23:28 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

12+1 одам қўлга олинди: “социалистик қаршилик”нинг Алматида ўтган қурултойи натижалари мана шундай

30.05.2006 14:20 msk

Андрей Гришин (Алмати)

Шанба куни соат 12 да кўп қаватли уйлардан биридаги квартирадан ёшларнинг рўйхатга олинмаган “Социалистик қаршилик” ҳаракати қурултойи делегатлари чиқиб келди. Уларни пастда бир неча ўн полициячи кутиб турарди. Гўёки шовқин-сурондан арзланган қўшниларнинг аризасига кўра, бирданига 12 одам қўлга олинди. Қурултой иштирокчиларидан бири қочишга улгурган. Хонада қолганларни ҳам полиция қўлга ололмади. Қўлга олинганлар солинган автобусга журналистлардан бирини ҳам мажбуран ўтқазишди. Полиция ходимлари ва миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари бешта видеокамерада воқеани тасвирга туширди. “Жабрланган” қўшнилар эса ҳеч ерда кўринмади.

Ленин, Маркс ва Троцкий таълимотига асосланган “Социалистик қаршилик” бир йил муқаддам “Қозоғистон ёш гвардияси” вориси бўлди. 2006 йил февралида таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Айни пайтда “СоцҚар”ни либерал-демократик позицияда турган “Қахар” ва Қозоғистон ёш профессионаллари (ҚЁПТ) ташкилоти каби фаол ёшлар ҳаракати сафларига қўшиш мумкин.

“СоцҚар”чилар полиция ва маҳаллий ҳукумат томонидан уйлари бузилиши режалаштирилган “Шанирақ” ва “Бақай” шаҳарчалари аҳолиси билан фаол ишладилар. “Шанирақ”ликлар ҳаракатини қўллаб-қувватлаш кўпинча полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди.

“Социалистик қаршилик”нинг соядаги лидери Айнур Қурманов мамлакат президентининг ор-номусини ҳақорат қилгани учун бир ярим йиллик қамоқ жазосини ўтаган ва яқиндагина “шанирақ”ликлар ҳаракатида иштирок этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Айнур Қурманов бу иш бўйича судга тортилган ягона одам бўлди.

Полицияда қўлга олинган қурултой иштирокчиларини қонуний тарзда уч соат ушлаб турдилар. Бу вақт мобайнида уларнинг “жамиятга қарши ҳаракатлари” ва бошқа айблари исботини топмади. Қўлга олиш жараёни полиция видокамералари, юқори лавозимли полициячилар томонидан ўтказилгани, бу тадбир жамоатчилик тузилмалари билан ишлаш бўлими (“сиёсий полиция) ва миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан уюштирилганини исботлаб турибди.

Ҳар бир қўлга олинганни алоҳида–алоҳида сўроқ қилдилар ва қайси сабабларга кўра тўпланганлари тўғрисида тушунтириш хати ёздиришга ҳаракат қилдилар. Лекин бирорта тушунтириш хатига имзо қўйилмади. Қўлга олинганлардан бирига сўроқ пайтида ҳукуматни сиёсий ташкилот ҳаракатларидан огоҳ қилиб туриши учун катта миқдорда пул таклиф қилдилар. Айнур Қурмановга нисбатан маъмурий иш очишга ҳаракат қилинди. Ундан ҳам ҳеч қандай тушунтириш олишолмагач, маълумот беришдан бош тортганлиги тўғрисида протокол ёздилар.

Шу билан полициянинг “Социалистик қаршилик” фаолияти билан танишуви якунланди. Маълум бўлишича, полицияда “СоцҚар” сайтидан кўчириб олинган мақолалардан ташқари ҳеч қандай исбот йўқ экан.

Шанба куни Қозоғистоннинг турли бурчакларидан делегатларни йиққан қурултой “Социалистик қаршилик”ни қонунийлаштирш масаласини муҳокама қилиши лозим эди. Қозоғистонда ҳам қўшни Ўзбекистондаги каби сиёсий ташкилотлар қонунийлаштирилиши учун жуда узоқ давом этадиган ва қимматга тушадиган жараёндан ўтиши лозим.

“Биз ҳеч қачон рўйхатдан ўтишдан бош тортган эмасмиз”, - дейди Айнур Қурманов. – “Асосан бизнинг муаммоларимиз ташкилий масалаларга боғланган эди. Бизнинг қурултойимиз февралда ўтди ва бирлашув жараёни ҳали якунланганича йўқ эди. лекин бу биз ишлашимиз керак эмас, дегани эмас. Ёзда сиёсий сукунат бўлади ва бу фасл рўйхатдан ўтиш учун анча қулайдир. Агар бизни рўйхатга олишдан бош тортсалар, биз ўз ҳуқуқимизни судда ҳимоя қиламиз”.

Қозоғистон ёш професионаллари ташкилотининг фақат суд қарори билан рўйхатдан ўтказилгани, “Соц Қар”нинг рўйхатга олиниш имкониятлари ҳам катта эмаслигидан дарак бермоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, кейинги йилларда Қозоғистондаги кўпгина мустақил ёшлар ташкилотлари ҳукуматнинг турли репрессив қаршилигига учради. “Қахар”нинг барча фаоллари судландилар ва флэш-мобилар учун унча катта бўлмаган муддатларга қамалдилар. Уларнинг сайти тўсиб қўйилган. Хатто “Қахар” номи ҳам энди уларга таалуқли эмас, чунки ҳукумат мана шундай ном билан янги тузилмани ташкил этди. ҚЁПТ ҳар ҳолда рўйхатга олинди, лекин уларнинг Қозоғистонда оммавий акцияларни таъқиқлаш тўғрисидаги презитдент фармонини бекор қилишга қаратилган чиқишлари доимо қамоққа олишлар билан якунланди.

Шимкентдаги “Аманат” ёшлар ташкилоти президентлик сайловларида мухолифатчи Жармахан Туякбайни қўллаб-қувватлади. Бу ташкилот фаоллари оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринганлик айби билан қамоққа олинди. Бу айбловга ташкилотнинг штаб-квартирасидан топилган иккита ўқлов ва синган стулларнинг бир неча оёқлари исбот бўлиб хизмат қилди. Шундай қилиб “пўртаҳол” инқилобига шаъма қилаётган ёшлар ташкилотларини Қозоғистон ҳукумати янчиб ташламоқда.

”Социалистик қаршилик” мухолифатдаги бошқа партияларга яқин бўлмагани учун ҳам бир йил давомида жон сақлаб келди. Қандайдир бир давр мобайнида ҳукуматга кўра, улар сиёсий масхарабозлар ролини ҳам ижро этдилар. Чунки уларнинг социалистик ғоялари аввалданоқ жиддий қабул қилинмаган. Ташкилот демократик мухолифатнинг кўмагисиз ҳам кучлана бошлагач, унинг фаолиятини тўхтатишга ҳаракат бошланди.

”Мамлакатдаги умумий сиёсат умумий контестдан ташқари бўлган барча нарсани йўқотишга асосланган. Ҳукумат “Қахар” ва “СоцҚар” каби ташкилотларни юридик муаммоларни ҳал қилишга овора қилиб қўйиб, уларни асосий мақсадларидан узоқлаштирмоқчи. Бироқ, бу ҳаракатлар мақсадига етмаётир, аксинча яширин фаолият кўрсатишга ундаб, барқарорликни издан чиқаришга хизмат қилмоқда”, -дейди Айнур Курманов.