11:30 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғиз мухолифати уюштирган оммавий митинг тинч ўтди

28.05.2006 17:37 msk

Ўз ахборотимиз

Шанба куни эрталабки соат ўн бирда Бишкек марказий майдонида мухолифатнинг оммавий митинги бошланди. Митингни уюштирган “Ислоҳотлар учун” ҳаракати ҳукуматдан ислоҳотлар ўтказишни, коррупцияга қарши курашни кучайтиришни, адолатли ва ҳалол сиёсат юритишни талаб қилмоқда. Митингчилар “Қурманбек, чўнтагингни тикиб ол” (президент Қурманбек Бакиев назарда тутилмоқда), “Максимизацияга йўл қўйилмасин” (президентнинг ўғли Максим Бакиев назарда тутилмоқда), “Ўғрилар йўқолсин”, “Бакс, кўзингни оч” (“бакс” интернет форумларда президент Бакиев Курманбек Салиевичга берилган ҳазиломуз лақаб) каби шиорларни кўтариб олган эдилар.

Ташкилотчиларга кўра, митингда ўттиз минг одам иштирок этган. Бироқ Қирғизистон ички ишлар вазири М. Субановга кўра, намойишчилар сони олти мингдан ошмаган. “Фарғона.Ру” мухбирлари кузатувига кўра, митингчилар сони ўн мингдан сал ошиқроқ бўлган.

Митинг 12 май куни Боткен вилоятига бостириб кирган босқинчилар ўқидан қурбон бўлганларни хотирлаш билан очилди. Кейин осмонга шарлар учирилди.

Митингчилар сафига “ислоҳотлар учун” ҳаракати талабларини қўллашини билдирган президент қошидаги инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Ақун ҳам келиб қўшилди.

Митинг лидерлари бу ерга президент ва бош вазирнинг келишини талаб қилмасликларини, лекин жума куни уларга митингга келиш учун таклифнома жўнатилганини айтдилар.

* * *

Митинг олдидан ташкилотчилар резолюция тарқатди. Унда мана бундай дейилади:

“Бугун, 2006 йил 27 майида биз мамлакат бош майдонига тўпландик. Биз депутатлар, талабалар, нафақахўрлар, тадбиркорлар, ҳайдовчилар, ўқитувчилар, олимлар ва шифокорлармиз. Биз мустақил Қирғизистоннинг эркин фуқароларимиз. Айрим кимсалар бизни сиёсий радикаллар ва экстремистлар сифатида кўрсатиш учун кўп ҳаракатлар қилганини яхши биламиз. Лекин улар Қирғизистон халқини алдай олмайдилар.

Бугун мана шу майдонда турганлар ҳақиқатни биладилар. Ҳақиқат шундаки, биз бу майдонга яхши ният ва тоза мақсадлар билан чиқдик. Биз ҳеч кимга ёмонлик тиламаймиз, ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасмиз. Бизнинг митингимиз ҳукуматга қарши эмас. Бизнинг митинг мамлакатимизда фаровон келажак учун. Биз бу ерга яхши яшаётганимиз учун келмадик. Биз ҳукуматга ортиқча бундай яшолмаймиз, деб айтмоқчи бўлиб келдик. Биз бу мамлакатнинг минглаб фуқаролари нотенглик ва қашшоқликда яшаётганини айтгани келдик. Одамларнинг умид ва орзулари сароб бўлиб чиқаётганини айтмоқчимиз. Кулуар сиёсат ва ҳуқуқ меъёрларининг айримларга нисбатан қўлланилаётгани одамларда давлатчилик тузилмасига ишончсизлик уйғотмоқда. Бир қатор амалдорлар одамлар орасида ўзаро душманлик ва тушунмовчилик уруғини сепмоқда. Жамият хавфли вазиятда қолди, халқ анархия, қонунсизлик, жиноятчиликнинг кўпайишига, коррупцияга, Қирғизистон тақдирига бефарқликка норозилик билдирмоқда, мамлакат фуқаролари ўзгаришларни талаб қилмоқдалар, ислоҳотларни талаб қилмоқдалар.

