05:12 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг православ зиёлилари «Восток Свише» альманахининг 5 йиллигини нишонладилар

19.06.2006 14:11 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

«Восток Свише» руҳоний ва адабий-тарихий альманахи беш йил мобайнида Ўзбекистон православ зиёлиларининг севимли журналига айланди. 18 июнь куни Рус Православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси маъмурий марказида бўлиб ўтган альманахнинг юбилей тақдимоти ташкилотчилари ва иштирокчилари – дин хизматчилари ва дунёвий кишилар ана шундай ягона фикрга келдилар.

- «Восток Свише» альманахинин нашр этилиши семинаристларга, бўлажак руҳонийларнинг ўз салафлари диний мероси билан, шунингдек, православ фалсафа, шарқшунослик, Ўрта Осиё тарихи билан чуқурроқ танишишлари учун Тошкент ва Ўрта Осиё Митрополити Владимир изни билан бошланганди, - деди альманах таҳрир ҳайъати аъзоси, Тошкент диний семинарияси проректори Сергий Стаценко. – Лекин тез орада альманахнинг фаолият доирасини кенгайтириш кераклигини англадик. Археология, ўлкашунослик, Ислом тарихи ва фалсафаси бўйича жиддий мақолалар пайдо бўлди. Адабий рукн ҳам ривожлана борди.

Альманах муҳаррири, тошкентлик адабиётчи Алексей Устименкога кўра, «Звезда Востока» журнали сўниб битганидан сўнг унинг собиқ муаллифлари ўз қўлёзмаларини «Восток Свише»га олиб кела бошлаганлар.

«Восток Свише» альманахи таҳрир ҳайъати аъзоси ва доимий муаллифи протоиерей Пахомий Лай. Фарғона.Ру фотоси
«Восток Свише» альманахи таҳрир ҳайъати аъзоси ва доимий муаллифи протоиерей Пахомий Лай. Фарғона.Ру фотоси

Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, альманах доимо православ мафкураси қобиғига риоя қилиб, услуб, тил ёки сюжет жиҳатдан ўз доирасига сиғмаган мақолаларни чоп этмай келган. Аммо ҳатто ёш адабиётчилар учун ҳам черков цензураси ўз-ўзини цензура қилиш ёки дунёвий нашрларнинг сиёсий конъюнктурасидан кўра мақбулроқ бўлиб чиқди. «Малий шелковий путь» альманахи ноширларидан бири Вадим Муратхановнинг «Восток Свише» доимий муаллифларидан бири бўлиб қолиши ҳам бежиз эмас. Бу ерда Кирилл Султановнинг постмодернистик эстетика ва драматургиянинг барча «қоидалар»ига кўра битилган эсселарини чоп қилишда давом этмоқдалар. Шу тариқа, Православияни ўзига руҳоний асос қилиб танлаган Ўзбекистондаги рус зиёлилари ўзларининг ижодий майдонларига эга бўлдилар.