06:54 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Маршрут такси ҳайдовчиларининг иш ташлаши Қирғизистон пойтахти турмушини издан чиқарди

06.06.2006 20:19 msk

Сергей Москвин (Бишкек)

Photo.Kg фотоси

Бугун эрталаб Бишкекнинг 12-кичик мавзеида маршрут такси ҳайдовчиларининг кенг кўламли иш ташлаши бошланди. Бунга сабаб Қирғизистон пойтахтидаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бир литр дизель ёқилғисининг қиймати 0,5 доллардан ошиб кетганлигидир. Шаҳардаги деярли барча йўналишда қатновчи микроавтобуслар ўз ҳаракатларини тўхтатиб қўйдилар. Икки юздан зиёд ҳайдовчи ҳозирда 12 центни ташкил этувчи йўлкира ҳақларини оширишни ёки дизель ёқилғиси нархларини музлатиб қўйишни талаб қилмоқдалар. Акс ҳолда улар иш ташлашни номаълум муддатгача давом эттиришга ваъда бермоқдалар.

Қирғизистон пойтахтида транспорт қатнови асосан «Mersedes» русумли йўналишдаги такси билан амалга оширилади. Шаҳар автобуслари парк жуда кичик, троллейбус йўналишлари эса фақат шаҳарнинг марказий кўчаларинигина қамраб олади, холос. Бунинг устига бу машиналар сони ҳам оз (20 тадан сал кўпроқ). Маршрут такси хизматидан фойдаланиш бир томондан жуда қулай. Транспорт корхоналари раҳбарлари ҳаракат режасини пухта ўйлаб чиққанлар ва эндиликда Бишкекнинг исталган нуқтасига йўналишдаги таксида етиб олиш муаммо туғдирмайди.

Бироқ йўналишларнинг кўпчилиги бир-бирини такрорлайди, ҳайдовчилар эса йўловчи овлаб, ростакам пойга уюштирадилар. «Маршрутчи»лар энг жўн йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, қўл кўтарган киши талабига кўра тўхташлари аллақачон ўзига хос «норма»га айланиб бўлган.

Бишкек «мерс»ларининг салони ўлчовсиз. Ҳайдовчилар машинага қанча одам сиғса, шунча юклайдилар. Шу йўл билан «планни ҳам дўндирган», «чўнтакни ҳам тўлдирган» баъзи ҳайдовчилар йўналишдан чиқиб кетадилар.

Гап шундаки, парклардаги ҳайдовчилар «ижарагирлар» ва «мулкдорлар»га бўлинадилар. «Ижарагирлар» транспорт корхонасига тегишли автомобилларни бошқарадилар ва уларнинг даромади ойига тахминан 150 долларни ташкил этади. Бу тоифадаги ҳайдовчиларнинг иш куни эрталаб 6 дан кеч соат 11 гача давом этади. «Мулкдорлар» эса ўзларининг шахсий «бус»ларида ишлайдилар ва ўз бюжетларини ўзлари режалаштиришлари мумкин. Уларнинг даромади кунига тақрибан 20 долларни ташкил этади.

Бишкек маршрут таксилари парк турли-тумандир. Ишдан чиқай деган, қўрқинчли салонли кўҳна машиналардан ички безаклари ҳаво кемалари салонини эслатувчи янгигина «бус»ларгача бор. Бишкек йўлларида айнан йўловчи ташишга мўлжалланган «мерс»лар унча кўп эмас. Асосан, бу йўловчи ташишга мослаштирилган юк-йўловчи ташиш машиналари ёки юк автомобилларидир.

Расмийлар бишкекликларни жамоат транспорти билан таъминлаш ҳақида кўпам қайғуравермайдилар. Бу масала баъзан кўтарилиб қолади, баъзан эса муаммо вақтинча унутилади.

Бишкек йўлларида автобусни учратиш қийин. Лекин агар сиз автобусни учратиб қолсангиз, унинг маркасини фақат мутахассис бўлган механиккина аниқлаши мумкин, холос.

Бугунги иш ташлаш чоғида йўналишдаги такси ҳайдовчилари ўзларининг асосий талабларини эълон қилдилар. Уларнинг расмийлар олдига қўйган ультиматумлари қуйидагичадир: «Ё дизель ёқилғиси нархларини музлатиб қўясизлар, ёки йўлкира ҳақини икки баробарга кўтаришга тўғри келади». Бу каби талаблар Бишкекда ўтган йилнинг апрель ойида ҳам янграганди. Аммо ҳаммаси жўнгина ҳал қилинганди. Йўлкира ҳақини ошириш талабига жавобан шаҳар мериясида ижарага берилувчи кўплаб машиналар ва транспорт корхоналарининг ҳақиқий хўжайинлари номини айтишни илтимос қилгандилар. Шундан сўнг нархларнинг оширилиши ҳақидаги талаблар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетганди. Шу ўринда савол туғилади. Балки бу манфаатли бизнеснинг ҳақиқий хўжайинлари юқори лавозимли амалдорлардир?

Бу каби оммабоп траспортда йўлкира ҳақларининг оширилиши шаҳарликлар орасида норозилик туғдиришини тушунса бўлади. Ахир ишга бориш ва келиш анча маблағ «ейди»-да. Кундалик қатновлар ойлик маоши ўртача 25 долларни ташкил қилган бюжетчилар чўнтагига сезиларли даражада салбий таъсир қилади.

Ёқилғи нархларини музлатиб қўйишнинг имкони йўқ. Маълумки, ЁММ етказиш билан шуғулланувчи ширкатларнинг барчаси хусусийдир, улар бозор қонунига биноан ишламоқдалар. Албатта, «нефтчилар»дан нархни арзонлатишни илтимос қилиш, «маршрутсчилар»га бу вазиятдан тезда чиқиб кетилажагини ваъда қилиш мумкин, аммо бу билан муаммо ҳал бўлмай қолаверади.

Ҳайдовчилар иш ташлаш билан овора бўлиб, расмийлар эса ўй суриб турар эканлар, Бишкек транспорт бўҳронида қолмоқда. Тўлиб-тошган троллейбуслар, илжайган таксичилар ва кўплаб «сайр қилиб юрган» фуқаролар – бугун Қирғизистон пойтахтида ана шундай манзара кузатилди. Бишкек кўчаларида қачон йўналишдаги такси юра бошлайди? Йўлкира неча пул бўлади? Балки давлат тузилмаларининг қаерларидадир «транспорт шартномаси» тузилар ва ўшанда асаби таранглашган шаҳарликлар тинчланарлар ва доимгидай тўлиб-тошган салонларда йўлкира учун одатдаги пулни тўлаб билан юрарлар.