02:05 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда намойиш ўтказиш анъанага айланмоқда

30.05.2006 21:46 msk

Фирдавсий, ўз мухб.

- 2005 йилнинг 24 мартидаги инқилобдан кейин Россия таҳлилчиларидан бири Қирғизистон жанубини Ўзбекистонга, мамлакат шимолини эса Қозоғистонга ўтказиб бериш керак, деган фикрни айган эди, - дейди ўшлик журналист Жилдиз Бекбаева.

Яқинда у кўплаган митинглардан бирида милиция ходимлари эмас, акция иштирокчилари томонидан калтакланган.

- Орадан бир йил ўтгачгина мен бу сўзларнинг маъносини тушуна бошладим. Биз ўз давлатимизда тартиб ўрната олмаяпмизми, демак қўшниларнинг ёрдамини қабул қилишимиз керак. Кичкинагина Қирғизистонда йилига икки мингдан ортиқ митинг, намойиш ва бошқа норозилик акциялари ўтказилиб туришининг ўзи мамлакатимизнинг қандай сиёсий аҳволга тушиб қолганини кўрсатиб турибди.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакатда кунига камида иккита рухсат этилмаган митинг бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг ўтган бир неча ойида 245 митинг ва намойишлар ўтказилган.

- Қирғизистон бора-бора митинглар мамлакатига айланиб бормоқда, - дейди ўшлик эксперт Алмаз Исманов. – Менимча, 2005 йилнинг 24 мартидан кейин Қирғизистонда ҳақиқий митинглар синдроми пайдо бўлди. Одамлар уйи олдидаги ахлатни олдириш учун ҳам митинг ўтказиб, кўчаларни тўсиш керак, деб ҳисоблмоқдалар. Мен буни эпидемияга айланиб бораётган касаллик деб ўйлайман.

Одамларни иккинчи йил давомида митингларга чиқишга нима мажбур қилмоқда? Инқилобий ажиотажми? Митингбозлик синдромими? Ёки ҳар ҳолда вазиятнинг боши берк кўчага кириб қолганими?

- Қирғизистон – Марказий Осиёда маълум сиёсий қарашдаги одамлар митинг ва норозилик акциялари орқали ҳокимиятга таъсир ўтказишга ҳаракат қилаётган ягона мамлакат, - дейди бишкеклик сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов. – Бироқ медалнинг иккинчи томони ҳам бор. Одамларнинг бошқа қиладиган ишлари йўқ. Митингларнинг асосий иштирокчилари ишсиз юрган одамлар. Митингларда эса ҳар ҳолда бироз кўнгил ёзиш, тўпланиб қолган ҳис-туйғуларни ташқарига чиқариб олиш мумкин. Учинчиси: Қирғизистонда ҳалигача ривожланишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилмаган. Одамлар мамлакатнинг қаёққа қараб кетаётгани, уни қандай бошқаришаётганини билишмайди. Одамлар чиндам ҳам мамлакат келажаги учун қайғуриб, янги авлод олдида масъулиятни ҳис қилишаётган бўлишсада, бу ҳам митинг синдроми деб аталаётган нарсанинг бир омили.

Республика “Халқ бирлиги ва бирдамлиги” партиясининг раҳбари Аъзамжон Акбаровнинг фикрича, баъзида маҳаллий ҳокимият вакилларининг ўзлари ана шундай митинг ва намойишларга сабаб бўлиб қолмоқдалар.

- Мустақилликнинг охирги ўн беш йилида ҳокимият халқдан жуда узоқлашиб кетди, - дейди Аъзамжон Асқаров. – Мен ўзларининг маиший ва ижтимоий муаммоларини ҳал қилиб беришни сўраб юз мартадан ҳокимият органларига мурожаат қилган одамларни биламан. Бироқ улар доим биргина жавобни эшитишади: “бугун республикадаги аҳвол оғир, бироз кутиб туринглар, сизнинг масалангизни навбати келганда ҳал қилиб берамиз”. Лекин кечирасиз, яна қанча чидаш мумкин? Бошқа чидай олмай қолган одамлар кўчага чиқмоқдалар. Фақат ана шундай тадбирдан кейин ҳокимият уларга эътиборини қаратмоқда.

Қирғизистон президенти митинглар, намойишларни ўтказиш мамлакат фуқароларининг позициясини баён қилиш шакли эканини айтди. Бироқ айрим одамлар буни пул ишлаб топишнинг ўзига хос йўли деб ҳисоблашади.

- Менинг ўзим тез-тез телевидение орқали ва ўзим кузатувчи сифатида иштирок этган митингларда кўраманки, одатда айрим одамлар ва гуруҳлар турли сабаблар билан ўтаётган ҳар хил, ҳатто турли сиёсий қарашлардаги митингларда қатнашаверадилар, - дейди Алмаз Исманов. – Бу одамлар учун митингларда иштирок этиш фойда келтирувчи бизнесга айланиб қолди.

Ўш вилояти губернаторининг матбуот котиби Алишер Тўқсонбоевнинг сўзларига қараганда, Қирғизистон энг кўп митинг ўтказиладиган мамлакат бўлса ҳам, унинг аҳолиси митинглар ўтказиш маданияти ҳақида тушунчага эга эмас.

- Ҳокимиятга босим ўтказиш учун одатда бизда йўллар ва кўприкларни тўсиб олишади. Баъзида эса ҳокимият вакилларини уриб ҳам қўйишади, - дейди Алишер Тўқсонбоев. – Бу мамлакатга улкан иқтисодий зарар келтиради, ва афсуски буни ҳеч ким ҳисобга олмаяпти.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатда митинг ва бошқа норозилик акцияларида 300 мингдан ортиқ одам иштирок этади.