18:20 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Депутат Даврон Собиров: Қирғизистон сиёсий доираси демократия даъволари сохта эканини исботлади

13.06.2006 12:47 msk

Алишер Соипов суҳбатлашди

Даврон Собиров © Фарғона.Ру АА фотоси

Даврон Собиров 1953 йилда Ўш шаҳрида туғилган. Олий маълумотли, 1976 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги: исссиқлик, газ таъминоти бўйича муҳандис-қурувчи. Узоқ йиллар Қирғизистон газ саноати корхоналарида раҳбар лавозимларида, 2005 йилгача “Қирғизгаз” ҳиссадорлик жамиятининг Ўш вилоят газ хўжалиги бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 1989 йилда Ўш шаҳар халқ депутатлари кенгаши депутати, Қирғизистон ССР 12 чақириқ депутати, Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши (парламенти) халқ вакиллар йиғини биринчи ва иккинчи чақириқ депутати, 2005 йилдан Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши (парламенти) учинчи чақириқ депутати сифатида сайланган. Ўш вилоят Ўзбеклар Жамиятининг раиси. Ўзбек ёшларининг “Сарбон” сиёсий клуби муассиси.

Ўзбек тилига Қирғизистонда расмий тил мақоми бериш тўғрисидаги талаб қанчалик асосли?

Қирғизистонда бу таклиф Иттифоқ даврида, 90-йилларда ҳам бор эди. “Афсонавий парламент” (мустақиллик давридаги биринчи парламент) яратган конституцияда Қирғизистонда яшаётган барча халқларнинг тиллари тўғрисида алоҳида модда бор эди. Яъни, Қирғизистонда қирғиз тили давлат тили ҳисобланади, рус ва бошқа халқлар ишлатаётган тиллар ривожи кафолатланади. Маълум бир миллат зич яшайдиган ҳудудларда ўша миллат тили қўлланиши мумкин эди. 2003 йили Конституциявий Кенгаш қарорига биноан ўша кафолатлар йўқотилди. Фақат халқларнинг ўз тилларини сақлаш ҳаққи қолди. Ҳозир менинг мухолифатдаги ҳамкасбим Қубатбек Байбўлов таклиф қилаётган конституция таҳририда эса, тиллар тўғрисидаги модда умуман олиб ташланган.

Сиз ўша Конституциявий Кенгаш таркибида қатнашгансиз. Бошқа тиллар бўйича кафолатларни сақлаб қолишга нима учун ҳаракат қилмадингиз?

Ўша пайтда кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари таклифларимизни мутлақо инобатга олмаган, инобатга олинган таклифлар эса, овозга қўйилганда ўтмаган. Бугунги конституцияда тиллар бўйича кафолатларнинг йўқлиги ўзбек миллатига мансуб аҳолини безовта қиляпти. Балки ўша кафолатлар конституцияда қолганда ўзбек тилига расмий тил мақоми бериш бўйича талаблар ҳозир жарангламаган бўларди. Муаммо тилга расмий мақом беришда эмас. Маълум миллатга мансуб фуқароларнинг муаммолари ҳал қилинмаётгани сабабли, уларнинг ҳуқуқлари топталаётгани натижасида ушбу масала кўтарилди.

27 май куни Жалолободда ўтган намойишдан аввал бир гуруҳ ўзбек депутатлари президент қабулига кириб, ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисида суҳбатлашган. Бу ҳақда президент 7 июнь куни айтди...

