20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов Андижон воқеаларидан сўнг иқтисодий сиёсатни ўзгартирмоқда

25.06.2005 12:57 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистон президенти яқин кунларда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи ўнлаб қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилишини эълон қилди. Бу ўзгартишлар тадбиркорлик устидан назоратни янада кучайтиришга эмас, аксинча, уларнинг эркинликларини кучайтириш ва давлат рэкетидан ҳимоя қилишга қаратилган бўлади.

Эътироф этиш лозимки, миллий иқтисод борасида бу каби ўзгаришлар бўлишини кўпчилик кутмаган эди. Аниқроғи, бу ўзгаришларни ўз ҳукмронлиги даврида иқтисодни таназзулга учратиб, Ўзбекистонни энг камбағал давлатлардан бирига айлантирган Ислом Каримовдан кутмаган эдилар. Охирги йирик иқтисодий ислоҳот бу мамлакатда бир ярим йил аввал ўтказилганди. Ислом Каримов халқаро молия институтлари босими остида миллий валютанинг конвертация қилинишига рози бўлган эди.

Большевикларнинг ўтган аср 20 – йилларида ўтказган Янги Иқтисодий Сиёсати (ЯИС) ва Каримов ўтказмоқчи бўлган ислоҳот ўртасида деярли фарқ йўқ. Ҳар иккаласи ҳам мажбурийлик маҳсули бўлиб, қайнаб турган қозондан буғни чиқариб юбориш мақсадини кўзлаган.

Ўзбекистон халқининг сабр–косаси тўлганлиги ўтган йилдаёқ аён бўлганди. Ўшанда одамлар савдо фаолиятидаги чекловларга қарши кўплаб норозилик чиқишлари қилдилар. Қўқондаги намойиш пайтида оломон милициянинг икки машинасини ёқиб, ҳуқуқ–тартибот тизими ходимларини тошбўрон қилди.

Бу каби воқеалар жорий йилда Жиззах вилоятида кузатилди. Бу ерда ҳам милицияга қарашли бир неча автомобиль ёқиб ташланди. Пойтахтда эса АҚШ элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди. Қашқадарё вилоятидан келган ўнлаб одамлар элчихона олдига чодирлар тикишди.

Бу каби чиқишларда одамлар сиёсий эмас, ижтимоий талабларни кўтармоқдалар. Бироқ, амалдаги ҳокимиятнинг ўзлик ғаризаси анча ривожланган, у агар намойишлар бутун мамлакатга тарқалса, сиёсий тус олиш хавфи борлигини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам ўтган йили ҳукумат президент томонидан тасдиқланган янги тартиб – қоидаларни тан олмай, эски меъёрлар асосида ишлаётган қўқонликлар ҳаракатига кўз юмиб келмоқда.

Бу намойишларнинг энг сўнггиси Андижонда бўлди. Андижон воқеаларидан хулоса шуки, юритилаётган иқтисодий сиёсатдан мадори қуриган халқ ҳар қандай нарсага тайёрдир. Республика ҳукуматига қаратилган танқидлардан аниқ бўлдики, агар бу сиёсат яна юритилаверса, у ҳукуматнинг инқирозига сабаб бўлади.

Шундан келиб чиқиб, ҳукумат шошилинч тарзда бундан ўн–ўн икки йил аввал амалга ошириши лозим бўлган ишни – тадбиркорликни ҳимоя қилишга қаратилган қонунларни қабул қилишга киришди.14-июндан бошлаб бир неча кун ичида президентнинг Ўзбекистон учун инқилобий бўлган фармонлари эълон қилинди. Бу фармонларда биринчи марта тадбиркорлар фаолиятига қонунсиз тарзда аралашган ҳукумат амалдорлари жавобгарликка тортилиши ҳақида гап боради. Бу билан шу кунгача тадбиркор устидан чексиз ҳукумронликка эга бўлган қатламнинг нафси чекланади. Алоҳида бандда айтилишича, тадбиркорларга етказилган зиён мана шу зиённи келтирган назорат органи зиммасига юкланади ҳамда зарар зарарни етказган амалдорнинг шахсий маблағидан қопланади.

Албатта, бу фармонларнинг аҳамиятини кўпиртириб бўлмайди. Ташкилланган айни тизимда фармонлар ҳеч нарсани ўзгартиролмайди ва эски хаммом, эски тослигича қолаверади. Фақат арзимас ўзгаришлар юз бериши мумкин. Ҳукуматнинг иқтисодга аралашувидан аранг нафас олаётган мамлакат учун, ана шу арзимас ўзгаришлар ҳам катта воқеадир. Ахир иқтисоддаги арзимас тараққиёт ўн – ўн беш минг оиланинг турмуши бир оз бўлса ҳам фаровонлашади, деган гапдир.

Саволлар ҳам туғилади. Масалан, президентнинг иқтисодий жиҳатдан саводсизларча фармон ва кўрсатмалари натижасида келтирилган зарарни ким тўлайди? Ўзбек бизнесига тўғаноқ бўлаётган нарса яхши қонунларни нотўғри ижро этаётган майда амалдорлар эмас, Ислом Каримов ва унинг коррупциялашган аъёнлари томонидан ўз манфаатларини кўзлаб чиқарилган қонунлар экани хеч кимга сир эмас.

Далил қидириб бош қотириш шарт эмас, уч йил аввал ҳукумат томонидан ўтказилган “савдони тартибга солиш” кампаниясини эслаш кифоя. Ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ҳукумат мамлакатга олиб кирилаётган истеъмол моллари божини 90 фоизга оширди ва аввал олиб кирилган маҳсулотларни сотиб тугатилишига бир неча ой вақт берди. Кимки бу вақт ичида маҳсулотини сотиб тугатолмаса, мол мусодара этилар ҳамда мусодара этилган маҳсулотлар дўконларида сотилар эди. Оммавий талашнинг бу жараёни инқилоб давридаги талончиликни эслатар, фақат у қонун билан ниқобланган эди. Солиқ нозирлари дўконлардан ўн минг долларлаб маҳсулотларни мусодара қилардилар. Юрак хуружидан аранг омон қолган тадбиркор судга мурожаат қилганида эса “Сиз ҳақсиз. Аммо маҳсулот сотилиб, пул хазинага тушган. Юқоридагилар сизнинг фойдангизга қарор чиқармаслигимиз тўғрисида кўрсатма берганлар”, деган жавобни олади. Бундай воқеалар натижасида хонавайрон бўлган одамлар юз минглаб топилади.

Ҳукумат ўзи инқирозга учратган иқтисодда ислоҳотлар ўтказиш вақти етганини тушунгани учун эмас, мажбур бўлганидан тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ҳужжатлар, қарорларни қабул қилмоқда. Андижон исёнига ўхшаш яна бир норозилик бўлса, ҳукумат катта миқдордаги бож тўловларини олиб ташлашга ва ҳатто чегараларни ҳам очишга мажбур бўлиб қолади. Афсуски, бунинг учун оммавий исён ёхуд одамлар умри керак бўлмоқда.