Ҳукумат 24 мартни инқилоб куни, деб эълон қилди, лекин одамларга байрам ёки парад керак эмас. Улар ҳукумат бу воқеаларнинг моҳиятини тушунишини истайди. Ўтган баҳорда одамлар адолатсизлик ҳамда умидсизликка қарши, ҳукуматнинг иккиюзли сиёсатига қарши бош кўтарди. 24 март куни Қирғизистон фуқаролари кишанларни парчалаб, келажакка, эркинликка, тенгликка ва биродарликка йўл очган кун. Шу куни халқ бюрократлар бошқарувига қатъий “Йўқ”, деди. Бу кун одамлар ўзгаришларни талаб қилдилар. Бу кун ислоҳотлар талаб қилинган кун. 24 мартдан бошланган ҳаракатни охирига етказиш керак. Мамлакатга ҳокимиятдаги шахсларнинг ёки исмларнинг алмашинуви эмас, системали ўзгаришлар керак. Эски ҳукумат томонидан қолипланган тартибларнинг сақланиб қолиши Қирғизистоннинг бугуни ва келажагига таҳдид қилмоқда. Шунинг учун ҳам ислоҳотларни ортга суриш мутлоқ мумкин эмас.

“Ислоҳотлар учун!” ҳаракати бизнинг авлод мамлакат тақдири учун масъул эканини ҳис қилган ҳолда 2005 йил 24 март воқеалари замирида ётган талабларни тезкор равишда амалга оширишни талаб қилади. Шу муносабат билан биз қарор қиламиз:

1. Тезкор равишда Қонституциявий ислоҳотни бошлаш. Президент бир ой мобайнида Жўғўрқу Кенешга Конституциянинг келишилган нусхасини тақдим этиши ҳамда уни чақириб олиш ҳуқуқидан воз кечиши лозим.

2. 2002 йил мартида Ахсида ўтган тинч митинг иштирокчиларини ўққа тутганлар жазолансин. Мамлакатда содир этилган буюртма сиёсий қотилликлар буюртмачиларини ва ижрочиларини топиш.

3. “Оилавий бизнес”га чек қўйиш. Амалдорлар хизмат мавқеидан бозордаги иқтисодий рақобатчиларини сиқиб чиқаришда фойдаланмасинлар. Иқтисодда ҳукуматнинг буюртмаларини “сирли” равишда бўлиштиришга барҳам берилсин. Қимматбаҳо қазилма бойликлар пудратчилари коррупциялашган давлат амалдорлари иштирокисиз барча манфаатдор компаниялар қатнашувида ошкора тендерларда аниқлансин. “Жеруй” ва бошқа конлар борасида ошкора ва адолатли тендер ўтказилсин.

4. Сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг амалдаги эркинлиги кафолатлари таъминлансин. Бунинг учун давлат телерадиокомпанияси (ДТРК) жамоатчилик телевидениясига айлантирилсин. “Пирамида” телерадио ширкати қонуний эгаларига қайтарилсин ва бу каналга давлат босими тўхтатилсин.

5. Барча иқтисодий функциялар ҳукуматга қайтарилсин. Президент қошидаги ижроия тизимлари тугатилсин ва бюжетни ташкил қилувчи иқтисоднинг барча соҳалари ҳукумат тасарруфига қайтарилсин. Миллий иқтисод ва давлат мулкини бошқаришни фақат Қирғиз республикаси ҳукумати амалга оширмоғи лозим.

6. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қорхоналар монополизацияси ҳамда нархнинг оширилиши тўхтатилсин. Ёшлар уй қуриш учун ер билан ҳамда қулай шартларда ипотека кредитлари тизими билан таъминлансин.

7. Жиноятчиликка қарши қатъий кураш бошлансин. Ҳуқуқ – тартибот ва жазони ўташ тизимида ислоҳот ўтказилсин. Тартиб ўрнатилсин, фуқароларнинг хавфсизлиги таъминлансин. Бизнес уюшган жиноятчилик босимидан ҳимоя қилинсин. Ҳукуматнинг криминализациялашига йўл қўйилмасин.

8. Коррупцияга қарши реал кураш бошлансин.

9. 2005 йил 24 мартидан 25 мартига ўтар кечаси содир бўлган тартибсизликлардан зарар кўрган тадбиркорларнинг зиёнлари тўлаб берилсин.

10. Қирғизистонликларнинг сўз эркинлиги, тинч юришлар ва намойишлар ўтказиш ҳамда бошқа ҳуқуқларини чекловчи ноконституциявий таклифларни киритиш тўхтатилсин.

Бугун биз ҳокимиятга яна бир бор вақт беряпмиз. Агар ҳокимият бу талабларни бажариш борасида амалий қадамларни ташламаса биз ўзимизда тандемнинг истеъфосини талаб қилиши ҳуқуқини сақлаб қоламиз. Ҳар бир инсон бахтли бўлиш ҳуқуқига эга ва бу бахтни ўз қўли билан яратади. Ҳокимият фуқарога шундай имкониятни беришга масъулдир. Агар у бу вазифани бажара олмаса, истеъфога чиқиши лозим.

“Ислоҳотлар учун!” ҳаракати кенгаши



 

Реклама