11:02 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистондаги «Аҳмадия» диний жамоати расмийлар ва диндошларнинг тазйиғига учрамоқда

13.06.2006 17:37 msk

Ринат Сайдуллин (Олмаота)

АҲМАДИЙЛАРГА ҚОЗОҒИСТОН ҚУЁШИ ОСТИДА ЖОЙ БОРМИ

Қозоғистондаги Аҳмадия жамоасига ҳали ҳеч қачон, ҳатто ярим расмий даражада ҳам, бундай жиддий айбловлар қўйилмаган эди. Бу сафар эса Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармасининг бўлим мудири Еркин ҳожи Дунаев уларни очиқдан-очиқ «Ал-Қоида филиали» деб атади ва «мазкур оқим Бутунжаҳон мусулмонлар иттифоқи томонидан ноқонуний дея тан олинган»лигини қайд этди. «Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси бу каби ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш бўйича ўз ишини кучайтиради», - деди Дунаев. Бундай жиддий баёнот расмий дин вакиллари тилидан айтилган пайтда, у қай бир тарздадир асосланган бўлиши керак. Бироқ ҳали томонларнинг бирортасидан ҳам ҳеч қандай изоҳ берилгани йўқ.

Қозоғистонда Миллий ҳавфсизлик комитети (МҲК) «қора рўйхати»га кирган ташкилотлар фаолиятига дахлдорликда ҳатто гумон қилинганлик бўйича ҳам панжара ортига тушиш мумкин. Ҳозирги пайтда аҳлоқ тузатиш лагерларида мамлакатда яқиндан бери таъқиқланган «Ҳизбут-Таҳрир» партиясининг ўнлаб тарафдорлари юрибдилар, бир йил аввал эса Тороз шаҳар суди етарли даражада далил-исботларга эга бўлмаган ҳолда икки қозоғистонликни «Ватанга хиёнат қилганлик учун» моддаси бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди, чунки улар «Ал-Қоида» билан алоқа қилганликда гумон қилинган эдилар. Бироқ яқиндан бери сўфийлар ва аҳмадийлар каби ноанъанавий диний оқимлар аъзоларидан ҳеч қайсиси судга тортилмаганди, чунки уларнинг фаолияти Қозоғистон қонунчилигига зид эмасди. Аммо «Қозоғистон-1» давлат телерадиокомпаниясининг давлат телевидениеси дастурларида тасаввуфни тарғиб қилганликда айбланган раҳбариятининг ишдан бўшатилиши билан боғлиқ бўлган можаро Қозоғистонда ноанъанавий исломий оқимлар ва диний ташкилотлар борлигига дохил масалани ўртага ташлади.

Охирги ярим йил ичида баъзи маҳаллий интернет-нашрларда пировард мақсади дунёвий ҳокимиятни ағдариб, Ислом ҳалифалигини қуриш бўлиб ҳисобланган «сўфийлар фитнаси» ҳақида материаллар пайдо бўлганди. Бу каби мақолаларнинг баъзиларида сўфийлар ва аҳмадийлар ўзаро боғлиқ кўрсатилгандилар: аҳмадийларни «сўфий кассаси» деб атагандилар, чунки «сўфиёна тўнтариш»ни тайёрлаш учун чет элдан ажратилган маблағлар гўё айнан аҳмадийлар орқали келаётган эмиш.

Аслида, аҳмадийларнинг ўзлари бу каби фикрларга умуман аҳамият бермаган кўринадилар. Бироқ шунингсиз ҳам Қозоғистон ва Қирғизистонда улар пайдо бўлишлари билан «нохуш» вазиятлар юзага келаётган эди. Гарчи покистонлик даъватчилар минтақада тўқсонинчи йилларнинг бошларида пайдо бўлишган эса-да, Қозоғистон Республикасида бу оқим тарафдорлари тўрт юзтадан кўп эмас. Кейин «Аҳмадия» жамоати пайдо бўлди, у ўз низомини 1994 йилда рўйхатдан ўтказди. Жамоатнинг тўлиқ номи «Қозоғистон Республикаси Миллий Аҳмадия Мусулмон Жамоати». Ўша пайтда унинг биринчи раҳбари қозоғистонлик машҳур ёзувчи, мамлакат президентининг собиқ маслаҳатчиси Роллан Сейсенбаев бўлган эди.

2004 йилда бу оқим қўшни Қирғизистонда ҳатто экстремистик ташкилотлар рўйхатига ҳам тушганди. Кейинчалик уни рўйхатдан ўчириб ташлаганлар. Қозоғистонда уни таъқиқланган ташкилотлар қаторига қўшишга шошилмагандилар, аммо Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси (ҚМДБ) ҳар эҳтимолга қарши мамлакат мусулмонларига аҳладийлар сафига киришни таъқиқловчи фатво чиқарганди. Улар билан бирга бу рўйхатдан исмоилийлар, сўфийлар ва нима учундир исломий оқимлик даъвоси бўлмаган баҳоийлар ўрин олгандилар…

