14:41 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ален Делетроз: “Ашхабод ва Тошкентда рангли инқилоблар фақат давлат тўнтариши оқибатида содир бўлиши мумкин”

28.06.2005 12:47 msk

Владимир Мухин

Яқинда Буҳронларни бартараф қилиш Халқаро Гуруҳи (International Crisis Group) вице-президенти Ален Делетроз Москвага келди. Буҳронларни бартараф қилиш Халқаро Гуруҳи турли қуролли ва бошқа зиддиятларнинг келиб чиқиш омилларини ўрганади. Жаноб Делетроз билан Марказий Осиёнинг икки муҳим давлатлари – Ўзбекистон ва Туркманистондаги вазият бўйича махсус “Фарғона.Ру” учун “Независимая газета” шарҳловчиси Владимир Мухин суҳбатлашди.

В. Мухин. – Жаноб Делетроз, сизнингча, Ўзбекистонда “зарғалдоқ инқилоби” содир бўлиши мумкинми?

А. Делетроз. - Ўзбекистонда инқилоб бўлиши мумкин, лекин “зарғалдоқ инқилоби” эмас. Оломон томонидан содир этилган стихияли инқилоб содир бўлиши мумкин. Бу инқилоб қонли бўлади. Бу мамлакатда режим жуда шафқатсиз ва аҳоли ҳам шунга яраша жавоб қайтаради.

В. Мухин. – Туркманистондачи? У ерда ҳам инқилоблар шафқатсизларча бўладими?

А. Делетроз. – Йўқ. У ерда бундан ҳам даҳшатлироқ бўлади.

В. Мухин. – Лекин Туркманистонда шафқатсизлик озроқ кузатилади...

А. Делетроз. – Албатта, у ерда вазият жуда ҳам ёмон. У ерда ҳам Ўзбекистондаги каби хеч қандай мухолифат йўқ. Бунга қўшимча тарзда мустабиднинг куракда турмайдиган қилиқлари бор. У ерда катта ҳудуд ва кичкина халқ бор. Мана шу кичкина халқ жуда азобланмоқда.

В. Мухин. – Бироқ у ерда катта иқтисод бор...

А. Делетроз. – Катта иқтисод ҳам бор. Лекин бу иқтисодий омил мамлакатда инсон ҳуқуқларини чеклаш ва тузумни қувватлаш қуролига айланган. Шунинг учун у ерда халқ тез орада бирон нарсани ўзгартира олади, деб ўйламайман. У ерда халқ азобланмоқда, лекин ҳеч нарса қила олмайди. Ҳеч ким бу борада уларга ёрдам ҳам бера олмайди.

В. Мухин. - Нега энди туркман халқи азобланмоқда, деб ҳисоблайсиз?

Ф. Делетроз. – Сиз исталган баҳона билан қамоққа олишлари мумкин бўлган мамлакатда яшашни истайсизми? У ерда пойтахт касалхоналаридан ташқари барча касалхоналар ёпилган. Бир йил аввал ўн беш минг шифокор ишдан бўшатилган. Маориф тизими ҳақида гапирмай қўя қолайлик. Сиз рус бўла туриб фарзандингизни туркман мактабига ўқишга берган бўлармидингиз?

В. Мухин. – Иттифоқ даврида тўрт йил Туркманистонда яшаганман ва бу давлат ҳақида яхши таассуротларим бор.

А. Делетроз. – Бўлиши мумкин. Лекин келинг, ўзимиздан сўраб кўрайлик, мен мана шундай тузумларда яшашни истайманми, деб? Мен истамас эдим, деб жавоб бераман. Бундай тузумга мен ишонмайман, чунки у соғлиғим, хавфсизлигим ва болаларимнинг билим олишига таҳдид қилади.

