06:03 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари радикал исломчилар билан бир қаторда протестантлар билан ҳам курашмоқдалар

12.06.2006 16:26 msk

Алексей Волосевич

«НАСРОНИЙЛАР» ДЕГАНДА «МУСУЛМОНЛАР»НИ НАЗАРДА ТУТАМИЗ…

Саккизинчи июнь куни Тошкент шаҳар суди Американинг навбатдаги нодавлат ташкилоти - Global Involvement through Education (Таълим орқали Глобал ҳамкорлик) ваколатхонасини тугатиш ҳақида қарор чиқарди. Ўзбекистонда 1999 йилда расман аккредитацияланган бу ННТ инглиз тили ўрганиш ва уни ўқитиш даражасини ошириш, компьютер саводхонлигини ошириш билан боғлиқ дастурларни ҳамда бошқа таълимий лойиҳаларни амалга оширар эди.

Ташкилот низомида акс эттирилган олийжаноб мақсадларга қарамасдан, Ўзбекистон адлия вазирлиги Global Involvement through Education ваколатхонаси фаолиятини республика қонунчилигига зид келади, шу сабабдан ҳам уни ёпиш зарур, деган қарорга келди. Бу каби қонунбузарликлардан бири сифатида ташкилот низомидаги вазифаларга мувофиқ келмайдиган фаолиятни, айнан эса маҳаллий ёшлар ўртасида юргизилган миссионерлик фаолиятини мисол келтирган. Адлия вазирлигининг таъкидлашича, шу йилнинг апрель ойида Самарқандда ваколатхонанинг тўртта чет эллик ходими маҳаллий олий ўқув юртлари талабаларига инглиз тили ўргатиш баҳонаси билан уларнинг анъанавий динларини – ислом ва православиени протестантлик мазмунидаги динга алмаштиришга даъват этганлар. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида»ги қонунга бир динга мансуб диндорларни бошқа динга ўтказишни (прозелитизм) ҳамда Ўзбекистон ҳудудида бошқа исталган миссионерлик фаолияти юритилишини маън қилади.

«REGNUM» агентлиги Global Involvement through Education ваколатхонасининг ёпилишининг расмий версиясини асослаган ва минтақа мамлакатлари учун прозелитизм салбий оқибатларга олиб келишини таъкидлаган Ҳудудий сиёсат жамғармаси вакили Улуғбек Муҳаммадиев сўзларини келтиради:

«Яқин келажакда бу, энг аввало, ҳам оилада, ҳам жамиятда анъанавий дин вакиллари ва янги динга ўтганлар ўртасида доимий зиддиятларнинг юзага келишидир. Ўрта муддатли истиқболда бу протестантлик мазмунидаги ҳорижий диний ташкилотлар фаолиятига жалб қилинган бугунги ёшлар орқали чет элнинг минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазиятга таъсири учун потенциал имкониятдир. Ниҳоят, узоқ муддатли истиқболда маҳаллий аҳолининг ўз анъанавий динини алмаштириши миллий менталитетнинг ўзгариши ва ғарб қадриятларининг жорий этилиши учун асос бўлиб хизмат қилади, бу эса ўз навбатида минтақа давлатларининг ҳорижий давлатларга қарам бўлиб қолиш эҳтимолини оширади».

Global Involvement through Education Ислом Каримов ўлгудек қўрқадиган «рангин» инқилобнинг олдини олиш учун ёпилган ҳорижий ННТ қаторига тушди, деган ошиғич хулоса чиқармаслик керак. Афтидан, бу ерда иш бошқачароққа ўхшайди.

Май ойидаёқ адлия вазирлигининг ташаббусига кўра протестантлик йўналишидаги насроний динини тарғиб қилганликда айбланган Американинг бошқа бир ноҳукумат ташкилоти - «Central Asian Free Exchange» («CAFE») нинг Фарғона ва Қўқондаги филиаллари ёпилганди. Сал аввалроқ, январь ойида Кореянинг икки ННТ – «Institute of Asia Culture and Development» (Осиё маданияти ва тараққиёти институти) ва «Korean Foundation for World Aid» (Бутунжаҳон корейс кўмаги жамғармаси) ваколатхоналари фаолияти уч ойга тўхтатиб қўйилганди. Бу ташкилотларнинг ходимларига протестантлик оқимидаги «Инжил»ни тарғиб қилганлик ва диний адабиёт тарқатганлик айби қўйилганди.

