05:42 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Додожон Атовуллоевнинг «Кун нури» нашридан ким қўрқади?

06.06.2006 18:42 msk

Дм. Камцев суҳбатлашди

Суратда: Додожон Атовуллоев

© Фарғона.Ру фотоси, 2006 йил, март.

Додожон Атовуллоев билан Москвада учрашдик. У ўзининг Тожикистон раҳбариятини қаттиқ танқид қилиш билан ном қозонган «Чароғи рўз» газетасини кўп йиллардан бери айнан шу ерда, қувғинда чоп этаётир. Қуйида муштарийларимиз эътиборига ҳавола этилаётган суҳбатимиз ҳам шу газета ҳақидаги саволдан бошланди.

Фарғона.Ру: - Додожон, сиз ўн йилдан бери газета чиқарасиз ва ҳар доим унинг Раҳмонов режимининг тез орада қулаши ҳақида, Тожикистон Республикасидаги вазият кундан-кунга ёмонлашаётгани тўғрисида ёзасиз… Сиз тарқатаётган хабарларга ҳеч ким ишонмай қўйиши сизни хавотирга солмайдими?

Додожон Атовулло: - Ишониш ёки ёки ишонмаслик муштарийларимизнинг ихтиёрида. Президент Раҳмонов ҳукмронлик қилаётган жойда яшаётган, топаётган нонини чинакам баҳосини биладиган муштарий ихтиёрида. Балки унинг турмуш даражаси ўсгандир, унинг қозонида гўшт пайдо бўлгандир. Аммо бу гўштни унинг фоҳишалик қилишга мажбур бўлган қизи ёки ўз ичагида героин ташийдиган ўғли сотиб олган. Ўзга юртларда – ғурбатда нон топиб ейишга мажбур бўлаётган миллионлаб бақувват ва оқил эркакларга ўрин йўқ мамлакатнинг иқтисоди ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?..

Энди режимнинг тез орада қулаши ҳақида. Мен «Президент» деган сўздан эмас, «Касал» деган сўздан фойдалансам майлими? Бу сўз айни вазиятга кўпроқ тўғри келади. Ёки сиз газеталарда чиққан хабарларга таяниб Тожикистонда баъзан ҳалол сайловлар бўлиб туради, деб ўйлайсизми? Шу сабабдан ҳам биз ўз газетамизда Касал ўлар ҳолатдалиги, барча ташхислар ва тиббиёт қонунларига кўра у яшамаслиги ҳақида ёзамиз. Лекин бир нарсани тушуниш керакки, сиёсий форматда «яшамайдиган киши» баъзан абадият айланиши мумкин. Дарвоқе, замонавий тиббиёт тараққиёти ҳаётни истаганча узоқ муддатга чўзиб туриш имконини беради. Буни фақат табиб тўхтатиши мумкин. Афсуски, айни дамда табиб ролини Тожикистон халқи бажараётгани йўқ.

Бошқача қилиб айтганда, Раҳмонов режими аллақачон оғир беҳушлик ҳолатига тушиб қолган, аммо Касалнинг тахтда қолишига имкон бераётган ташқи кучлар бор.

Фарғона.Ру: - Раҳмоновнинг ҳокимият тепасида бу қадар узоқ ўтириши унинг моҳир сиёсатчи эканидан дарак бермайдими?

Додожон Атовулло: - Ҳақиқий сиёсатчи кучига кўра, Касал эса унинг ожизлик даражасига кўра баҳоланади. Тобелик ҳақиқий сиёсат билан шуғулланмасдан мазкур минтақада ўз иқтисодий муаммоларини ҳал қилаётганлар учун ўта қулай ресурс бўлиб ҳисобланади. Айтиш керакки, булар менинг мамлакатим манфаати билан ҳар доим ҳам мос келавермайди. Жўнроқ қилиб айтганда, Касал ўз режимини сақлаб қолиш учун ўз Ватани ресурсларидан, ўз фуқаролари ҳаётидан фойдаланмоқда.

Дарвоқе, кадрлар сиёсатида ўтмишда қанақадир гуноҳчалар қилиб қўйган кишилар номзодини кўрсатиш ҳам тез-тез содир бўлиб туради. Бу ҳолат уларни бошқаришни осонлаштиради.

Фарғона.Ру: - Эмомали Раҳмонов шахсан Сизга нима ёмонлик қилди? Нима учун сиз журналист бўла туриб у ҳақида гапирганда энг эмоционал сифатлашларни ишлатасиз?

