12:25 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бухорода ҳатто чоллар ва болалар ҳам тирикчилик кўйида ишлашга мажбур бўлмоқдалар

01.06.2006 18:55 msk

Ўз ахб.

Бухородаги иқтисодий қийинчиликлар нафақат мардикорларни, балки ёши ўтган кишилар ва болаларни ҳам кўчага чиқиб, иш излашга мажбур қилмоқда. Айнан чоллар ва болалар бугунги кунда мамлакатдаги ижтимоий жиҳатдан энг ҳимояланмаган қатлам бўлиб ҳисобланади. Гарчи Ўзбекистон расмийлари мамлакатда ижтимоий ҳимоя бўйича турли дастурлар олиб борилаётганлиги ҳақида доимий равишда бонг уриб келаётган бўлсалар ҳам, ҳақиқатда бунинг акси кўзга ташланади.

Фарғона.Ру АА фотоси
Фарғона.Ру АА фотоси

«Дарсдан кейин темир-терсак қидиришга тушаман, - дейди Бухоро мактабларидан бирида ўқийдиган 13 ёшли Темур. – Бир кунда ҳатто беш килогача темир йиғишим мумкин. Ўғирлаб оларкан, деб ўйламанг: ахлатхоналарда темир тўлиб ётибди. Уни қидириб топиш керак, холос».

Темур онаси билан яшайди. Отаси уларни бир неча йил аввал ташлаб кетган. Онаси ишсиз. Бу боланинг нимжон елкаларига ўзи ва онасини боқиш ташвиши юкланган. Бир кило темир учун у бир неча сўм пул олади. Кунига нонга яраша пул топишга эришади. Ана шу тариқа кун кечиради.

«Орзуим - катта бўлгач, Россияга кетиш, - дейди у. – Русчани яхши биламан. Ҳозир Бухорода кўпчилик катталар иш топа олмаяптилар. Шунинг учун ҳам Россияга кетмоқчиман. Агар бой бўп кетсам, онамга ҳам яхши бўлади».

Бухородаги ёши ўтган кишилар бирор жойга пул топиб келиш учун боришни орзу ҳам қилмайдилар. Мана бу аёлнинг ёши олтмишдан ошган. Охирги беш йил мобайнида у ҳар куни кўчага чиқиб, писта ва сигарет сотади. Унинг нафақаси бор-йўғи йигирма икки минг сўмни (20 АҚШ долларига яқин) ташкил этади.

Фарғона.Ру АА фотоси
Фарғона.Ру АА фотоси

«Футбол бўладиган кунлари савдо-сотиқ роса қизийди, - дейди у. – Шунақа кунлари мендан кўп одам қовурилган писта ва сигарет сотиб олади. Одатдаги кунларда эса бир ярим-икки мингга ишлайман. Худога шукур, етиб турибди. Мени ким ҳам ишга оларди?..»

Бухоро шаҳридаги «Дулкушо» марказий бозори дарвозаси олдидамиз. Кун роса қизиган пайтда бу ерда бу йил етмиш ёшга кирадиган отахон ўтириб, дудланган балиқ сотади.

Фарғона.Ру АА фотоси
Фарғона.Ру АА фотоси

«Савдо суст. Кўпинча бозор маъмурияти ҳайдаб солади. Бу ерда ўтиришимни исташмайди. Мен уларга бу ерда ўтиришга мажбурлигимни, муҳтожлик сабабли савдо қилишимни тушунтираман. Баъзан ачинишиб, тегишмайди», - дейди оқсоқол.

Бухоролик кардиолог врачлардан бирига кўра, бугунги кунда тез ёрдамга айнан қон босими ошган ва юраклари хасталанган қариялар тез-тез мурожаат қилмоқдалар. Мутахассиснинг фикрича, юрак-қон томир хасталикларининг ошишига «ёши ўтган кишилар турмуш қийинчиликлар ҳақида бугунги кунда аввалгидан кўра кўпроқ» бош қотираётганлари сабаб бўлмоқда. Кишиларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганлари ҳозирда юраги хасталарнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Бухородаги тез ёрдам касалхоналарида ҳар куни битта қария вафот этади. Бундан ташқари, ҳар куни ўртача ўнга яқин киши юрак касаллиги билан мурожаат қилади. Уларнинг кўпчилиги ёши ўтган кишилардир.



 

Реклама