05:34 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Озодлик» радиоси ўзбек хизматининг журналистлари Дэвид Бурке номидаги мукофотга сазовор бўлдилар

16.06.2006 15:51 msk

Д. Кислов

Суратда: мукофот топшириш пайти

«Озодлик» радиоси ўзбек хизматининг ўн олти журналисти Дэвид Бурке номидаги мукофотга сазовор бўлдилар. Мазкур мукофот АҚШ Радиоузатувлар бўйича Бошқарувчилар Кенгашининг собиқ раиси Дэвид Бурке номи билан юритилади. Пул ифодасига эга бу мукофот оғир ва ҳавфли шароитларда ишлаш пайтида дадиллик ва жасорат кўрсатган журналистларга берилади. Бу ерда «ҳавфли шароит» дейилганда билвосита «Андижон воқеалари» назарда тутилади, бу воқеалар пайтида ва улардан кейин Ўзбекистон расмийлари ҳудуддан берилажак ахборотни қаттиқ назорат остига олгандилар, журналистлар эса таъқиб-тазйиқларга учрагандилар.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги расмий алоқаларнинг кескин совиб кетиши жорий йилнинг январь ойида «Озодлик» радиоси Тошкент бюросининг ёпилишига ҳам олиб келганди.

2005 йилдаги иш учун Д. Бурке номидаги мукофотга «Озодлик» радиоси Тошкент бюросининг қуйидаги журналистлари сазовор бўлди:

Прагада мукофот топшириш пайти. Суратни
Прагада мукофот топшириш пайти. Суратни "Озодлик" радиоси тақдим қилди
Прагада мукофот топшириш маросими Чехия собиқ парламенти биносида бўлиб ўтди.

Ғофуржон Йўлдошев (Gafurjan Yuldashev)

Садриддин Ашуров (Sadriddin Ashurov)

Носир Зокиров (Nosir Zokirov)

Элмурад Жусупалиев (Elmurad Jusupaliyev)

Абдувоҳид Ҳаитов (Abduvohid Haitov)

Феруза Жўраева (Feruza Jurayeva)

Барно Исақова (Barno Isakova)

Меҳрибон Бекиева (Mehribon Bekiyeva)

Ҳуснитдин Қутбиддинов (Khusnitdin Kutbiddinov)

Фармуда Муродова (Farmuda Murodova)

Ҳамроқул Қаршиев (Khamrokul Karshiyev)

Робия Мирзааҳмедова (Robiya Mirzaahmedova)

Гуласал Камолова (Gulasal Kamolova)

Лобар Қайнарова (Lobar Qaynarova)

Муҳиддин Абдурасулов (Muhiddin Abdurasulov)

Фарҳод Ҳазратқулов (Farhod Hazratkulov)

Мазкур мукофот ҳақида батафсилроқ маълумот олиш учун «Фарғона.Ру» АА бош муҳаррири Даниил Кислов «Озод Европа/Озодлик радиоси» Президенти в. б. Жэф Тримбл (Jeff Trimble) билан боғланди. Жэф Тримбл бу лавозимда 2005 йилнинг октябридан бери ишлаб келади.

Фарғона.Ру: - Жаноб Тримбл, мен бу мукофот ҳақида на Москванинг ва на Ўзбекистоннинг бирор газетасида ҳам маълумот учратмадим. Бу қандай мукофот?

Жеф Тримбл: - АҚШдаги Губернаторлар Кенгашининг биринчи раиси Дэвид Бурке таниқли ва тажрибали журналист бўлган. У CBS бош муҳаррири лавозимидан кетганидан кейин оғир шароитда ишлаган жасоратли журналистлар учун мазкур мукофот таъсис этилганди. У АҚШ халқаро радиоузатуви журналистларига йил сайин топширилади. Бу йил мазкур мукофотни ўтган йил давомида қилган меҳнатлари учун, айниқса, Андижондаги воқеалар ҳақида тайёрлаган репортажлари учун радиостанциямизнинг Тошкент бюроси журналистларига топширишга қарор қилинди.

Фарғона.Ру: - «Озодлик» радиосининг Тошкент бюроси ўтган йилнинг декабрь ойида ёпилганди…

Жеф Тримбл: - Аслида, охирги қарор шу йилнинг январида чиқарилган. Бу жуда мураккаб жараён бўлганди ва бу биз учун қайғули қарор бўлганди. Биз журналистларимизнинг Ўзбекистонда аккредитацияланган мухбирлар сифатида нормал шароитда ишлашларини истагандик. Аммо биз ўтган йилги воқеалардан кейин Ўзбекистон ҳукумати босими туфайли журналистларимизнинг ҳавфсизлиги учун хавотирга тушдик.

Фарғона.Ру: - Бу мукофот пуллими?

