00:07 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Малик Қаюмов: «Менга тез-тез картиналарим ўта чиройли эканини айтиб, танбеҳ берардилар. Ахир менинг ерим ва халқим чиройли эмасми?..»

07.06.2006 10:03 msk

Санжар Янишев

Суратда: Малик Қаюмов. Тошкент, 2006

© Фарғона.ру фотоси

Ўзбекистон ҳужжатли киносининг отаси Абдумалик Қаюмов ўзининг узун умри давомида икки юздан ортиқ фильмни суратга олган, улар орасида «Паранжи», «Қудратли тўлқин», «Олтин тўй», «Ўн уч қалдирғоч», «Тожихон билан учрашувлар», «Хива – тўрт дарвозали шаҳар», «Инсониятнинг беш қўли», «Баҳордан баҳоргача» ва бошқа фильмлар бор. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон кинематографистлари уюшмасига раҳбарлик қилган, 1991 йилда эса Россиянинг «Ника» миллий мукофотига сазовор бўлган. Қуйида Малик Қаюмовичнинг монологини – ўз ҳаёти ҳақидаги ҳикоясини муштарийларимиз эътиборига ҳавола қиламиз.

Таваллуд ва зот

Ўзим туғилган сана ва ойни билмайман. Фақат туғилган йилимни биламан – 1911 йил. Отам ўз болаларининг туғилган кунларини Қуръон саҳифаларига ёзиб қўярдилар. Аммо у вафот этганидан кейин Қуръонни йўқотиб қўйдик ва мен туғилган аниқ сана номаълумлигича қолди. Ойим бу баҳор кунларида, бозорда эндигина кўк пайдо бўлган пайтларда юз берганини айтгандилар.

Биз Тошкентнинг бугунги кунда Эски шаҳар деб аталадиган қисмида, ҳозирги аэропорт яқинида яшардик. Электр йўқ эди, сувни бир чақирим жойдан ташиб келтирардик. Шунга қарамай, ёмон яшамаганмиз.

Отамнинг исми Абдуқаюм эди. У нафақат Тошкентдаги, балки бутун Туркистондаги энг бой кишилардан эди. У бир нечта кўнчилик корхоналарига эга эди. Усталарни Германиядан олиб келарди. Энг сара қўйларнинг териси отамга тегишли эди. Шунингдек, унинг 400 гектар ерда мевали боғлари бўларди. Отни яхши кўрганидан отчопар қурдирганди ва пойгалар уюштириб турарди. Отам вафот этганидан кейин унинг банкдаги ҳисоб рақамида ўн миллион тилла пул топгандилар. Отам тилла тангаларни ёмон кўрардилар, бу пуллар чўнтакни тешади, дердилар. Онамга уйланганларида юзта кўйлак, эллик жуфт турли пойабзал, сон-саноқсиз тақинчоқлар, тилла буюмлар ва марваридлар юборган эканлар. Афтидан, шу бойликлар кейинчалик онамнинг беш болани боқишларига имкон берган кўринади. Бир куни – мен уч ёшларда эдим – отам уйга қайтгач, кўнгли айниётганини айтди ва ухлаб қолди, ҳуфтон намозига ҳам турмади. Эрталаб эса у қазо қилганди.

Бобом (онамнинг отаси) чиройли ойналарни яхши кўрардилар – унинг уйидаги қирқ деразани рангли шишалар безаб турарди. Онам томондан ҳамма қариндошларимиз узоқ умр кўрганлар: бувим юз ўн ёшга кирганлар, онам тўқсон олтига кирганлар, тоғам тўқсон иккига кириб вафот этганлар. Отам томондан бўлган қариндошларимиз эрта қазо қилганлар. Биз беш ўғил эдик, мен уларнинг тўртинчиси эдим. Укам отамнинг вафотларидан кейин туғилган. Ака-укаларим отамни тортдилар ва унча узоқ яшамадилар, мен онамга тортдим.

Ойим ўқимишли аёл эдилар: рус тилида эркин гапирардилар, арабча ўқирдилар, Қуръонни билардилар. Бизни ҳам ўқишга мажбур қилардилар. Шунинг учун ҳам олти ёшга кирганимда акам мени мактабга олиб бордилар.

