19:35 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Яшагим келяпти!”: Тошкентда актёр Евгений Дмитриевни хотирлаш маросими бўлиб ўтди

31.05.2006 21:35 msk

Сид Янишев

29 май куни Тошкентдагит Сергей Есенин музейида “Илҳом” театрининг етакчи актёри бўлган Евгений Дмитриевни хотирлаш маросими ўтказилди. Театрнинг уч ёш актёри – Владимир Юдин, Александр Борисов ва Глеб Косихинлар асосан Василий Шукшиннинг юмористик ҳикояларини ўқидилар.

Евгений Дмитриев кейинги йилларда “Илҳом” театрида рол ижро этиш билан биргаликда, ёш санъаткорларга “Саҳна нутқи”дан ҳам даср берган эди. “Илҳом” студиячилари ўз нутқларининг равонлиги учун ундан миннатдорлар.

Кечанинг номи Шукшин ҳикояларидан бирининг сарлавҳасидир: “Яшагим кляпти!”. Бу ҳикоя лагердан қочган жиноятчига қурол ва озиқ-овқат топиб берган ўрмончи тўғрисида. Бу хизмати учун у жиноятчи томонидан отиб ташланади.

Евгенийни хотирлаш учун кўп одам келди. Есенин музейи залига ҳамма сиғмади. Одамлар йўлакларни, кўчани ҳам тўлдирдилар. Улар кечани очиқ деразалар ва эшиклардан кузатдилар. Кеча давомида ҳамма томошабинлар фақат кулдилар, кеча якунида эса йиғладилар. Женя ўз ўқувчиларини яхши тарбиялабди, афсуски у энди ўзи ўйнай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Евгений Дмитриев 4 май куни 32 ёшида Москвадаги Склифосовский номидаги илмий тадқиқот институтининг куйишларни даволаш бўлимида вафот этганди. Шифокорларга кўра, Евгений баданининг 50 фоизи ва ўпкасининг 70 фоиз ташқи қисми куйиб кетган экан.

Унинг ўлимидан бир неча кун олдин у ва Борис Ғофуров Москвада яшаётган квартирага номаълум одамлар ўт қўйиб юборган эдилар. Борис ва Женя мўъжиза туфайлигина ёнаётган квартирадан чиқиб кетганлар. Бориснинг қўл ва юзи куйган эди. Борис Ғофуров соғайиб саҳнага қайтди. Женяни эса сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.