14:01 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари: аҳолини кетиш тараддуди чулғаб олган

19.06.2006 11:44 msk

Игорь Шестаков, эксперт (Бишкек)

Республика иқтисодий аҳволи барқарорлиги мавзуси юзасидан қирғизистонлик экспертларнинг яқиндагина ўтказилган тадқиқоти маълумотлари ҳорижда ишлаётган мамлакат фуқаролари томонидан йил сайин юбориладиган пуллар 200 миллиондан 500 миллион долларгача бўлган маблағни ташкил этишини кўрсатди. Бироқ экспресс пул ўтказиш йўли орқали Қирғизистонга келаётган пулларнинг ҳақиқатан қанчалигини, одатда, ҳеч ким билмайди.

Савдои-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси раҳбарларининг баҳорда бўлиб ўтган биринчи иккитомонлама учрашувида республика бош вазири Феликс Қулов чет элда ишлаётган қирғизистонликларнинг ҳар йили ўз ватанларига 400 миллион доллар ўтказаётганликларини билдирганди. Юз миллионлаган нақдина валюта эндиликда фақат қариндошларни қўллаш учун эмас, балки бутун бошли шаҳар ва қишлоқларни қўллаш учун келиб тушмоқда. Улар фақат собиқ ССЖИнинг турли шаҳарларида ишлаётган қариндошлари ҳисобидан кун кечирмоқдалар.

Ўттиз уч ёшли бишкеклик Мақсат (унинг илтимосига кўра исм ўзгартирилган) воқеаси қирғизистонлик гастарбаётерларнинг кўпчилиги учун хос. У дўстининг қистови билан Олмаота яқинидаги жойга борган. Уч ой ёз мавсумида спорт маркази қурилишида ишлаб келиш таклифи ўта манфаатлидай кўринганди. Бироқ Мақсатнинг ойлиги ваъда қилинган 500 доллар ўрнига ҳаммаси бўлиб 25 долларни ташкил қилди. «Хайриятки, паспортимизни қайтариб олдик ва Қозоғистон муҳожирлик полицияси қўлига тушмадик. Зиддият иш берувчиларимиздан ҳар ойда маош тўлаб туриш ва шароитни яхшилашни талаб қилганимиз туфайли келиб чиқди», - дейди Мақсат. Қирғизистонликлар «корхона ҳисобидан» кунда бир маҳал овқатланганлар. Мақсатга кўра, «10-12 соатлик иш учун қозоғистонлик қурувчилар камида минг доллар ойлик, уч маҳал бепул овқат талаб қилардилар».

Шунга қарамай,Мақсат ҳатто аччиқ тажрибага эга бўлса-да, Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетишга астойдил ниятланган. «Барибир бу ерда муносиб иш йўк ва афтидан, бўлмаса ҳам керак. Ҳаммаёқда сиёсий тортишувлар, иқтисодни ўйлашни эса ҳеч ким хаёлига келтирмаяпти», - дея қайд этади у.

Республикада ўтказилган сўров ва тадқиқотлар «ғурбат»да ишлаб топилган пуллар ҳисобидан одамлар озиқ-овқатлари сифатини яхшилашга, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдалана олиш имкониятига, маиший шароитларини анча яхшилаб олишга эришганларини кўрсатади.

2005 йилдаги расмий маълумотларга кўра, қирқ мингга яқин қирғизистонлик Россия ва Қозоғистонга кетиш учун ўз ватанларини ташлаб кетганлар. Ҳукумат мажлисларидан бирида мазкур кўрсаткичлар муҳожирлик эмас, аҳоли кўчиши (эвакуация) ўлароқ баҳоланган. Бутун республика бўйлаб тарқалган миграцион тўлқинни қатор таҳлилчилар Қирғизистонда иш ва сиёсий барқарорлик йўқлиги билангина эмас, уларнинг Россияда янги президент сайловларигача у ерда легаллашиб олиш истаги билан ҳам изоҳлайдилар. Кремль томонидан Қирғизистон томонга меҳнат муҳожирлари учун берилган имтиёзлар бекор қилиниб қолса, нима қиламиз? – дея савол ташлайдилар чиройли ризқ тилаган Қирғизистон фуқаролари.

Ишсизлик даражасининг юқорилигига қарамасдан мамлакат иқтисодиётининг кўп жабҳаларида профессионаллар етишмаяпти. Энергетика соҳасида кадрлар етишмаслиги жуда сезилачпти, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари керак бўлаяпти. Расмий статистикада кўрсатилишича, пул топиш учун чет элга чиқиб кетаётганларнинг 90 фоизи 19 ёшдан 45 ёшгача бўлганлардир. Улардан қарийб 50 фоизи олий маълумот ҳақидаги дипломга эгалар. Мазкур демографик кўрсаткичлар қирғизистонликлар Россия Федерациясига фақат қора ишчи сифатида эмас, мартаба талабида ҳам кетаётганликлари ҳақида гувоҳлик беради. «Россиянинг турли ҳудудларида МДҲдан келаётган фуқароларнинг касбий лаёқати юзасидан бир неча марта социологик тадқиқотлар ўтказилган. Ишга нисбатан ҳалол ва профессионал муносабат юзасидан энг юқори ва ижобий баҳолар қирғизистонликларга берилган», - дея қайд этади республика славян жамғармаси раиси Валерий Вишневский. Унга кўра, русийзабонлар муҳожиротининг чўққиси 1994 йилдаёқ ўтиб кетган. Охирги йилларда кетиш тараддудига тушиб қолганларнинг аксариятини туб аҳоли ташкил қилади.