Кўчамиздагиларнинг ҳаммаси меҳрибон ва оқила бўлганлари учун ойимни яхши кўрардилар. У кишининг олдига маслаҳат ва ёрдам сўраб ёки шунчаки яхши гап эшитиш учун келардилар. У киши ҳар доим шундай дердилар: дўстингни яхши кўр ва душманинг билан ўчакишма. Ўзингни ҳурмат қил, аммо бошқаларни ҳам иззатини жойига қўй. Агар битта нонинг бўлса ҳам, ўзингдан кўра муҳтожроқ одамга бер. Агар қўлингда ҳеч нарса бўлмаса, дил сўзингни дариғ тутма.

Фарғона.Ру АА фотоси
Фарғона.Ру АА фотоси
Санъат ичра...

Барча санъатлар ичида…

1929 йили бир куни мактабимизда хушсурат киши – машҳур адмиралнинг ўғли Николай Николаевич Кладо пайдо бўлди. У ўн уч киши ичидан нимагадир мени танлаб, Ўзбекистондаги биринчи киностудия дарвозасига етаклаб келди. Мен ичкарига кирдим ва унинг эшиклари мен учун бир умрга ёпилди. Кладо мени ўзининг «Бағдоддан келган америкалик аёл» фильмида батрак ролида суратга олди. Кейин яна бир неча ролларда суратга тушдим, аммо мен кўпроқ ўзим кино олишни истардим. Баъзан менга объективга қарашга ва ҳатто дастакни бурашга рухсат беришарди.

Тасвирчи Фридрих Константинович Веригодоровский деган немис одам эди. Мен унга учоёқ ташишда, тунлари пленка ўрашда, сурат чиқаришда ёрдамлашардим. У менга кинотасвирчи билиши керак бўлган қарийб барча ишни ўргатди.

1930 йили Кладо мени Ленинградга олиб келди. Унинг уйидаги ўн олти хона китоблар билан лиқ тўла эди. Николайнинг онаси мендан «Уруш ва тинчлик»ни ўқиганмисан, деб сўради. Мен албатта ўқимагандим. У токчадан бир китоб олиб, олдимга қўйди ва ҳар куни 50 варақдан ўқишни буюрди. Бундан ташқари, у киши менга столда қандай ўтиришни, пичоқ ва санчқини қандай тутишни ўргатди – яъни мен у кишидан оддий Европа этикасини ўргандим.

1931 йилга келиб мен БДКИда ўқир эдим. Икки йил ўтгач эса ҳаммасини ўрганиб олдим, деган қарорга келиб, Тошкентга қайтдим ва кино ола бошладим. Дипломни эса ололмадим. Агар ўшанда Москвада қолганимда, мен Тошкентдаги биринчи троллейбусни, аёллар паранжи ташлаган гулханни… яна кўп нарсаларни суратга ололмаган бўлардим. Кейинчалик, ССЖИ халқ артисти унвонини олганимда, Меҳнат қаҳрамони, Давлат мукофоти совриндори ва ҳ. бўлганимда, мени бир ой парта ортида ўтириб, ўша дипломни олишга кўндиргандилар. Нега шундай қилган эканлар, деб ўйлайман ҳозир.

Фарғона.Ру фотоси
Фарғона.Ру фотоси
Майитларни тинч қўй!

1941 йил июнида мени Амир Темур, унинг ўғли Шоҳруҳ ва набираси Улуғбек мақбараларининг очилишини суратга олиш учун тайинлашди. Қазиш ишларида аввалроқ Иван Грозний суяклари қолдиқларидан унинг чинакам қиёфасини тиклаган Михаил Михайлович Герасимов иштирок этарди.

17 июнь куни Шоҳруҳ ва Улуғбек қабрини очдилар. Шоҳруҳ Мирзо кафанга ўралган, Улуғбек эса арчадан қилинган тобутда ётарди. Тарихдан маълумки, буюк олимнинг калласи олинган. Шунинг учун боши танасидан жудо қилинган жасадни топганимизда роса суюнганмиз – кўз ўнгимизда, шубҳасиз, Улуғбек жасади қолдиқлари турарди.

Узоқ давом этган тасвирга олиш ишларидан сўнг чой ичгани чойхонага кирдим. У ерда учта чол ўтирар, улар олдида эски китоб бор эди. Улардан бири мендан «қабрларни очишга алоқангиз борми?» деб сўради. Мен «уларнинг энг каттасиман», дея ҳазиллашдим. Шунда чол менга: Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас – уруш руҳи чиқиб кетиши мумкин, деди. Мен: буни қаердан биласиз, деб сўрадим. Улар очиқ китобни кўрсатиб: «Ўқи!» дедилар. Арабчани мен мактабдаёқ ўргангандим, шунинг учун ҳам китобдан қуйидагиларни ўқидим: «Буюк Темур жасадига дахл қилма, акс ҳолда уруш бошланади».