В. Мухин. – Лекин туркманлар бошқача шароитда умуман яшамаганлар. Улар учун ҳозирги давр Иттифоққа нисбатан, Туркманбошининг ахмоқона ҳаракатларига қарамай, жаннатнинг ўзи. Авваллари Ашхабодда фақат руслар яшар эди. Туб аҳоли қишлоқ ва саҳрода яшарди. Шароит жуда ёмон эди. Касалликлар, ўлим жуда кўп бўларди. Туркманистон мустақил давлат бўлди. Соғлиқни сақлаш, ижтимоий тўловлар учун харажатларни кўпайтириш имконияти пайдо бўлди. Руслар Туркманистондан кетмоқда, уларнинг ўрнига маҳаллий аҳоли кўчиб ўтмоқда. Хонадонлар бепул газ билан таъминланган, озиқ – овқат арзон. Туркманларда норозилик учун асос йўқ. Туркманистонда одамлар Иттифоқ даврига қараганда анча яхши яшамоқдалар.

А. Делетроз. – Мен фикрларингизга қўшилмайман. Иттифоқ даврида тузум одамларга кўп нарса берган, нисбатан ижтимоий адолат, яхши маориф ва соғлиқни сақлаш тизими бор эди. Ҳозир Туркманистонда руслар иккинчи нав одамлар. Дунёда, Россияда Болтиқбўйидаги ватандошларнинг аҳволи ҳақида кўп гапирилади. Лекин негадир ҳеч ким, фақат Россиядагина эмас, балки АҚШ ва Европа ҳам, Туркманбошининг шафқатсиз тузумини тилга олмайди? Унинг бойлиги учунми?

У ерда сўз эркинлиги йўқ, шахсга сиғиниш бор. Бу тузумни Шимолий Корея тузуми билан қиёслаш мумкин, холос. Лекин тузумни алмаштириш учун туркман халқида пишиб етилган муаммо йўқ. Туркманистонда халқ ғазабини босиб турувчи улкан потенциал – газ бор. Улар уни сотадилар ва пулига яшайдилар.

В. Мухин. – Биз вазиятни турлича баҳоласак-да, бир хил хулосага келмоқдамиз. Масалан, Ўзбекистонда аҳолининг даромади оз ва исёнлар бу мамлакатда содир бўлиши табиийдир, дейлик ҳам.

Шу ўринда, туркманларга нисбатан ўзбеклар Иттифоқ даврида яхши яшаганларини айтмоқчиман. Туркманистон яшил олтин беркитилган катта саҳро эди. Ўзбекистон эса гўзал тоғлар ва водийлар мамлакати. Шўролар даврида пахта яккаҳокимлигига қарамай, ўзбеклар ўз уйлари, томорқаларига эга эдилар. Уларнинг кўп болали оилалари давлат томонидан ёрдам олиб турарди. Қайта қуришдан олдинги йигирма йилликда уларда туғилиш кўпайиб, аҳоли сони икки баробарга кўпайди.

Шўролар тугатилгач, ҳамма нарса ўзгарди. Пахта ҳалигача оғир меҳнат эвазига етиштирилади. Ундан тушган катта маблағ эса репрессив аппаратни молиялаштиришга сарфланмоқда. Саноат ишламай қолган. Аҳоли ижтимоий ҳимояси дастурлари тўхтатилган. Ўзбекистон аҳолиси Туркманистонга қараганда жуда катта – 25 миллион. Туркманистонда эса 4, 8 миллион. Ўзбекистон ёшлар мамлакатидир. Бу ерда ўзбекнинг ўртача ёши йигирмада. Шу билан бирга бу ерда қашшоқлик ва ишсизлик ҳукмрон.

А. Делетроз. - Бунга қўшимча қилиб, бу мамлакатда сиёсий ва шахс эркинликлари йўқлигини айтиб ўтмоқчиман. Расман Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ниёзовга қараганда очиқ жамият қурмоқчи эканлигини билдирган.

Мен Тошкентда “Сорос” жамғармаси директори эдим ва Ўзбекистон ҳукуматига демократик жамият қуришда кўмаклашмоқчи бўлдик. Президент Каримов кўп марта ўз ҳукуматининг асосий мақсади Ўзбекистонда демократик жамият қуриш эканлигини билдирган. Қандайдир партиялар ташкил этилди. Кейин тушундимки, бунинг ҳаммаси ўйин экан. Мухолифатсиз партия бўладими? Мен ўзбек ҳукуматига улар ҳукуматни танқид қила олишга қодир партияларни ярата олмасликларни айтдим ва бу борадаги моливий кўмакни тўхтатдим.

