03:42 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент бозорларида тарвузлар одатдагидан бироз аввал пайдо бўлди

06.06.2006 10:50 msk

Ўз. ахб. (Тошкент)

© Фарғона.ру фотоси

Ўзбекистон бозорларида азалдан май ойи қулупнай мавсуми, июнь ва июль мевалар ойи, август тарвуз ва қовун ойи, сентябрь эса сабзавотлар ва узум ойи ҳисобланади. Аммо бу йил янги ҳосил биринчи тарвузлари май ойи ўрталаридаёқ сотувда пайдо бўлди, ёзнинг дастлабки кунларида эса улар шунчалик кўпайдики, нархлар бир килоси 1000-1200 сўмдан ($1 га яқин) 300-400 сўмгача ($0,5 дан камроқ) тушиб кетди.

Нархлар тушишининг сабаби харид талабининг йўқлигидадир. Ахир ҳатто қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмайдиган шаҳарликларга ҳам «эртаки» полиз маҳсулотлари кейинги йилларда пленка остида етиштирилаётгани маълум-да. Агар баҳорда қуёшли кунлар кўп бўлса, тарвуз полизларини март ойи охирида пленка билан қопланиб, бир ойдан кейин хамак тукканидан кейин олиб ташланади. Яна 2-3 ҳафта қуёш чарақлаб турса, эртапишар тарвузлар сотиш мумкин бўлган ҳолга келади. Тарвуз гўштининг қип-қизиллиги ё навнинг зўрлиги ёки, яшириб нима қилдик, унинг кимёвий дорилар, масалан, марганцовка билан эмланганлигини далолат беради.

Июнь ойи тарвузлари. Фарғона.Ру фотоси
Июнь ойи тарвузлари. Фарғона.Ру фотоси
Аммо «иссиқхона» тарвузларининг таъми ва фойдалилиги «ростмана», ўртапишар ёки кечпишар навлардан қолади. Шунинг учун ҳам синчков харидорлар ҳақиқий «тарвуз мавсуми» - август ойини кутишни маъқул кўришиб, эртанги ҳосилдан шодланишга шошилмаяптилар.

Умуман олганда, бу йил ҳақиқатан ҳам ёзги мавсум одатдагидан бир ой-бир ярим ой аввал келади, шекилли. Баҳор жуда иссиқ ва қуёшли келди. Шаҳарликларни хурсанд қилган ёзнинг ёмғирли биринчи кунлари синоптикларнинг тахминига кўра яқинда +40 даражали июль жазирамаси билан алмашади. Бунақа шароитда полиз маҳсулотлари тез етилади.

2006 йилда Ўзбекистон Агросаноат комплекси Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини охирги йилларда етказиб берилган 300-500 минг тонна ўрнига 1 миллион тоннагача оширмоқчилигини маълум қилган. Бу қарор Россия давлати раҳбари Владимир Путин РФ қишлоқ хўжалик вазирлигига Ўрта Осиёдан мева ва сабзовот сотиб олишни таклиф этганидан сўнг шу йилнинг январь ойидаёқ қабул қилинганди. «Россия темирйўллари» ОҲЖ 1 мартдан бошлаб тез бузилувчи юклар ташиш нархларини Ўзбекистон учун 50 фоизга арзонлаштирди. Президент Ислом Каримовнинг махсус қарори билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида боғдорчилик ва узумчилик унумдорлигини ошириш, мева ва сабзавотлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилган, бўш ётган давлат экинларидан улуш олган фермерлар ва ижарагирларга имтиёзлар берилганди.

Бу кенг кўламли кампаниянинг авж олдиришга фақат давлат режасига бўйинсунмайдиган омил - об-ҳаводан чўчиб турилганди. Аммо, афтидан, иқлим ҳам Ўзбекистон Агросаноатига ёрдам беришга қарор қилган кўринади. Бу мавсумда Ўзбекистон пилла йиғиб териб олишни якунлаб, дон экинларини йиғиб олишни бошлашга тайёрланмоқда. Тахмин қилинишича, табиат мева ва сабзавот ҳосили бўйича давлат режасини бажаришда ҳам тўсқинлик қилиб ўтирмаса керак.

Ўзбекистон фермерлари учун эса табиат кўмаги бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ.



 

Реклама