Олимлар олдига – ҳукумат комиссияси раиси, шарқшунос А. А. Семенов, Т. Н. Қори Ниёзий ёнига чопиб бордим. Шундай-шундай, чоллар билан гаплашиб кўринглар, дедим. Ҳамма юқорига кўтарилди. Улар орасида ёзувчи Садриддин Айний ҳам бор эди. Улар китобга қараб кулишди. Айний анча кескин оҳангда: «Буларнинг ҳаммаси бир пул», деди. шунда чоллардан бири икки оғиз «илиқ» гап айтиб, Айнийни ёмон сўзлар билан сўкди. Улар китобни олиб, ҳаммасига тупуриб, кетиб қолишди.

Мен чолларни суратга олиш учун аппарат олдига югурдим. Бироқ улар кетиб қолишганди. Бармоқ тишлаганча қолавердик.

Учинчи қабрни очдилар. Герасимов қопқоқни очиб, оёқ суягини қўлига олди. Шубҳасиз, бу оёқ суяги оқсоқ Темурга тегишли эди: тизза бўғимида шиш кўрдик. 21 июнь куни бош чаноғини чиқариб олдилар, менинг камерам буни тасвирга олди, 22 июнь куни эрталаб эса биз радиодан уруш бошланганини эшитдик.

Уруш

Ўша куннинг ўзидаёқ Герасимов учта калла суягини Москвага олиб кетди. Мен эса Регистон майдонида туғларни ўпаётган, қасамёд қабул қилаётган ўн минглаб аскарларни кузатиб турардим. Шунда энди улгурсам керак, деб ўйладим. Минорага чиқиб, тепадан ажойиб томошанинг ҳаммасини суратга олдим.

Тез орада фронтга кетдим. Кинотасвирчилар уруш пайтида гранаталар улоқтиришмас ва зарурат бўлмаса отишмас эдилар. Лекин аскарлар билан бирга, қадамба-қадам юрардилар. Доим олдинги сафда икки кишилашиб ишлардилар. Менинг ёнимда дўстим Алеша Сёмин бор эди, у икки марта мени жанг майдонидан ярадор ҳолда олиб чиққан.

1943 йили Ржев яқинидаги Колбасино қишлоғида мен маршал Жуков билан учрашдим. Биз Алеша билан унинг олдига ўзимизни таништиргани бордик. Георгий Константинович кўк чой олиб келишни буюрди. «Сизни Темурийлар мақбарасини қазишда қатнашган, деб эшитдим», - дея мурожаат қилди у менга. Мен унга ҳаммасини батафсил гапириб бердим. Чоллар ҳақида, китоб ҳақида гапирдим. «Ўзингиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?» - «Нима деб ўйлашимни айтолмайман, чунки бу факт; мен китобда ёзилган нарсаларни ўз кўзим билан ўқидим. Мен Темурнинг бош чаноғини кўмиш керак, деб ўйлайман». – «У ҳозир қаерда?» - «Москвада, Герасимовда». – «Қабрни очиш ҳақида ким буйруқ берган?» - «Қазиш ишларига Сталин рухсат берган». – «Бўпти унда, мен ўртоқ Сталин билан гаплашиб кўраман». Шунақа суҳбат бўлиб ўтганди. Кейинчалик мен Жуковнинг Сталинга мурожаат қилганини ва урушда бурилиш ясаган Сталинград жанги арафасида сўнгаклар кўмилганини билдим.

1944 йили Минск остонасида автоматдан отилган учта ўқ чап оёғимга келиб тегди – бир умрга Темурланг каби оқсоқ бўлиб қолдим. Мени Москвадаги Лефортово госпиталига олиб келдилар. Оёғимни кесиб ташламоқчи бўлишди… Бир куни палатада ётганимда қизиқ воқеа рўй берганини эслайман: қарасам, ҳамма соқол қиртишлаяпти, у ёқ-бу ёғини тозалаяпти, атир сепаяпти. Нима бало бўлдийкин, деб ўйладим. Йигитлар ақлдан озишибди. Охири чидамасдан: «Нима бўлаяпти ўзи, кимни кутаяпсизлар?» деб сўрадим. Ҳаммаси жўр бўлиб: «Галина Дмитриевнани! Қараб тур, ҳали у киши келганларида сен ҳам енгил тортасан!» дейишди. Галина Дмитриевна Чеснокова узун бўйли, сарвқомат, тилла сочли, мовийкўз аёл эди. У оёғимни кесиб ташлашни бекор қилди – оёқсиз тасвирчилик қилиб бўларканми. Кейин бутун операция мобайнида менинг унга қандай қилиб севги изҳор қилганимни гапириб бергандилар. 1945 йил мартида эса мен 2-гуруҳ ногирони бўлиб госпиталдан чиқиб кетдим.

