12:39 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Жалолобод вилоятидаги ўзбеклар митинги губернатор иштирокида ўтди

29.05.2006 19:50 msk

А. Мамараимов (Жалолобод)

Шанба куни Жалолобод шаҳрида ўзбек тилига расмий мақом берилиши талаб қилинган ўзбеклар митинги бўлиб ўтди. Митинг Жалолобод вилоят ўзбеклар жамияти томонидан уюштирилди. Вилоят губернатори Искандарбек Айдаралиев ва шаҳар мэри Дуйшен Мамасалиев митингда иштирок этди.

Митингчилар шанба куни соат 9.00 да А. Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги университети биноси олдида тўпландилар. Кейин улар митинг ўтказилувчи марказий универмаг олдидаги майдонга пиёда юриб бордилар. Юриш давомида митинг иштирокчилари ўзбек тилига расмий мақом берилиши, коррупцияга қарши курашни кучайтириш, мамлакатда исчлоҳотлар ўтказишни тезлаштириш талаб қилинган плакат ва шиорларни кўтариб олган эдилар.

Митингни ўтказиш штаби раҳбарлари маҳаллий ҳокимият митингга келмоқчи бўлган одамларнинг йўлларини тўсиб қўйгани, уларни қўрқитиб, нотўғри ахборот бергани тўғрисида маълумот бердилар. Уларга кўра, митингда иштирок этишни истаганларнинг барчаси бу ерга етиб кела олмаган. Митингда 700 га яқин одам иштирок этган.


Парламент депутати, митинг ташкилотчиси Қодиржон Ботиров сўзламоқда. Фарғона.Ру АА фотоси
Тадбирни очар экан, Жалолобод вилоят ўзбеклар жамияти раиси, Қирғизистон парламенти депутати Қодиржон Ботиров кейинги ўн беш йил мобайнида ўзбек жамиятининг амалдорларга ва ҳукуматга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганини айтди: “Бизни доимо сабр қилишга чорлаб келдилар. Ақаев даврида ҳам мамлакатда муаммолар кўп эканлигини, улар бу муаммоларни ҳал қилишларини айтганлар, лекин бу ваъдалар ваъдалигича қолиб кетмоқда”.

Тинчлик митинги иштирокчилари ўзбек тилига расмий мақом берилиши шартлиги, этник ўзбекларнинг давлат ҳокимиятида пропорционал иштирокини таъминлаш, суд ислоҳоти ўтказиш зарурати тўғрисида гапирдилар. Айрим одамлар ва ҳукумат вакиллари уларниг талабларини оғриқли қабул қилаётганидан, миллатчиликка боғлаётганидан афсус билдирдилар.

Митингни ўтказиш штаби аъзоси, таниқли публицист Улуғбек Абдусаломов ўзбек жамияти мамлакатни бошқаришда тенг асосда иштирок этишга ҳаракат қилаётганини, ўзбек ва қирғиз халқи бир қушнинг икки қаноти эканини айтди: “Бир қанот билан учиш жуда қийин. Бизга иккинчи қанот бўлиш имкониятини беришларини талаб қиламиз. Шунда бизнинг давлатимиз қудратли қуш каби коинотга кўтарилади”, - деди у.

Сўзга чиққанлар айрим мамлакатларда бир неча тил давлат тили сифатида қабул қилинганини айтдилар. Бунга Ҳиндистон ва Швейцарияни мисол қилиб кўрсатдилар.


Фарғона.Ру АА фотоси
Митингда Жалолобод вилоят губернатори Искандарбек Айдаралиев сўзга чиқди. У қирғиз ва ўзбек халқлари асрлардан бери бирга яшаб келганларини айтди. Губернатор митингчиларнинг талаблари билан таниш эканини, бу талаблар президентга етказилганини айтди: “Бу масалалар қонуний асосда ҳал этилиши лозим”, - деди у.

Губернаторга кўра, митингчиларнинг кўплаб талаблари, жумладан суд ислоҳоти талаби жуда тўғри: “Бу ислоҳот тўғрисида мен етти йил илгари гапирганман”, -деди Айдаралиев. – “Мамлакат президенти ҳам шуни талаб қилмоқда”. Кейин у давлат раҳбарий ўринларида ишлаётган ўзбек миллати вакиллари рўйхатини ўқиб берди. Шу билан бирга у митинг иштирокчиларининг бошқа лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги таклифларини ҳам ўрганиб чиқишга тайёр эканлигини айтди.


Жалолобод вилояти губернатори Искандер Айдаралиев сўзламоқда. Фарғона.Ру АА фотоси
Митингчиларнинг асосий талабларига тўхталар экан, губернатор мана буларни айтди: ”Ўз она тилингни унутсанг, ўз миллатингни унутасан. Лекин масалани бундай кескин қўйиб бўлмайди. Бу масалани ҳал этиш учун аввало парламентдаги процедурадан, кейин конституцион кенгашдан ва референдумдан ўтишимиз керак”, - деб таъкидлади вилоят раҳбари.

Шундан сўнг митинг 12 талабдан иборат резолюцияни қабул қилди. Юқорида зикр этилган талаблардан ташқари, резолюцияга мамлакатни парламент бошқарувига ўтказиш, парламент сайловларини партиявий асосда ўтказиш талаблари ҳам киритилган.

Резолюцияда шунингдек, маҳаллий судларни тўғридан-тўғри умумхалқ сайловида сайлаш масаласи ҳам қайд этилган. Бундан ташқари суд ҳайъати тизимини жорий этиш, прокуратурадан тергов функциясини олиб ташлаб, назорат ваколатини қолдириш, вилоят ва туман бошқарув тизимларини тугатиш, молия полицияси ва молия разведкаси тизимларини тугатиш талаблари ҳам бор.