Додожон Атовулло: - «Шахсан мен ҳақимда» деганингиз нимаси? Биласизми, авваллари мени Қуръондаги «Инсон Яратган севган махлуқ» деган оят чинакамига ҳайратга солганди. Мен даставвал «қандай қилиб Раҳмонов Аллоҳнинг севган махлуқи бўлиши мумкин?», дея танг қолгандим. Кейин тушундим – бўлиши мумкин экан. Инсон сифатида менинг Раҳмоновга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ. Унинг севимли хотини бор, у ҳаётини болаларига бағишлади ва ҳаётда муайян муваффақиятларга эга бўлди – нима бўлганда ҳам совхоз партия ташкилотининг котиби бўлган-да. Эҳ, қанийди у шу ерда тўхтаб қолса… Аммо унга омад кулиб боқмади – у президент бўлди. Менда унинг президентлигига нисбатан эътироз бор, чунки у бу ишни эплай олмади ва бу билан менинг мамлакатимга зиён келтирди.

Менга Френсис Бэконнинг бир гапи ёқади. У одам маймунга ўхшайди: тепага чиққан сайин, ўз кетини кўпроқ намойиш қилади, деганди. Собиқ партия котиби шундай баланд жойга чиқиб олдики, унинг танасидан фақат бир қисми кўринаяпти, холос.

Шу сабабдан бизнинг президент ҳақидаги кузатишларимиз бир томонлама бўлиб қолаётгани табиийдир.

Лекин, ҳазилни бир чеккага қўйиб турадиган бўлсак, биз инсоннинг шахсий сифатларига унча кўп эътибор қаратмаймиз. Мана қаранг. Музлатгич чиқарадиган завод директори ишининг самарадорлигини қандай қилиб аниқлаш мумкин? Чиқаётган маҳсулотнинг сони ва сифатига қараб, шундаймасми? Давлат ҳам ўзига хос корхонадир ва у одамларни «ишлаб чиқаради». Сон ҳақида нима дейиш мумкин? Тожикистонлик жудаям оз. Сифат ҳақида нима дейиш мумкин? Республикадан «тожик бўлмаган»лар кетиб қолганлиги ҳақида айтмай қўя қоламиз – бу узоқ йилларга етадиган кулфат бўлди. Шахс сифатига нима бўлганини бир кўринг. Раҳмонов ҳукмронлиги даврида саводсиз ва руҳсиз бир неча авлод (тинчлик пайтида отасиз!) улғайди.

Москвада фаррош тожикни кўриб қолганимда эса кўз ёшларим ичимга оқади. Менинг халқимга фақат шу ерда ва фақат шу лавозимда талаб бор. Мен бизнинг тараққиётдаги юксак парвозлар ўтмишда қолиб кетганлигини тушунаман, лекин ўз мамлакатимизни цивилизациядан ажратиб қўйиш нимага керак эди!

Афсуски, мен унинг Касал эканини дарров фаҳмлай олмаган эканман. Шунинг учун уни турли сифатлар билан сифатлаганим учун таассуфдаман. Аммо эндиликда касални даволаш ва ундан нафратланиш бирга бўлолмаслигини тушуниб турибман. Сил касаллари ётадиган хосхонага кирган табиб жирканмаслиги ва нафратланмаслиги лозим. Унинг бурчи беморни даволаш. Шунинг учун менда ҳеч қандай нафрат ҳисси йўқ. Ғазаб ва қонга ўчлик ҳам йўқ. Аммо аниқ ва равшан англаш керакки, тахтдаги Касалнинг ҳаётини (қайтариб айтаман, гап жисмоний ҳаёт ҳақида эмас) фақат Тожикистон халқи белгилаши керак.

Шахсан менга нима қилганига келсак… Билмайман, мана бир неча йилдирки, уйқудан уйғонар эканман, олдимда онам йўқлигини кўраман. Отам қабри олдида ўтирмаганимга минг йил бўлди. Мен аллақачон мактабга бораётган, аммо бирор маротаба ҳам олдимга келмаган кўп жиянларимни кўрганим йўқ. Аммо мен бунда Раҳмоновни айбламайман. Мен бу йўлни ўзим танладим ва беҳуда танламадим, дея умид қиламан. Менинг ҳаётимда ҳақиқий фожеа юз берди – мен озодлик ҳавосидан тотиндим ва энди ҳеч қачон ҳеч ерда эрксизликда яшай олмайман.

Интервьюнинг давомини бу ерда рус тилида ўқишингиз мумкин.