23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Парламент депутати мамлакат президентининг укасини жиноятчига ҳомийлик қилишда айблади

04.06.2006 12:56 msk

«Лица», ўз. ахб. (Бишкек)

Қирғизистон парламенти депутати Қодиржон Ботиров Бишкекда чиқадиган “Лица” газетасига берган интервьюсида мамлакат президентининг укаси Аҳмад Бакиевни “Қора Ойбек” лақаби билан машҳур бўлган хавфли жиноятчига ҳомийлик қилишда айблади.

Депутатнинг сўзларига қараганда, “Қора Ойбек” кучайтирилган режимдаги колонияда ўтирган. Уни осонгина аввал Ўш шаҳридаги тергов изоляторига, кейин Жалолободдаги психодиспансерга, ундан кейин урология касалхонасига ўтказишади. Бугунги кунда “11 йилга озодликдан маҳрум қилинган жиноятчи бемалол шаҳарда ялло қилиб юрибди”.

“Улар нима деб ёзиб, нима деб гапиришса ҳам, бутун Жалолобод биладики, уни Аҳмад Бакиев чиқариб олди, анави “чойнак” эса – Тимирбаевни одамлар орасида шундай деб аташади – доимо “Қора Ойбек”нинг хизматини қилиб келган. Энди у (Тимирбаев) вилоят ички ишлар бошқармасига бошлиқ бўлиб қолди”, - дейди Қ. Ботиров “Лица” мухбири билан суҳбатда.

Депутатнинг таъкидлашича, у билан бир маҳаллада яшаган, “Қора Ойбек” лақаби билан машҳур бўлган Ойбек Мирсидиқов ҳаётда ҳеч ким бирор жойда ишламаган оилада ўсиб катта бўлган. Улар фақат жиноий йўл билан тирикчилик қилишган.

“У бир неча бор қонунларни бузган, лекин доим жазосиз қолиб келган. Унинг ака-укаларидан бирини Москвада, бошқасини Жалолободда жиноий тортишувларда ўлдиришган”.

Яқинда «Фарғона.Ру» муддатидан олдин қамоқдан чиққан “Қора Ойбек”нинг отишмада ишитрок этиб, ДАН ходимига қўл кўтариб улгургани тўғрисида ёзган эди.

Депутатнинг айтишича, “Қора Ойбек” бир милиционерни уриб қўйгандан кейин ҳибсга олинган. Бироқ одамлар кўрсатма беришдан қўрқиб турганда Қодиржон Ботировнинг аралашуви билан у жиноий жавобгарликка тортилиб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ботировнинг фикрича, “Қора Ойбекни” айнан унга қарши ишлатиш учун қамоқдан чиқариб олишган.

“...Вилоят губернатори ҳам, шаҳар мэри ҳам, прокурор ҳам, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳам Аҳмад Бакиевнинг ўзи. У шунчаки хон бўлиб қолган. Менга қарши бир неча иш қўзғади. Лекин қамай олмади. ... Кейинроқ ўша “Қора Ойбек”дан фойдаланишга ўтди. Ахир мен уни қамашга ёрдам бердим, демак “Қора” мени душмани деб ҳисоблайди”, - дейди депутат.

Ўзига қарши бу ҳаракатларнинг сабабини Ботиров ўтган парламент сайловларида президентнинг укаси Жусуп Салиевични биринчи босқичдёқ енгиб олгани билан тушунтиради.

“Бу ҳолатни Қурманбек Салиевичнинг ўзи эмас, унинг укаси Аҳмад Салиевич жуда оғир қабул қилди”, - дейди депутат ўзининг интервьюсида.

Шуни айтиб ўтиш керакки, яқинда парламент депутатларидан бири республика адлия вазирига мурожаат қилиб, агар депутат Қодиржон Ботировга бир нарса бўлса, бунинг учун биринчи галда у жавоб беришини эслатган эди. Шундан буён “Қора Ойбек”нинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Қодиржон Ботиров ўзининг интервьюсида бу ҳақда шундай дейди:

“Менинг ишончим комилки, унинг жиноий қидирувда экани навбатдаги ёлғон”.



 

Реклама