Жеф Тримбл: - Унча катта бўлмаган пул ифодасига эга. Менга унинг аниқ қийматини билмайман, аммо бир неча юз доллар бўлса керак. Энг асосийси, мукофот АҚШ халқаро радиоузатуви губернаторлар кенгаши қўлловини намойиш этади. Губернаторлар кенгашида Америка Қўшма Штатлари президенти томонидан тайинланган таниқли шахслар бор. Бу журналистларнинг ишига президентнинг ўзи ва Конгресс эътибор билан қарайди.

Фарғона.Ру: - Демак, бу деярли давлат радиосининг ходимлари тақдирланадиган давлат мукофоти эканда?

Жеф Тримбл: - Губернаторлар кенгаши мустақил агентлик бўлиб ҳисобланади ва Кенгаш аъзолари ўз ихтиёрлари билан қарор қабул қиладилар. Шу сабабдан ҳам буни давлат мукофоти дейиш тўғри бўлмайди.

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, бу мукофот ҳокимиятдаги шахсларнинг расмий позициясини акс эттирадими?

Жеф Тримбл: - Мен барибир бу мукофот Америка ҳукуматининг қанақадир расмий позициясини акс эттиради, деёлмайман. Аксинча, бу агентлик мустақил бўлиб ҳисобланади. Бунда Давлат департаменти ёки Оқ Уйнинг қарори аралашмаган. Мен яна бир маротаба такрорлайманки, бу АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга ёки хусусан, Андижонга нисбатан расмий позициясини акс эттирмайди. «Озодлик» радиоси ҳам мустақил, мутлақо нодавлат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Бу хусусий нотижорат фирмаси. Биз Америка ҳукумати позицияси ёки расмий қарашларини ҳечам ифодаламаймиз.

Фарғона.Ру: - Сизни ва Сизнинг ҳамкасбларингизни ушбу нуфузли мукофот билан табриклашга рухсат этинг!

Жеф Тримбл: - Катта раҳмат!

Фарғона.Ру: - Охирги пайтларда Ислом Каримов Ғарбда алоқачилар қидираётганлиги ва АҚШдаги таъсирдор кучлар билан охиригача алоқаларни узиб ташлаш ниятида эмаслиги ҳақида тез-тез гапира бошладилар. Мистер Тримбл, Сиз нима деб ўйлайсиз, бюроингиз Ўзбекистонда қайта иш бошлай олармикан?

Жеф Тримбл: - Мен Россия, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида парда ортида нималар бўлаётганлиги ҳақида маълумотга эга эмасман. Мен бу миш-мишлар ҳақида умуман ҳеч нарса билмайман. Тошкентдаги бюрога келсак, мен албатта Ўзбекистонда қайтадан бюро очиш имкониятига эга бўлишимизни истардим. Журналистларимиз ҳар доим мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни тўлақонли тарзда ёритадилар. Бу бизнинг микрофонларимиз Ўзбекистон ҳукумати расмийлари учун ҳам очиқлигини англатади. Биз уларнинг бизнинг эшиттиришларимизда иштирок этишларини, Ўзбекистондаги барча овозлар – (мамлакат ичидаги ва ҳориждаги) мухолифатнинг ҳам, расмийларнинг ҳам – бизга келишини истаймиз. Ўзбекистонда ишнинг қайта бошланиши биз тарқатаётган ахборот ва ишимизнинг холислиги фойдасига бўларди, холос. Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назаридан туриб қаралса, уларнинг фикрлари ва қарашлари бизнинг эшиттиришларимизда бўлиши расмийларнинг фойдасига бўларди. Мен журналистларимизнинг Ўзбекистонда очиқ ишлашларидан Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор бўларди, деб ҳисоблайман.

Фарғона.Ру: - Марҳамат қилиб, «Озодлик» радиосини судга берган Раҳматжон Қўлдошев билан боғлиқ воқеани изоҳлаб берсангиз. Бу муаммо қандай ҳал қилинаяпти?

Жеф Тримбл: - Ҳар қандай профессионал ташкилот қатори биз ҳам ходимларимиз билан боғлиқ ҳолатларни очиқ муҳокама қилмаймиз. Бу Ғарбдаги нормал амалиёт. Шунинг учун ҳам мен буни шарҳлай олмайман.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги радиоингизга қарши тажовузкор ҳужумга муносабатингиз қандай?

Жеф Тримбл: - Балки бу ғалати туюлар, лекин мен бу ҳужумни хушомад ўлароқ қабул қиламан. Демак, биз улар учун қандайдир ҳавф-хатар туғдирар эканмиз. Аслини олганда, биз ҳеч қандай ҳавф-хатар туғдирмаяпмиз, шунчаки профессионал журналист ишини қилаяпмиз, холос. Аммо агар улар [Ўзбекистон расмийлари назарда тутилмоқда - «Фарғона.Ру» изоҳи] буни ана шундай қабул қилаётган бўлсалар – нима ҳам қила олардик… Биз ҳар қанақа ҳужумларга қарамай ишлашда давом этамиз.