11:07 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Виктор Духовний: «Сибирь дарёлари йўналишини буришдан Россия Ўзбекистондан кам манфаатдор бўлмайди»

12.06.2006 14:00 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

- Агар иқлим бундан буён ҳам ўзгараверса ва аҳоли сони ошаверса, Ўзбекистон 2030 йилдан кейин қўшимча сув ресурсларини жалб қилмаса бўлмайди, - дея билдирди «Фарғона.Ру»га Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштирувчи комиссияси илмий-ахборот маркази директори, БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат ташкилоти (FAO) эксперти, профессор Виктор Духовний.

Профессор Виктор Духовний. Фарғона.Ру фотоси
Профессор Виктор Духовний. Фарғона.Ру фотоси
Ўтган аср охирларида мутахассислар томонидан қилинган ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг ўз сув заҳиралари жуда эҳтиёт қилиб ишлатилганда ҳам фақат 2005 йилгача етиши керак эди. Аммо ССЖИ емирилганидан кейинги дастлабки йилларда Марказий Осиё мамлакатларида кузатилган иқтисодиётдаги умумий таназзул сув истеъмолини анча камайтирди. Бутун дунёда иқлимнинг исиши оқибатида Памир ва Тяншянь музликларининг жадал эриб бораётгани ҳам сув танқислигининг кучайишини ортга сурди. Амударё ва Сирдарё бошидаги тоғ музликларининг ҳажми қисқарган 2020 йилга келиб минтақада сув етишмаслиги билан боғлиқ вазият кескинлашади. Аҳолини кундалик ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун қўшимча ресурсларни топишга тўғри келади.

80-йиллардаёқ «дафн этилган» Сибирь дарёларини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб бераркан, профессор Духовний яқин келажакда Россия ва Қозоғистон бу лойиҳани қайта жонлантиришга Ўзбекистондан кам қизиқмай қолишини айтди.

- Бугунги кунда Сибирь жануби, Челябинск ва Оренбург вилоятларида сув танқислиги сезила бошланди. Қозоғистон шимолидаги кўмир конлари ҳам сув жуда кам бўлган жойда жойлашган. Бундан ташқари, агар иқлим ўзгариши глобал исиш сценарийси бўйича давом этса, Сибирь дарёлари тошиши шимолдаги нефть майдонларининг сув остида қолишига олиб келиши мумкин ва бунда нефть қазиб олишни давом эттириш «денгиз усули» билан углеводородларни қазиб олишга кетувчи миллиардлаб доллар қўшимча ҳаражатларни талаб қилади.

- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш қимматга тушаётгани учун Ўзбекистон ҳозирги пайтда Сибирдан келадиган сув «экспорт»и учун самарали тарзда пул тўлай олмаслиги мумкин, аммо кейинги ўн йилликларда Сибирь дарёлари ўзанини жанубга буриб юбориш Россия иқтисодининг ўзи учун ҳам долзарб бўлиб қолиши мумкин.

Шу билан бирга, профессор Духовний яқин орада Марказий Осиёда чегаралараро сув муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ва сув ресурсларини интеграцион бошқариш тизимини биргаликда жорий қилишда суғориш сувларини иқтисод қилишга диққатни жамлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштирувчи комиссияси мутахассислари ва журналистлар иштирок этган давра суҳбати 9 июнь куни бўлиб ўтди ва сув танқислиги муаммоларига бағишланди. Учрашувга экспертларнинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2006 йилдаги аҳволга берган баҳолари сабаб бўлди. Икки йил сув кўп бўлганлигига ва синоптикларнинг оптимистик тахминларига қарамай, дарёларда сув танқислиги қайд этилган.

Умуман олганда, минтақада йиллик ўртача ҳарорат ва ҳавонинг қуруқлиги ошишда давом этмоқда. Шунингдек, дарёларнинг юқори қисмида жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари дунё бозорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи паст бўлганлиги сабабли суғоришга мўлжалланган сувни ундан кўра фойдалироқ бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш учун тежамоқчи бўлганликлари ҳам хавотир уйғотмоқда.

Бундай шароитда Марказий Осиё минтақасида 2002 йилда БМТнинг бош сессиясида янги мингйилликнинг асосий мақсадларидан бири сифатида эълон қилинган Сув ресурсларини интеграцион бошқариш (СРИБ) тизимини жорий қилиш айниқса долзарблашиб боради. СРИБ сувдан фойдаланишнинг маъмурий принципларидан бош тортиш ва гидрографик принцип бўйича жамоатчилик бошқаруви органларини ташкил этишни кўзда тутади. Бунда жабҳа ҳар бир дарё ёки суғориш канали ўзани бўйлаб ташкил этиладиган сувдан фойдаланувчилар кенгашлари томонидан бошқарилади.