В. Мухин. – Сиёсий эркинликлар бўлмаган, милиция, махсус хизматлар ва амалдорлар ўзбилармонлигига қурилган жамиятда халқнинг қашшоқлиги нималарга олиб келиши мумкинлигини Андижон воқеалари кўрсатди.

А. Делетроз. – Фикрингизга қўшиламан. Менинг фикримча, бир куни, тез орада халқаро террорчилар ҳаракатлари билан алоқадар гуруҳлар томонидан амалдаги тузум супуриб ташланади.

В. Мухин. – Бу фикрингиз қайси далиллар асосига қурилган?

А. Делетроз. – Тарихий тажриба кўрсатиб турибдики, мустабид тузумлар бу минтақада халқ томонидан яксон қилинган.

В. Мухин. – Фақат шугинами?

А. Делитроз. – Мана шу исботнинг ўзи етарли менимча...

В. Мухин. – Менимча Каримов тузуми яна узоқ йиллар яшаб қолади. Менинг далилларим мана бундай.

Биринчидан куч омили бор. Бу мамлакатда МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан ҳарбий бюджет жуда каттадир. Йилига умумий ялпи маҳсулотнинг 5,2 фоизи (736 млн. доллар) ҳарбий тизимга ажратилади. Андижон воқеалари мамлакатда энг кучли ҳарбий, милиция, махсус хизматлар тизими яратилганини кўрсатди. Каримов жуда узоқ вақт ҳокимиятда қолиши мумкин. Сталин режимини ҳам бир эслаб кўринг...

Иккинчидан, амалдаги раҳбариятни Россия қўллаб – қувватламоқда. Москва халқаро текширувларни ўтказмаслик борасида Ўзбекистонни қувватламоқда. Россия амалдаги Ўзбекистон президентига ҳарбий ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин. Шу йил ёзида Фарғона водийсида Россия ва Ўзбекистон ҳарбийларининг аксилтеррор ўқув машғулотлари ўтказилади.

Эътибор беринг, Андижон воқеаларида иштирок этганларни халқаро кузатувчилар исёнчилар, Россия мудофаа вазири эса террорчилар, деб атамоқда. Айнан Москванинг кўрсатмаси билан Ўзбекистон Хонобод АҚШ базасидаги оғир ҳарбий учоқларнинг учишини таъқиқлаб қўйди. Бу база тез кунларда ёпилса керак.

Учинчидан, Каримов мустабид сифатида ўз мамлакатида турли нодавлат ва халқаро ташкилотларни таъқиқлаб тўғри қилди. Энди бу мамлакатдаги яширин мухолифатни қўллаб – қувватлаш жуда қийин бўлиб қолди. Каримов уни шафқатсизларча йўқ қилмоқда.

А. Делетроз. – Бу далилларга қўшиламан. Лекин Каримов ва Туркманбоши кабилар яратган тузумда ҳамма башоратлар тескари кучга эга бўлади. Ҳокимият алмашинуви сарой тўнтариши, мустабидни жисмонан йўқ қилиш каби сифатларда намоён бўлиши мумкин. Ашхабодда ҳам, Тошкентда ҳам бундай фактлар аввал кузатилган...

В. Мухин. – Сарой тўнтариши оқибатида Ўзбекистонда Пиночет типидаги диктатор ҳукуматга келади, деб ўйламайсизми? Бу диктатор Ғарбга мойиллик билдириб, мамлакатни иқтисодий тараққиётга олиб чиқиши мумкин.

А. Делетроз. – Турли вариантлар бўлиши мумкин.

В. Мухин. – Ўзбекистондаги мустабидлик тузумининг енгилроқ йўллар билан алмашинувини кутиш мумкинми?

А. Делетроз. - Каримовнинг ютуғи шундаки, у ёш, фикрловчи, маърифатли раҳбарлар гуруҳини тарбиялаб етиштирди. Шунинг учун ҳам, мамлакатдаги ҳоқимият алмашинуви Каримовнинг ўз ворисини танлаши билан қонуний тарзда амалга ошиши мумкин. Янги раҳбарлар энг аввало иқтисодий соҳада ҳаётий ислоҳотларни ўтказадилар. Лекин бунга ишониш қийин...