08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда номаълум сабабларга кўра бирданига бир нечта АЁҚШ портлаб кетган

14.06.2006 14:01 msk

Алексей Волосевич

Кеча Тошкентда эрталаб соат ўнларда Қўйлиқ мавзеида автомобилларга ёнилғи қуйиш шоҳобчаси портлаган. Қурбонлар бор. Гувоҳларга кўра, ўнлаб кишилар ҳалок бўлган, бироқ воқеа содир бўлган жойда ишлаётган милиция ва прокуратура ходимлари ҳалок бўлганлар борлигини инкор этмоқдалар. Айни пайтда «Ўзавтойўл» концерни берган расмий маълумотларга кўра, камида тўртта одам ҳалок бўлган.

Портлаган АЁҚШ Қўйлиқ бозоридан бор-йўғи икки юз метр нарида, шаҳарлараро йўналишда қатновчи таксичилар тўхтаб турадиган жойга яқин ерда жойлашганди. АЁҚШнинг орти эски-туски нарсалар сотилувчи лўли бозорга уланиб кетади.

Воқеа содир бўлган жойга келгач, мен ёниб битган шоҳобча қолдиқлари милиция томонидан ўраб олинганини, у ерда ИИВ ва прокуратура ходимлари текширув ишларини олиб бораётганларини кўрдим. Воқеа жойида ёниб кетган машиналар ва цистерналарнинг қолдиқлари кўзга ташланиб турарди. Ўзини мазкур АЁҚШ чилангари деб таништирган киши эрталаб у ерга пропан тўлдирилган машина қўйганини ва бозорга кетганини, бозордан қайтаётганда эса портлашни кўрганлигини – унинг машинаси портлаб кетганини маълум қилди. У неча киши ҳалок бўлганини билмас экан, лекин унга кўп одамлар касалхонага етказилгани, улардан баъзиларининг аҳволи жуда оғир экани маълум экан.

Фарғона.Ру АА фотоси
Фарғона.Ру АА фотоси
Аниқлашимча, ҳаммаси бўлиб бир неча портлаш содир бўлган экан. Улардан бири шуки, қандайдир оғир буюм (айримлар уни цистерна, бошқалар эса тиркама дейишди) икки йўл устидан учиб ўтиб, 150 метр нарига бориб тушган. У тўққиз қаватли бино бурчагини ёнлаб асфальт йўлга тушган ва асфальтни эзиб юборган. Ҳозир уни олиб ташлаганлар, у ерда фақат ўйиқ жой қолган, холос.

- Анави тўққиз қаватли уйни кўряпсизми? – деди менга қўшни уйда турадиган воқеа гувоҳи. – Мен шовқинни эшитиб, ойнадан қарадим – портлашдан чиққан олов манави тўққиз қаватли бинодан икки баробар баланд эди!

- У ерда одамлар қип-яланғоч югуриб юрардилар, уларнинг устларидаги ҳамма кийимлар ёниб битганди, - дея хомуш ўртоқлашдилар ўз таассуротлари билан мавзеда яшовчи бошқа кишилар. Уларнинг ишонтиришларича, ёнилғи қуйиш шоҳобчасининг 17-20 га яқин ходими ҳалок бўлганлар. Шоҳобча ортида жойлашган лўли бозор қарийб ёниб битган. Ўтдан қорайган темир устунлар, куйиб кўмирга айланган пойабзал ва кийим-кечак уюмлари. Булар орасида бир неча ёш лўлилар сандироқлаб юришибди, улардан бири сал-пал куйган, аммо унинг жароҳатларига бир нималар билан чаплаб ташланган. Улар бизни катталар ёнига юборишди, ёши улуғроқ лўлилар портлашдан бир неча дақиқа олдин ҳаммаёқни қуюқ тутун босиб, одамлар қочиб улгурганлари учун лўлилардан ҳеч ким ҳалок бўлмаганини гапириб бердилар.

Таксичилардан бири кеча Тошкентда содир бўлган, ўз кўзлари билан кўрган фожеани тасвирлаб берди:

- Аввал у ерда нимадир пишиллай бошлади, кейин худди туман тушгандек оппоқ тутун ёйилди. Кейин кўчадаги олов у ёққа ўтди ва ҳамма нарса ёна бошлади, сўнгра эса портлаш содир бўлди. Портлаш бир неча бор такрорланди. Портлаган ерга яқин жойдан «Жигули» ўтиб кетаётган экан, ундан икки киши сакраб тушиб қолишга улгуришди, машинанинг ўзи эса ёниб кетди. Бир метр келадиган бетон тўсиқ эса портлашда «Хюндай» машинасига бориб тушди ва ундаги йўловчилар ҳалок бўлдилар. Тушдан кейин эса у ердаги тўсиқни яна тиклаб қўйдилар… Буларнинг ҳаммаси катта аланга ичида қолганди – ўт тафти жуда кучли эди, бир неча юз метр наридан ҳам сезиларди. Ўт ўчирувчилар жуда тез келдилар, аммо тиқилинчда ёнғин жойига ўта олмадилар, чунки таксичиларнинг ҳаммаси қарама-қарши ҳаракат йўналиши бўйлаб ошиқа бошлагандилар… Кейин улар бир амаллаб ўтиб олдилар ва 20-30 дақиқадан кейин ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлдилар.

Тошкент билан Фарғона водийси ўртасида қатновчи таксичилар ўтган шанба куни Наманганда ҳам бир-бирига яқин иккита АЁҚШ портлаганини, улар ҳам худди Тошкентдагидек турар-жой бинолари ёнида жойлашгани учун бу ерда ҳам қурбонлар бўлганлигини таъкидлайдилар.

Яна «Фарғона.Ру» ахборот агентлигига маълум бўлишича, сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Ўзбекистон пойтахтининг Учтепа туманида (собиқ Акмал Икромов тумани) АЁҚШда ёнилғи қуяётган пайтда «Нексия» автомобили портлаб кетган. Жабрланганлар ҳақида расмий маълумот ҳали эълон қилингани йўқ.