08:38 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон одам савдоси учун халқаро транзит масканига айланмоқда

07.06.2006 19:50 msk

Фирдавсий, махсус мухбир

АҚШ давлат департаменти халқаро ахборот дастурлари бюроси одам савдоси ҳақидаги йиллик маърузани эълон қилди. Маърузада келтирилган маълумотларга кўра, ҳар йили бутун дунё бўйлаб 600-800 минг киши одам билан савдо қилувчиларнинг қурбонларига айланмоқдалар. Улардан 80 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади. Одам савдоси қурбонларининг эллик фоизи балоғатга етмаганлардир.

МДҲ мамлакатларининг Ўзбекистондан ташқари деярли ҳаммаси, маърузага мувофиқ, ночор мамлакатларнинг иккинчи тоифасига кирганлар. Ўзбекистон эса учинчи тоифага мансуб бўлиб, бу гуруҳда одам савдоси билан курашга жиддий киришмаётган мамлакатлар киради.

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон ҳам бу жабҳадаги энг ночор мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. «Қирғизистон одам савдоси манбаси бўлган мамлакат, транзит мамлакати бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, у мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация мақсадларида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Жанубий Осиё ва республиканинг ўзидан бўлган эркаклар, аёллар ва болалар транзити учун тайин қилинган жой бўлиб ҳисобланади», - дейилади маърузада.

Маърузадан маълум бўлишича, қирғизистонлик ва чет эллик аёллар Араб Амирликлари, Сурия, Туркия, Кипр, Юнонистон, Хитой, Жанубий Корея, Таиланд ва Германияга жинсий эксплуатация учун республикадан олиб чиқиб кетилмоқдалар. Худди шу мақсад учун Россия ва Қозоғистонга ўғил болалар олиб чиқиб кетилмоқда.

Маърузада «Қирғизистон Ўзбекистондан сексуал эксплуатация мақсадида олиб чиқиб кетилаётган аёллар учун тобора кўпроқ кетиш масканига айланиб бормоқда», дея алоҳида таъкидланади.

Маҳаллий экспертларнинг фикрича бунга бир неча омил мавжуд:

Биринчидан, Қирғизистон жануби Ўзбекистоннинг аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи вилоятлари билан чегарадошдир. Бу вилоятлар (асосан, Фарғона водийсида) мамлакатнинг кам тараққий қилган жойлари бўлиб ҳисобланади. Одам савдогарлари бу ҳудудларда «чет элда катта пул ишлаб келиш учун» ўз қурбонларини йиғадилар.

Бу ерда яна бир нозик жиҳат бор. Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятларида яшовчи кишилардан Қирғизистонга ўтиш учун виза талаб қилинмайди. Бошқа мамлакатларга кириш учун визага эга бўлган ўзбекистонлик фуқаролар Қирғизистон аэропортлари орқали истаган жойларига тўсқинликларга учрамай учиб кетишлари мумкин. Бир неча ой аввал Ўш аэропортида Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Саудия Арабистонига учиб кетаётган учоқ тўхтатиб қолинганди. Учоқда Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларидан келган, 16 ёшдан 25 ёшгача олтмишга яқин қизлар бўлганлар. Баъзи қизлар очиқдан-очиқ Саудия Арабистонига ўз таналарини сотгани кетаётганларини билдиргандилар. Бошқа қизлар эса уларга Арабистондаги бойларнинг уйларида хизматкорлик қилиш вазифасини ваъда қилганларини айтгандилар. Улар фоҳишаликка кетаётганларини билмаганлар.

Иккинчидан, Қирғизистонда нодавлат авиаширкатларининг чартер рейсларини ташкил этиш учун катта имкониятлар бор. Чартер рейсларига Қирғизистондаги саёҳат фирмалари томонидан буюртма берилади, улар, эҳтимол бу қизларнинг қулсотарлар қурбонлари эканларини билмаган ҳолда, воситачилик хизматини кўрсатиш орқали уларга «савдо» визаларни расмийлаштириб берадилар. Шундай қилиб, қулсотарлар Қирғизистондаги саёҳат фирмалари ва авиаширкатларни ишга жалб қилишиб, ўзлари панада қолиб кетаверадилар.

Бу ердаги энг муҳим омил Қирғизистонда порахўрлик даражасининг юқорилигидир. Одам савдогарлари пора эвазига юқори лавозимли амалдорлар, чегарачиларни ўзларига шерик қилиб оладилар. Масалан, 2005 йилда «Манас» аэропортида МҲХ ходилари томонидан одам савдогарларига ёрдам берган икки чегарачи қўлга олинган.

Бугунги кунда Қирғизистонда одам савдосининг олдини олиш жабҳасида қирқдан зиёд нодавлат ташкилотлари ишлайдилар. Бу НДТ асосан катта шаҳарлар ва вилоят марказларида фаолият юритадилар. Шунинг учун шаҳарликлар бу масала юзасидан кўпроқ маълумотга эгалар. Улар «чет элда катта пул ишлаш» ҳақидаги таклифларга эҳтиёт бўлиб қарайдилар. Шунинг учун ҳам қулсотарлар аҳолининг камроқ хабардор қатлами – қишлоқ одамлари билан «ишлаш»ни бошлаганлар.

Халқаро муҳожирлик ташкилоти Қирғизистон бюросининг маълумотларига қараганда, икки йил ичида ўз вақтида қул қилиб сотиб юборилган 350 дан зиёд кишини ҳорижий мамлакатлардан Қирғизистонга қайтаришга эришилган. Экспертларнинг баҳосига кўра бу Қирғизистондан бошқа мамлакатларга олиб чиқиб кетилган одамларнинг бор-йўғи ўн фоизини ташкил этади, холос. Ҳар йили Қирғизистоннинг ўзидан, норасмий маълумотларга кўра, тўрт мингга яқин киши қулсотарларнинг қурбонига айланади.

Мазкур масала билан шуғулланаётган НДТ маълумотларига кўра, қул савдоси қурбонларини ватанларига қайтариш масаласида давлат иштироки жуда рамзийдир. Мамлакат бюжетида бунга маблағ ажратилмаган. Қулсотарларнинг қурбонлари кўпинча ўз ватанларига халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан қайтиб келмоқдалар. Лекин улар ҳам бу масалада ёрдам бериш учун ҳар доим ҳам молиявий имкониятга эга бўлавермайдилар. Бундай вазиятларда қурбонларнинг кутишларига ёки қариндошларига мурожаат қилишларига тўғри келади. Улар бўлса қарз олиб, қариндошларининг йўлкираларини тўлайдилар.

Энг ачинарлиси одам билан савдо қилувчи бу кишиларнинг озгинасигина қонун бўйича жазога тортиладилар. Ахир қул савдоси қурбонлари кўпинча ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилмайдилар-да.