09:32 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Путин Каримовни қабул қилганда, Штатларда Муҳаммад Солиҳ ва мустақил журналистларни тингламоқдалар

29.06.2005 12:20 msk

Даниил Кислов

Россия ва Ўзбекистон президентларининг ҳар бир учрашуви иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва террорчиликка қарши ҳамкорликда кураш тўғрисидаги баёнотлар билан якунланади. Ислом Каримовнинг Москвага бугун бошланадиган расмий сафари “Андижон воқеалари”дан сўнг Россия ва Ўзбекистон раҳбарияти янада яқинлашганини кўрсатди. Бугунги кунда икки давлат раҳбарларини нима яқинлаштирмоқда? “Рангли инқилоб”лар хавфими, жанублик террорчиларми ёки ўз ҳукмронликларига ташқи таҳдидми?

Террорчиларга ва “бошқа хавфларга қарши кураш”, Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Александр Яковенкога кўра, бугунги кунда ҳам “Россия-Ўзбекистон сиёсий мулоқотининг асосий мавзуси бўлиб қолмоқда”. Россия Ташқи Ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги Фарғона водийсида халқ исёни эмас, террорчилик ҳаракатлари содир этилгани тўғрисидаги фикрларида қатъий турибдилар. Ислом Каримов Россия раҳбариятидан айнан мана шундай нуқтаи назарни кутган эди.

Ислом Каримов бундай маънавий қўллов учун Россия бизнесига “стратегик ҳамкорлар”га насиб қилмаган энг қулай шароитларни яратиб беришга тайёр. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, “Ўзбекнефтгаз” ва Россиянинг “Лукойл”, “Газпром” кампаниялари ўртасида имзоланган шартномада газ қазиб олиш, етказиб бериш, янги конларни топиш тўғрисида сўз боради. Шартномага кўра, бунинг учун Ўзбекистонга 2, 5 миллиард доллар миқдоридаги Россия сармояси ётқизилади.

Ғарб Каримовнинг авторитар сиёсатини танқид қилишда давом этиши икки йил аввал маълум бўлган эди. Ўзи учун оғир замонлар келишини сезган Ўзбекистон Қўшма Штатлар билан “ажралиш” жараёнини бошлади. Бундан икки ойча муқаддам Хонобод ҳарбий базасидан кўп учоқларнинг учиши таъқиқланди. Фарғона водийсида май ойида бўлган воқеалардан сўнг эса Тинчлик Корпусининг юзга яқин кўнгиллиларига мамлакатга кириш визаси берилмади. НАТО йўналишидаги халқаро кузатувчилар “воқеалар” текширувига қўйилмади, ўзбек матбуоти эса аксиламерикача кайфиятдаги мақолаларни чоп эта бошлади.

Ислом Каримовни қўллаб–қувватлаш билан Россия ҳам ким биландир алоқаси бузилишидан қўрқмайди. Путин Буш билан Андижон воқеасини муҳокама этмаган ва жанжаллашиб улгурмаган. Лекин Россия Ташқи Ишлар ва Мудофаа вазирликлари Афғонистон ҳамда Покистонга “ҳужум” қилиб улгурдилар. Бу вазирликлар ҳеч қандай далилларга эга бўлмай туриб, Фарғона водийсидаги барқарорликни бу мамлакатлар ҳудудида тайёрланган террорчилар бузаётганлари ҳақида баёнот бердилар. Геосиёсат ва йирик бизнеснинг ҳақиқати мана шундай – Россия Андижондаги ҳукуматга қарши чиқишнинг ҳақиқий сабабларидан кўз юмишга мажбур. Туркманистонда ҳам шундай бўлган эди. Журналистлар таъбири билан айтганда Россия “юз минглаб русларни газга алмаштирди”. Россия ўзбек газидан келадиган даромадни ҳисоблаш билан овора бўлиб, Андижон майдонига “ҳизбутчилар” эмас, ҳозирча россияпараст фуқаролар чиққанини “сезмаяпти”. “Акромийлар” раҳбарларидан бирининг Россия ҳукумат билан музокараларда воситачи бўлиши кераклиги ҳақидаги мурожаати ҳам эътиборга олинмади.