Ҳа, мен, Алишер Собиров, Абдураҳмон Абдуллаев, Муҳаммаджон Мамасаидов, Абдумуталлиб Ҳакимов ва Иномжон Абдурасулов президент қабулига кирганмиз. Депутат Абдумуталлиб Ҳакимов ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисида сўз очди. Президент рад жавобини берди. Мен рад жавоби берилган тақдирда, конституциянинг илк таҳриридаги тиллар бўйича кафолатларни қайтаришимиз кераклигини айтдим. Шу билан гап тугади. 7 июнь куни президент ушбу учрашувда бўлган гап-сўзни қайд қилди. Парламент депутатлари, Конституциявий Кенгаш вакиллари бу масалани муҳокама қилишлари керак эди. Президент бирданига рад жавоби бериши тўғри эмас. Айрим сиёсатчилар “ўзбек тилига расмий мақом бериш талаби ноқонуний” деяпти. Бу қонуний талаб, лекин бу талаб қандай қондирилишини Қирғизистон парламенти, президент ва Конституциявий Кенгаш ҳал қилиши зарур. Яна такрорлайман, конституциянинг 93-йил таҳриридаги тиллар бўйича кафолатларни ўз ўрнига қайтариш зарур. Ўша кафолатлар қайтарилган тақдирдагина ўзбек тилига расмий тил мақоми бериш талаби бекор қилиниши мумкин.

Президент рад жавобини айтди. Бу масала яна кўтариладими?

Ҳозир депутат Азимбек Бекназаров бошчилигида Конституциявий Кенгаш ишляпти. Мен вақтни кечиктирмай, конституцияга тил ҳақида киритилиши лозим бўлган кафолатлар тўғрисидаги таклифларимни айтдим. Бундан ташқари парламентдаги ўзбек миллатига мансуб депутатлар Конституциявий Кенгашга ўз таклифларимизни тайёрлаяпмиз. Бу таклифлар конституцияга кириш-кирмаслиги кенгаш аъзоларига боғлиқ, агар киритилса, референдумда Қирғизистон фуқаролари овоз бериш орқали масалани ҳал қилади. Ҳар бир сиёсатчи минбарга чиқиб олиб, “ўзбек тилига расмий мақом бериш талаби нотўғри, биз бунга йўл қўймаймиз” дейиши жуда нотўғри. Бу масалани Қирғизистон фуқаролари ҳал қилиши керак. Кескин муносабатлар натижасида президент рад жавоби берган бўлиши мумкин, бу унинг охирги жавоби бўлмаса керак.

Агар референдумда халқ ўзбек тилига расмий мақом берилишини ёқламаса, муаммо шу билан ҳал бўладими?

Ўзбек тилига расмий мақом берилиши ҳал қилинмаган муаммо сифатида қолади. Балки кейинча масала бошқа сиёсатчилар томонидан ижобий ҳал қилинишига умид қолаверади.

Сиз ўзингиз бу масалага жамоатчилик кескин ёндошгани сабабини нимада деб ўйлайсиз?

90-йилда юз берган қонли тўқнашувлардан кейин қирғиз-ўзбек халқининг юрагида қандайдир доғлар қолди. 15 йил давомида бу доғни ювишга ҳаракатлар бўлди. Халқимиз гина-кудуратни унутди. Лекин сиёсатчиларнинг ўзаро муносабати ҳали ўнгланмагандек туюляпти.

Қирғизистонда маҳаллий ўзбеклар Ўзбекистон билан иқтисодий, сиёсий алоқаларда пайдо бўлган таранглик гуноҳкорлари сифатида қабул қилинаётир. Масалан, қўшни давлат билан газ таъминоти бўйича шартнома қарзлар кўплиги сабабли имзоланмай қолса, матбуотда “ўзбеклар газ бермаяпти” маъносида сиёсат бошланади. Шунда қиш арафасида совуқда қолаётган оддий халқни ваҳима босади. Қарабсизки, Ўзбекистонга нисбатан, энг аввало ўзбек миллатига нисбатан жамиятда нафрат пайдо бўляпти. Бу Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалар сиёсийлашиб кетаётганининг салбий натижасидир. Шунинг учун ўзбек тилига Қирғизистонда расмий мақом бериш масаласи жуда кескин, оғриқ билан қабул қилинди. Бошқа миллат вакиллари шу каби талаб билан чиққанда, бунчалик ваҳима бўлмас эди. Ўзбекистон билан сув, газ, чегара муаммолари бўйича баҳслар шу даражада жиддийлашиб кетгани сабабли ўзбек тили бўйича талабга нисбатан кескин муносабат билдириляпти.