Шундай қилиб, ўз қавмини анъанавий дин вакиллари ҳисобига фаоллик билан кенгайтираётган протестант насронийлар фаолияти чекланаётганлиги кўриниб турибди. Ҳатто агар мазкур ваколатхоналарнинг ёпилишидаги сабабларнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилинган тақдирда ҳам (адлия вазирлиги ва бошқа расмий маҳкамаларнинг тарқатган хабарлар ишонч туғдирмайди), протестант миссионерларга қарши курашнинг кучайганини оддий кўз билан кўриш мумкин. Масалан, Ўзбекистон пойтахти кўчаларида одамларни «ҳақиқий дин»га ўтказишга чандон уриниб, аҳолининг меъдасига теккан ҳар ерда ҳозиру нозир Иегова гувоҳлари «патрул»лари деярли ғойиб бўлдилар.

Кўриниб турибдики, юқорида саналган ННТнинг бирортаси ҳам Ўзбекистондаги «пўртаҳолранг» инқилоб илҳомчиси ёки ташкилотчиси ролига даъвогарлик қилмаган. У ҳолда уларнинг гуноҳи нима? Ахир дин танлаш эркинлиги мамлакат Қомуси билан кафолатланган эмасми? Ёки Ислом Каримов тўсатдан чинакам исломпарвар ва бошқа динларни қувғин қилувчи кишига айланиб қолдимикин? Ёки ёпилган ННТ филиаллари Ўзбекистон халқига зарарли ғарб қадриятларини тўғридан-тўғри етказаётган эдими?

Аслини олганда сарой сиёсатшунослари ўзбекистонликларни қўрқитаётган шубҳали ғарб қадриятларининг бунга мутлақо алоқаси йўқ, чунки мазкур ННТ ёпилишига шарқона қадриятлар, аниқроқ қилиб айтганда, мамлакат аҳолисининг аксарияти ислом динига тарафдор бўлганлиги сабаб бўлди. Протестант насронийларнинг миссионерлик фаолиятига эркинлик берилиши диндор мусулмонларнинг кўпчилигида савол уйғотмаслиги мумкин эмасди: нима учун насронийларга Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилгану, мусулмонларга ҳатто ўз динини тарғиб қилишга рухсат берилмайди? Демак, азалдан мусулмон диёри бўлиб келган мамлакатда мусулмонлар таҳқирланаётган эканлар-да?..

Саволни бу тариқа қўйишнинг амалий оқибати нафақат ҳукуматга нисбатан, балки баптистлар, иеговачилар ва шунга ўхшашларга (яъни, барча насронийларга қарши, яна кенгроқ олсак – барча европаликларга қарши, янада кенгроқ олсак – барча номусулмонларга) қарши экстремизм ва нафратнинг ошишига олиб келиши мумкин.

Воқеаларнинг бундай ривожланишига Ўзбекистон ҳукумати йўл қўя олмаслиги тушунарли, зеро мусулмонларга ҳам ўз динини тарғиб қилишда тенг имконият бериш (имомлар нима дейишларидан қатъий назар) ўзаро чидамнинг устивор бўлишига эмас, расмийлар ўн йилдан зиёдроқ муддатдан бери олиб бораётган «экстремизм»га қарши барча курашнинг пучга чиқишига ва теократик давлат қурилишига олиб келишини яхши англайдилар. Бугунги кунда Ўзбекистонда (фақат ундагина эмас, балки бошқа кўплаб мусулмон ўлкаларида ҳам) исломни дин сифатида максимал даражада чеклаш – «экстремист»лиги аниқланган навбатдаги кишиларни қамоқхоналарга мунтазам юбориб туриш, республикадаги диний турмушни анъанавий-маросим вазифасини бажариш (яъни асосанн диний маросимларни бажариш) даражасига туширишга уринишлар шундан келиб чиққандир.

Шу ерда биз кўпчилик очиқ беришга журъат қилолмайдиган ҳавфли саволга яқинлашамиз: исломий ақидаларнинг ўзида, унинг дастлабки асосларида экстремизм мавжудми (мен айнан диннинг ўзи ҳақида айтаяпман, унинг жоҳил ва қолоқ кимсалар томонидан бузилган шакли ҳақида эмас)?

Бу саволга очиқ жавоб беришга жуда кам одам журъат қилади. Бироқ, одатда, сўзлардан кўра ишлар кўпроқ нарсани айтади. Шунинг учун ўзбекистонлик расмийлар кетган йўл – исломни иложи борича чеклаш – бу саволга улар ўзлари учун жавоб топганликларини англатади: мамлакат барқарорлиги, майли, бу барқарорлик нохуш, порага беланган, чириб бораётган бўлсин, аммо бу, уларнинг фикрича, ҳамма жойда зўравонликни авж олишига олиб келадиган муҳтамал хаосдан кўра яхшироқ (масалан – Тожикистон, Ироқ, Афғонистондаги воқеалар). Бугунги кунда амалда қўлланилаётган, аммо овоза қилинмаган ғоя - барча динларни истисносиз, жумладан, протестантлик оқимларини ҳам қаттиқ чеклаш ғояси ана шу мулоҳазага асослангандир.