноқлардан сўнг уни касалхонага олиб келишганини айтдилар”, -деди Қобул Парпиев. – “Ҳозирча унинг тирик қолишига умид йўқ”.

Ҳозирча Қирғизистонда тўрт юздан кўпроқ ўзбекистонлик қочоқ бор. Улардан 29 нафари Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибди. Ўзбекистон ҳукумати уларни Андижондаги террорчилик ҳаракатларини содир этганликда айбламоқдалар.

Инсон Ҳуқуқлари ташкилотлари қочоқлар Ўзбекистонга қайтарилса, улар қатағонларга учрашлари мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.