Сиёсатчилар ҳам халққа нотўғри маълумот беряпти. Бу талабни нафақат депутатлар, балки, мамлакат бошлиғи, президент ҳам тўғри тушуна олмади. Матбуот бир томонлама, ўзбекларга қарши фикрларни ёрита бошлади. “Ўзбеклар Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетсин” каби чақириқлар янгради.

Ҳар сафар ўзбеклар масаласи кўтарилганда, бизни Ўзбекистон билан қиёслаб, у ердаги қирғизлар мисол қилинади. Ҳар сафар Ўзбекистонда қирғизларнинг ҳуқуқлари топталаётганини даъво қиладилар. Биз Ўзбекистон фуқароси эмасмиз, биз Қирғизистон фуқароларимиз, мен Қирғизистон парламенти депутатиман. Сиёсатчилар балки тушунмас, лекин, нима учун бу масалага оммавий ахборот воситалари демократик нуқтаи назар билан ёндошмади?

Бу муаммолар йўқ жойдан пайдо бўлмайди. Маҳаллий ҳокимият муаммоларга аҳамият бермаётганидан, муаммолар йиллар давомида тўпланиб қолгани учун, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётгани сабабли бу каби талаблар пайдо бўлди

Ўзбек тилига расмий мақом берилишини талаб қилиш асносида зўравонликка йўл қўйилиши эҳтимоли Сизни қўрқитадими?

Йўқ, биз бунга йўл қўймаймиз. Бусиз ҳам Қирғизистон жанубида, Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмида, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида вазият барқарор эмас. Вазият нотинчлигини сиёсий арбоблар ҳам, депутатлар ҳам сезиб турибди. Менимча, тил сабабли зўравонлик бошланишига ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, пайдо бўлаётган миллатчилик, низо учқунларини ўчиришимиз керак. Шунинг учун, тил масаласини намойишлар йўли билан эмас, балки, парламентда, президент билан Конституциявий Кенгашда ҳал қилиш зарур. Бу масала намойиш йўли билан, босим ўтказиш орқали ҳал бўлмаслигини мен кўриб турибман. Ҳал қилишнинг вақти бор, йўли бор, аммо бу масалани кун тартибидан туширмаслик лозим.

Ўзбеклар номидан гапириш орқали Сиз, депутат Қодиржон Ботиров келгуси парламент сайловлари олдидан обрў орттиришга уринаётганингиз, бундан ташқари, иккингизнинг ортингизда расмий Тошкент тургани айтилади. Шунингдек, Сизни бўлгинчиликда (сепаратизм) айблайдилар. Бу гаплар ҳақиқатми?

Бу асоссиз айбловлар. Мен доим ўзимни депутатликка сайлаган сайловчиларимнинг таклифларини айтаман. Бўлгинчилик тўғрисидаги айбловлар шунчаки бўҳтондан бошқа нарса эмас. Айрим сиёсий мухолифлар менинг Қирғизистон парламенти депутати сифатида фаолиятимни сунъий равишда бузиб талқин қилмоқдалар. Ўзбекистон сиёсий доиралари билан менинг ҳеч қанақа алоқам йўқ. Аввал газ соҳаси бўйича ишлаганман. Ўша пайтда ўз даражамдаги Ўзбекистон газ соҳаси мутахассислари билан иш юзасидан Қирғизистон манфаатлари учун алоқа қилганман. Сиз айтаётган айбловларни мухолифларимиз жаҳл устида отаётган тош бўлиши мумкин. Лекин бу айбловлар исботланмаган, исботланмайди ҳам.

Айрим таҳлилчилар Қирғизистонда ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш келажакда ўзбекларнинг мухторият талаби билан чиқишларига сабаб бўлишини айтишади?