Аҳмадийларнинг эса содир бўлаётган воқеаларга нисбатан ўз қарашлари бор. Улар Қозоғистон МДБ сиёсий босим ўтказиш усуллардан тўла фойдаланган ҳолда давлат ҳудудида исломни монополиялаштириш учун анчадан бери курашмоқда. Бунга кўпроқ Қозоғистон жанубида жойлашган мустақил масжидларга қилинган ҳужумлар далил бўла олади. Ҳозирги пайтда бир юз ўттиз масжиддан тўқсонтаси ихтиёрий ёки «ярим ихтиёрий» равишда МДБ қўл остига ўтиш ҳақида унинг вакиллари билан шартнома имзолаганлар. Бироқ унча катта бўлмаган, кенг тарқалган халқаро ҳаракатларга дахлдор жамоатлар (аҳмадийлар, сўфийлар ва исмоилийлар) ҳали ҳам мудофаани сақлаб турибдилар.

2005 йилда «Аҳмадия» жамоати республика молия полицияси ва Миллий ҳавфсизлик комитети томонидан текширилган эди. Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, аҳмадийлар йирик пул маблағларини жамғаришиб, кейин уни ноқонуний йўллар билан ҳорижга юборганлар, фақат бунинг нима мақсадда қилинганлиги изоҳланган эмас. Жамоатда пул бериб юборилганлигини рад эмаяптилар, гарчи, уларнинг фикрича, бу пуллар жамоат аъзоларидан бирига омонатга бериб юборилган бўлса ҳам. Бу пуллар Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан мусодара этилганидан кейин излар ғойиб бўлганди. Ноқонуний пул ўтказишнинг бош айбдори бўлган Покистон фуқароси эса мамлакатни бемалол тарк этган: унга қарши ҳеч қандай жиноий иш қўзғатилмаган. Ҳозирда икки жамоатчилик ташкилоти – «Қозоғистон мусулмонлари уюшмаси» ва «Инсон ҳуқуқлари бўйича исломий қўмита» ташкилотларининг раҳбари журналист Мурат Телибеков вазиятга ойдинлик киритади. Ўз вақтида ҚМДБ «Аҳмадия»нинг Қозоғистондаги раҳбариятига исломий мавзудаги даврий нашр чиқариш учун ҳомийлик ёрдами бериш илтимоси билан мурожаат қилганди. Аҳмадийлар маблағ йўқлигини айтишиб, бу илтимони рад этишган, шундан кейин аҳмадийлар билан расмийлар ўртасида низо бошланган. Мурат Телибеков журналист сифатида бу воқеани матбуот саҳифаларига олиб чиққан пайтда, ўртадаги низо янада кучайган. Ўз навбатида, жаноб Телибеков ҳам аҳмадийларни ўз ҳимояси остига олган Мусулмонлар иттифоқи раҳбари сифатида бу ташкилотни ёпишни талаб қилаётган Диний бошқарма шикоят аризалари асосида бир неча бор айбдорлар курсисида ўтирган. Мурат Телибековнинг фикри ҳам аҳмадийлар баҳоси билан мос тушади: ҚМДБ шу йўл билан давлат қўлловига таянган ҳолда ўз рақиблари билан курашмоқда.

Аҳмадийлик жамоатига ўн тўққизинчи асрда Ҳиндистонда Мирза Ғулом Аҳмад Қодиёний томонидан асос солинган. Унинг асосий марказлари Покистон ва Буюк Британияда жойлашган. Аҳмадийлар асосан ўзларининг зўравонликни ҳамда «ғазавот» каби исломий таълимотни рад этишларига урғу берадилар. Буюк Британия бош вазири Тони Блэр томонидан аҳмадийларнинг Лондондаги охирги анжуманига йўллаган табрик телеграммаси билан жамоат аъзолари жуда фахрланадилар.

Умуман олганда, ислом олами бу оқимнинг пайдо бўлишига анча салбий муносабатда бўлган. Аҳмадия таълимотининг анъанавий ислом ақидасидан асосий фарқи бу таълимотда исломий ақидалар кришнаизм ва насронийлик унсурлари билан қоришиб кетишидадир. Мусулмон умматининг алоҳида нафратига сабаб бўлган жиҳатлардан бири шуки, ортодоксал ислом тарафдорлари Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин Ер юзига бошқа бирор пайғамбар юбормаган, деган фикрда бўлсалар, аҳмадийлар ўз фирқалари асосчиси бўлган Мирза Ғулом Аҳмадни пайғамбар деб ҳисоблайди. Гарчи аҳмадийлар маън қилинган ёки экстремистик ташкилотлар рўйхатида учрамасалар-да, уларни мусулмон мамлакатларидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қиладилар.

Республика Бош муфтийси ўринбосари Алсабеков Қозоғистоннинг «Столичная жизнь» («Пойтахт ҳаёти») газетасига берган интервьюсида шундай деганди: «Яна бир маротаба такрорлайман: қаерда дин пешволарининг назорати ва ижозати йўқ бўлса, ўша ерда нопок ишлар амалга оширилади». Ҳозирги пайтда аҳмадийлар жамоасида кимнинг (давлатми, махсус хизматларми ёки Диний бошқармами) манфаатлари тўқнаш келиб қолганлигини тушуниб бўлмаяпти.