Мендан тез-тез қандай қилиб шу ёшда ўзимни тетик сақлашим ҳақида сўраб қоладилар. Мен шунчаки бутун умр мобайнида ойимга берган ваъдамни бажараман, холос. Ичмайман, чекмайман, ҳеч қачон бу ишларни қилмаганман – ҳатто Георгий Жуков илтимос қилганда ҳам.

Мен бахтли инсонман

Агар мен нимадандир афсуслансам, ўзим суратга олган нарсалардан эмас, суратга ололмай қолган, кўз юмган нарсалардан афсусланаман.

Мен бир муддат нон шаҳри бўлолмай қолган Тошкентдаги очликни суратга олмаганим учун ўзимни кечиролмайман. Мен очликдан силласи қуриб, ишга кетаётган кишиларни кўргандим, уларнинг кўпчилиги йўлда кетаётиб йиқилиб тушардилар. Битта одамга бир кеча-кундузга яримта нон берардилар. Мен масжидлар ва черконларни қандай бузилганини, мадрасаларнинг қандай ташлаб кетилганини суратга ололмаганман. Ўзига ўлчаб берилган ерни олаётиб, бу бахтдан йиғлаган деҳқонни тасвирга туширмаганман. Шаҳарга сув ўтказганларида бухоролик кишининг қандай йиғлаганини, 270 километр узунликдаги Фарғона каналининг 45 кун ичида қандай қазилганини суратга ололмаганман. Бўлажак бадиий фильм учун Фарғона водийсига материал йиғишга келган Сергей Эйзенштейннинг қандоқ ҳайратга тушгани ёдимда. У бу ерда бирон нарса ўйлаб топишга ҳожат йўқ, бор нарсанинг ўзи ҳар қандай тўқимадан таъсирлироқ, деганди.

Неча бор ўлим мен билан бекинмачоқ ўйнади, мен эса нима учун ва қандай қилиб уни алдаганимни билмайман. Икки марта суратга олиш чоғида чўкиб кетишимга сал қолган. Авиацион ва автомобиль ҳалокатида ўлим ёқасидан қайтганман. Мен ўз умрим давомида кўп бор турли ўлкаларга учганман, кўп нарса кўрганман, тасвирга олганман, жуда кўп одамлар билан суҳбатлашганман. Турли даврларда Шарль де Голль, Джавахарлал Неру, Индира Ганди, Шастри, Хо Ши Мин билан ҳамсуҳбат бўлганман…

«Қўлинг теккан ҳамма нарсани яхшилашга ҳаракат қил» - деган эди Александр Довженко менга бир пайтлар. Менга тез-тез картиналарим ўта чиройли эканини айтиб, танбеҳ берадилар. Тўғри, чиройли. Ахир менинг ерим ва халқим чиройли эмасми? Нима учун мен тасқаралик йўқ жойда уни кўришим ва топишим керак? Албатта, ҳамма нарса Қаюмовнинг фильмларида кўрсатилганидек зўр эмас. Лекин мен ўз Ватанимни ана шу шаклда кўраман. Агар мени Москвада таниган ва тан олган бўлсалар, бу фақат одамларга аввалда яхши маълум бўлмаган Хоразм ва Қорақалпоғистонни танитганим учун бўлган. Кейин мен бутун умр ўзбек ҳовлилари, қадимий мадрасалар, ариқлар, каналлар… ўзбекларни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Энг аввало одамларимизни кўрсатдим. Аммо шу билан бирга мен интернационалистман ва шовинизмдан нафратланаман: бошқа халқларга нисбатан нафрат – ожизларнинг хусусияти. Лекин мен ўз халқимни бошқалардан кўра яхшироқ биламан.

* * *

Санжар Янишев ёзиб олди