Бўлмағур гап. Бунақа талаб ҳеч қачон қўйилган эмас, мухторият талаби фожеа юз берган 90-йилларда ҳам айтилган эмас. Бу гап-сўзлар сунъий равишда тарқатилмоқда. Менимча, ўзбек тилига расмий мақом берилган тақдирда, қирғиз тилининг ривожи сустлашиб кетишидан хавотирлар мавжуд. Лекин қирғиз тилининг ривожланишига ўзбек тилининг мақоми таъсир ўтказмайди. Ўзбек тили фақат аҳолининг аксар қисми ўзбек миллатига мансуб бўлган Қирғизистон жанубида қўлланилади. Мухторият, бўлгинчилик кайфияти ўзбек халқи ичида шу кунгача сезилмаган, бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз Қирғизистон яхлитлиги учун, Қирғизистон келажаги учун, иқтисодиёт ривожланиши учун бошқа миллатлар билан биргаликда ҳаракат қиляпмиз. Одатда ўзбекларга нисбатан Қирғизистонда ҳақоратомуз “диаспора” сўзи ишлатилади. Биз бу ерда диаспора эмасмиз. Биз Қирғизистонда туғилиб-ўсган фуқаролармиз. Диаспора сўзини келгинди халққа нисбатан қўллаш мумкин. Буни неча йиллардан бери айтамиз, лекин ҳеч тушунтира олмадик.

“Халқаро толерантлилик учун” жамғармаси таҳлилида Сизнинг ташаббусингиз билан 2005 йилда тузилган ёшларнинг “Сарбон” сиёсий клуби Қирғизистонда ўзбек мухторияти яратишни мақсад қилиб олгани тахмин қилинади. Бу тахминда асос борми?

Бу дўст эмас, душманларнинг фикри. “Сарбон” ёшлар клубининг ривожланишига қарши бўлганларгина шундай тахмин қилишлари мумкин. Бу клуб Қирғизистондаги ўзбек ёшлари сиёсатдан четда қолаётгани учун уларни кечаётган жараёнларга жалб қилиш мақсадида тузилган. Иттифоқ парчалангач, ёшлар ҳаётида бўшлиқ пайдо бўлди. Ана шу бўшлиқни тўлдириш учун, ўзбек ёшларини мулоқотга ўргатиш учун клуб ташкил қилинди. Келажакда бу клуб сиёсий партияга айланади.

Парламентга сайланадиган ўзбек миллатига мансуб депутатлар 16 йил давомида мухолифатга ҳам қўшилмади, президент сиёсатини ҳам қўллаб?қувватламади. Бунинг сабаби нимада?

90-йилларда юз берган Ўш ва Ўзган воқеаларини яхши эслаймиз. 15 йил давомида зўрға тикланаётган муносабатларга дарз кетмаслиги учун биз талабларимиз амалга ошмаса ҳам, нейтрал сиёсат юритишга ҳаракат қиламиз. “Ўзбеклар, билиб қўйинг, агар мухолифат ва президент баҳслашаётган бўлса, орага сиз қўшилсангиз, биз бирлашиб, сизга қарши ҳаракат қиламиз” деб ҳамкасбим, депутат Садирбек Жапаров очиқ айтди. Бу тўғри гап. Шунинг учун биз ва бошқа миллатвакиллари барқарорликни сақлаб қолиш тарафдоримиз.

Миллий даъволарни йиғиштириб қўйиб, сиёсий кураш усулига ўтиш мумкин эмасми?

Мумкин. Буни ҳеч ким таъқиқламайди. Ҳар бир масала бўйича ўз фикрларимизни очиқ айтамиз. Президент, ҳокимият буни хоҳлайдими, йўқми, биз ўз талаб ва таклифларимизни айтамиз.

Сизни президентга мухолиф депутат дейиш мумкинми?

Йўқ. Ҳозирча йўқ. Мен холис фикрли депутат сифатида иш юритяпман.