17:01 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Охирги уч йил ичида Самарқандда кўчмас мулк беш-олти баробар қимматлади

16.06.2006 10:25 msk

Диёр Сўғдиев

© «Самарқанд фотосуратларда» сайтидан олинган сурат

Ўзбекистондан муҳожирларнинг чиқиб кетиши Совет Социалистик Жумҳуриятлари Иттифоқи тарқаб кетиши биланоқ бошланган. Ерли бўлмаган миллат вакиллари «тарихий» ватанларига қараб ошиқа бошлаганлар.

БУ ҚАНДАЙ БОШЛАНГАНДИ

Табиийки, бу жараён турар-жойларни жадал суратда анча нопрофессионал тарзда сотила бошлагани билан характерланади. Самарқандда яшовчи, бозор муносабатлари қонунларидан мутлақо бехабар кишилар стихияли кўчмас мулк бозорини ташкил этгандилар. Улар кўпинча турар-жойнинг ҳақиқий қиймати ҳақида юзаки тасаввурларга эга бўлган ҳолда ўз уйларини сотиб кета бошлагандилар. Кимдир яхши жиҳозланган уйини арзимаган пулга сотган, кимдир эса бўм-бўш, бунинг устига таъмирталаб уйини қимматроққа пуллашга эришганди. Таққослаш учун ҳақиқатда бўлган мисолларни келтирамиз. Тўқсонинчи йилларнинг бошида Самарқанд темирйўл вокзали яқинидаги яхши таъмирланган, мебелли уч хонали уй бор-йўғи бир минг икки юз долларга сотилган. Ўша пайтда унча талаб катта бўлмаган «Сўғдиёна» мавзесидаги икки хонали бўм-бўш уй эса «бутун бошли» 1900 долларга сотиб олинган.

«Бу чақага Россияда нима сотиб оламан? Бир пайса ер ҳам бермайди-ку бунга!» - бу сотувчилар айтадиган асосий гапга айланганди ва аввал-бошда улар таклиф қилинаётган баҳо кўнмай турардилар. Кейин барибир нархни 2-3 баробар туширишга тўғри келарди, ахир таклиф талабдан анча юқори эди-да.

Кейинчалик, 90-йиллар охирида Самарқанддаги кўчмас мулк бозори нархлар аста-секин туша бошлади. Дейлик, кимёгарлар посёлкасида 100 долларга ҳам уй сотиб олса бўларди, шаҳар марказида эса таъмирланган уч хонали уйни 2,5 минг долларга харид қилиш мумкин эди. Бугун бу ерда бир сотих ер баъзан 3000 долларга чиқади.

БАРҚАРОРЛАШУВ ВА ЎСИШ

Ўтган аср охири ва жорий асрнинг бир неча йилида Самарқанддаги кўчмас мулк баҳоси барқарор бўлиб турди. Масалан, 2002 йилда икки хонали уйни ўртача 1000-1100 долларга сотиб олса бўларди. Уч хонали уйни эса 1500-1800 долларга берардилар. Бор-йўғи бир йил ўтгач эса нархлар бир неча баробарга кўтарилиб кетди.

Самарқанддаги кўчмас мулк агентликларидан бирида қайд этишларича, 2003 йилда савдода олатасир кузатилган. 2003 йилда биринчи кўчмас мулк агентлиги очилган, уч йил ўтиб эса уларнинг сони учтага етган.

Мутахассислар Самарқанд турар-жой бозорида бу каби сезиларли даражада фаоллашувнинг бир нечта сабаблари бор, деб ҳисоблайдилар. Биринчидан, тўқсонинчи йилларнинг бошидан бери Самарқандда давлат томонидан уй-жой қурилиши секин-аста тўхтаган. Охирги қурилган янги уйлар Университет хиёбони яқинидаги иккита кўп қаватли бино бўлди. Бу ердаги уйлар шу қадар қиммат эдики, уларни фақат жуда бой кишиларгина сотиб олишлари мумкин эди.

Иккинчидан, республикага гастарбайтерлар томонидан чет элларда ишлаб топилган жиддий миқдорда долларлар кела бошлаган. Бу маблағлар кўчмас мулкка сарфлана бошланган, шу тариқа улар нархларнинг ошишига сезиларли таъсир ўтказган. Харидорлар қиммат уйларга катта эътибор бера бошлаганлар, хусусий уйларнинг қурилиши ҳам фаоллашган…

Учинчи сабаб Самарқанднинг реконструкцияси билан боғлиқ. Маълумки, охирги йилларда бу Шарқ марвариди тўхтовсиз қайта қурилмоқда. Бу ерда тўрт йил аввал бўлганлар бугунги кунда энди шаҳарни таний олмайдилар. Оддий одам кўзига Самарқанд ўз кўринишини йўқота бошлаганга ўхшайди, ахир шаҳар қурувчиларга «ортиқча» кўринган ҳамма нарса – кўплаб каҳвахоналар, эски уйлар, дўкончалар ва ҳатто универмаглар бузиб ташланаяпти-да. Афсус-надоматларни бир четга қўйиб қайд этиш керакки, шаҳар бугунги кунда чиройлироқ, саранжомроқ, кенгроқ бўлиб қолди, Самарқанднинг машҳур обидалари – Регистон майдони, Гўри Амир, Шоҳи Зинда мақбаралари энди тўрт томондан бемалол кўзга кўринади.