Россия олий доиралари ўзларини ўзбек президентининг амал курсиси қимирлаб қолганини сезмаганга олмоқдалар. Лекин Ўзбекистоннинг амалдаги президентини қувватлаган ҳолда Москва унинг ўрнига келадиган одамни қидирмаяпти, демоқлик эриш туюлади. Бир неча йилдан бери Гулнора Каримова Москвада яшамоқда. У Путиннинг маслаҳатчиси Сергей Ястржембский билан яқин алоқада. Ислом Абдуғаниевичнинг қизи президентликни мўлжалламаган тақдирда ҳам, унинг ворис эканлиги тўғрисидаги мунозаралар ўтаётганлиги аниқ ва бу мунозаралар Гулнора иштирокида ўтаётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Гулнора бугунги Ўзбекистон бизнеси ва сиёсатида катта таъсирга эга.

Москва ҳеч қачон ўзбек мухолифати билан очиқ – ойдин ёки яширин тарзда музокаралар олиб бормаган. Лекин эртами кечми бу ҳолат кутилади. Кремль ҳали бу майдондаги қўғирчоқ ва мустақил шахслар билан танишишга улгуради.

Биринчи танишув содир бўлди. Каримовнинг ташрифи пайтида “Россия сиёсатчилари ва тадбиркорлари таклифи билан” Москвага “Серқуёш Ўзбекистон” Коалицияси раҳбари Санжар Умаров ҳам келди. Бу одам сиёсат майдонида яқиндагина пайдо бўлди. Мамлакатдаги йирик “Уздунробита” уяли алоқа корхонаси асосчиси, аксилтеррор коалицияси учун ёнилғи етказиб берилишини таъминлаган ва АҚШда бир неча йил яшаган бу одам ўзини “корчалон” деб билади. Унинг ҳозирча рўйхатдан ўтказилмаган партияси (халқ ҳаракати) дастурида иқтисодий ва сиёсий соҳаларнинг барчасида ислоҳотлар ўтказилиши тўғрисида ёзилган.

“Серқуёш Ўзбекистон” Коалицияси ўзини Ўзбекистондаги ягона конструктив мухолифат сифатида таърифлайди. Умаровнинг ортида қандай кучлар турганига қарамай “корчалон” ва унинг тарафдорлари АҚШ билан ҳам, Россия билан ҳам алоқаларни узмаслик кераклигини яхши тушунадилар. Яқинда “Серқуёш Ўзбекистон” Коалицияси АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райсга “Андижон воқеалари Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукуматининг лаёқатсизлигини кўрсатгани” тўғрисида мактуб жўнатди.

Шунингдек, Вашингтонда ҳам қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. “Ўзбекистондаги бўҳрон ва вазият таҳлили”, деб номланган мунозара АҚШ Сенатида бўлиб ўтди. АҚШ Мудофаа вазирининг ёрдамчиси Мира Рикардел ўн йиллардан бери Ўзбекистон ташқарисида яшаётган мухолифатчи – “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан учрашди. Сенатда IWPRнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоевага ҳам сўз берилди. Вашингтон Ислом Каримовга расмий тергов хулосаси билангина чекланиб қолмаслигини шама қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати тазйиқи билан Тошкентдаги ваколатхонасини деярли ёпишга мажбур бўлган Галима Бухорбоева Андижондаги қатлиом ҳақида кўп нарсаларни гапириб бериши мумкин. У 12-майдан бошлаб ўша ерда эди.

Дунё икки қутбга бўлинганича қолмоқда. Россия ва АҚШ Ўзбекистондаги манфаатларини параллел равишда ўрганмоқдалар. Тошкент атрофидаги вазият Россия–Америка муносабатларига таъсир ўтказмасдан қолиши мумкин эмас. Бу минтақада катта таъсир кучига эга бўлган бу икки давлат ўзаро келиша оладиларми? Ажабмаски, мана шунга ҳаракат қилаётган бўлсалар. Ислом Каримов эса ҳали истеъфога кетишга шошилмаяпти. Ўзбекистон атрофида халқаро фитна эндигина бошланмоқда.