03:58 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати мардикорларда ижтимоий-иқтисодий мауаммоларни эмас, сабабларни кўрмоқдалар

31.05.2006 22:05 msk

Диёр Сўғдиев (Cамарқанд)

Ўзбекистон қишлоқларида ишсизлик даражасининг катталиги одамларни мардикор бозорларга чиқармоқда. Бугун биз ўқувчиларимизга мардикор бозорларидан бирида тайёрланган репортажни хавола қилмоқдамиз. Имконятдан фойдаланиб, барча ўқувчиларимизга бу борадаги фотосуратларни жўнатишни таклиф қиламиз. Улардан энг яхшилари “Фарғона.Ру” галереясига жойлаштирилади.

* * *

Тойлоқ ва Самарқанд туманларини бўлиб турган катта чанг кўча. Йўл четларида соясига одамлар беркинаётган унча катта бўлмаган дарахтлар. Одамлар кўп. Аёллар, эркаклар, ўсмирлар... Улар йўл четида машина тўхташи билан ўша томонга югурадилар ва хизматларини таклиф қиладилар. Иш берувчи керакли мардикорларни танлаб олгач, қолганлари яна дарахт соясига беркинадилар ёки кейинги автомобиль томонга югурадилар.

Мардикор бозорга киришимиз билан биз томонга одамлар югура бошладилар. Биз уларни баланд овозда огоҳлантирдик: “Биз ишга ёлламоқчи эмасмиз!”. Лекин шунга қарамай, бизни аёллар ўраб олди. “Ишга келдингларми?” “Йўқ”. “Унда нима керак?”. “Биз редакцияданмиз, сиз билан гаплашмоқчимиз”. “Бир тийинлик фойдаси борми сизлар билан гаплашгандан?”, - дейди аёллар ва четга чиқадилар. Журналистлигимизни эшитган эркаклар бизга яқинлашадилар.

- Мен бир неча кун аввал ишсиз қолдим, мана менинг меҳнат дафтарчам, - дейди мардикорлардан бири. – Аввалги ишимда 50 минг сўм (40 доллар) ҳақ олардим. Бу пул етмасди, оилам катта. Мардикор бозорда ундан кўра кўпроқ пул топаман.

- Мен фабрикада 30-35 минг сўм олардим. Уни ҳам икки-уч ой кечиктиришарди, -дейди ўттиз-ўттиз беш ёшдаги аёл. – Кейин фабрикани ёпиб қўйишди. Қаёққа боришим керак эди? Уч болам бор, эримга ҳам вақтида иш ҳақи тўлашмайди. Шунинг учун бу ерга ишга чиқамиз.

Бу мардикор бозор саккиз йилдан бери ишлайди. Аввалига бу ерга эркаклар чиқишарди. Кейин улар сафига аёллар ҳам қўшилди. Айримлар мардикор бозорга эрлари билан бирга чиқадилар. Болалар эса уйда қолади. Фожеалар ҳам кўп бўлиб туради. Масалан, мардикорлардан бирининг уч ёшли қизи бир ёшдаги укаси ётган бешикни ағдариб юборган ва гўдак нобуд бўлган.

- Нима қилайлик?, - дейди аёллардан бири. – Завод, фабрикалар ишламаса, колхоз-совхозлар тарқатилган. Меҳнат биржасига мурожаат қилсак, жуда оз иш ҳақи тўланадиган ишларни таклиф қилишади. Агар яхши иш бўлганда шу ерга чиқармидик.

Бозор эрталабки соат тўртдан ишга тушади. Бу ерга турли туманлардан одамлар келади. Вилоятда учта аёллар мардикор бозори бор экан. Уларнинг энг йириги мана шу бозор.

Аёллар кунига ўртача 3-4 минг сўм. Эркаклар 5-7 минг сўм ишлашар экан. Бизнинг кўз олдимизда мардикор бозорга келиб тўхтаган “Жигули” машинасига бир аёл ўтирди. Орқа ўриндиқда ўтирган семиз эркак аёлни елкасидан қучоқлаб нимадир деди.

- Яшириб нима қилдик, айрим аёллар бу ерга таналарини сотгани келадилар, -дейди овозини пастлатиб йўлнинг нариги томонида тўпланиб турган юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси Р. – Уларнинг ўзлари буни айтишмайди. Лекин биз бу ерда кўп йиллардан бери турамиз, уларнинг ҳар бири нима учун чиққанни яхши биламиз. Ишлайдиган аёлларни эрталабданоқ олиб кетишади. Тушгача бу ерда фақат иш берувчининг чўнтагига кўз олайтириб, енгил пул топиш иштиёқида бўлганлар ва танасини сотадиганлар қолади.

Мардикорларга кўра, Nойлоқ туман милицияси бу ерга келганда ҳамма Самарқанд тумани ҳудудига ўтиб олади ва аксинча. Ҳукуматнинг иши шу билан тугайдими?

- Юринг, мен сизга меҳнат биржасидаги одамни кўрсатаман, - деб бизни вагон томонга етаклайди Р. Бироқ, меҳнат биржасидаги одам иш ўрнида йўқ экан. Мардикорларга кўра, унинг иши бу ерга кунига қанча одам келишини ҳисоблаш бўлар экан.

- Бу ерда мардикорлар учун махсус жой қурмоқчилар, - деб тушунтиради Р. – Бу ерда ҳамма мардикорлар тартиб билан ўтирадилар. Мижозлар эса меҳнат биржаси вакилига мурожаат қилади. Биржа вакили эса керакли мардикорларни топиб беради. Бизга айтишларича, чек системасини киритишар экан. Мардикор чек бўйича 100-200 сўм тўлар экан, лекин бу қадар қийналмайди. Кейин хавфсизлик ҳам таъминланади. Мардикор бозорга ҳар хил одамлар келиб ишчи ёллайдилар.

Мардикорлар бозори бир йилдан бери қурилмоқда. Қурилиш қачон якунланиши ҳали номаълум. Бундай чоралар қандай кўмак беради ҳали номаълум. Ахир мардикор бозорлар ижтимоий-иқтисодий муаммолар натижасидир.



 

Реклама