Катта йўл ёқасида жойлашган кўплаб турар-жойлар бузилиб кетганлиги сабабли шаҳарнинг бошқа мавзеларида жойлашган уй-жойга бўлган талаб ошди.

БУГУНГИ ВАЗИЯТ

Ўтган йиллар билан солиштирганда бугунги кунда Самарқанд кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф пропорционал равишда ўсмоқда. Самарқанддаги кўчмас мулк бўйича риелторлик агентликларидан биридан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда бир хонали уй тўрт мингдан етти минггача, икки хонали уй 6 мингдан 10 минггача, уч хонали уй эса 8 мингдан 15 минг долларгача туради (Университет хиёбони яқинида эса 35 минг долларгача чиқади). Тўрт хонали уйларни эса 10 мингдан 20 минг долларгача таклиф қилмоқдалар. Ҳовлилар эса яна ҳам қиммат туради.

Энг арзон уйлар охирги қаватдаги уйлардир. Кўп қаватли уйларнинг томидан одатда чакки ўтади, бундан ташқари, кўпинча лифт ишламайди. Агар пастки қаватдаги уйлар учун, айтайли, 15-20 минг доллар сўрасалар, тўққизинчи қаватда жойлашган худди шундай уйни шу пулнинг учдан бирига сотиб олиш мумкин.

Гагарин кўчаси, Университет хиёбони, темирйўл вокзали, микрорайон томондаги уйларга талаб катта. Меъморчилик институти томонда ғалати вазият юзага келган. Бу мавзе энг яхши жойлардан ҳисобланади, бу ерда уйлар жуда қиммат. Аммо, шунга қарамай, бу ерда газ билан боғлиқ катта муаммо мавжуд. Уй-жойга талаб энг оз бўлган жой Супер поселкасидир: биринчидан, бу жойни экологик жиҳатдан ёмон ер деб қараш одат тусига кирган (гарчи кимё заводи 12-13 йилдан бери ишламаётган бўлса-да), иккинчидан, шаҳар марказидан узоқ (гарчи охирги йилларда транспорт билан боғлиқ аҳвол анча яхшиланган бўлса-да).

Охирги пайтларда нархлар ошиб кетгани учун аҳолининг харид қобилияти сусайган, бу мутахассисларнинг кузатишларига кўра, уй-жойга бўлган талабнинг пасайишига олиб келган. Умуман олганда эса кўчмас мулк бозоридаги авж савдо август-сентябрь ойларига тўғри келади, бу пайтда ёзда чет элга пул топиш учун кетганлар оммавий равишда қайтадилар ва ўзларининг йиққан пулларини сақлаб қолиш учун кўчмас мулк сотиб олишга шошиладилар. Шунингдек, февраль ойида ҳам баҳоргача уй сотиб олиб, ёзда таъмирлаб олишга улгуриш учун савдо-сотиқ авж олади.

ИЖАРАГА ТАЛАБ – ЙИЛ БЎЙИ БИР ХИЛ

Аниқланишича, Самарқандда уй-жойни ижарага олишга талаб қишда юқорироқ бўлади: газ йўқлигидан безиллаган бошқа мавзеда яшовчи кишилар газ муаммоси бўлмаган ёки аниқроғи, бу муаммо ўта кучли бўлмаган жойлардаги бўш уйларни 4-5 ойга ижарага олишга ҳаракат қиладилар.

Ёзда кўпчилик шаҳардан кетади: кимдир пул топишга боради, кимдир дала ҳовлисига кетади, кимдир ҳовлисига қайтади. Ёз мавсумида жиҳозланган уйларга талаб ошади, бу сайёҳлар келиши билан боғлиқдир. Бўш уйни ойига 35 доллардан, мебелли уйларни эса 100 дан то 500 долларгача ижарага беришади.

Ижарага берилувчи уйлардаги хоналарнинг қанча бўлиши нархга унча катта таъсир кўрсатмайди. Офис учун мўлжалланган уйлар баландроқ нархда ижарага берилади.

РОССИЯДАН ВА ТУРИЗМДАН УМИД

Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатлари яхшиланиши Самарқанд кўчмас мулк мутахассисларида катта умид уйғотмоқда. Балки улар шаҳардаги фабрика ва заводлар қайта ишга тушиб, Самарқандга иш излаб келувчилар сонини кўпайтиради ва бу уй-жойга бўлган талабни оширади, деб орзу қилаётгандирлар.

Бундан ташқари, Самарқандни саёҳат маркази сифатида тараққий этиши истиқболи ҳам кўнгилларга илиқлик беради. Шунинг учун ҳам бугунги кунда бу ерда саёҳат бизнеси билан боғлиқ бўлган ҳамма жой – ресторанлар, каҳвахоналар, меҳмонхоналарга айлантирилган уйларни кўпроқ сотиб олмоқдалар. 2010 йилда Самарқанд «дунё миқёсидаги саёҳат шаҳри» мақомини олиши кераклиги ҳақидаги норасмий маълумотларга таянган ҳолда бу ердан ҳатто тошкентлик ишбилармонлар ҳам кўчмас мулк сотиб олмоқдалар. Самарқанддаги уйларнинг кўпинча пойтахтдаги уйлардан ҳам қимматроқ туриши бир қадар шу билан ҳам изоҳланади.



 

Реклама