12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марк Вайль: “Менинг Тошкентим афсонага айланди”

27.05.2006 22:11 msk

С. Янишев ёзиб олди

Орамизда кўпчилик Тошкентни ўзининг бир қисми, баъзилар ўзини Тошкентнинг бир қисми сифатида ҳис қилади. Бу шаҳар бўлмаганда, биз юксалармидик? Шаҳарда “Илҳом” театри бўлмаганда нима бўларди? “Илҳом” театри Марк Вайлсиз муваффақиятга эришармиди? Марк Вайль Тошкентдай ажабтовур ва ғаройиб шаҳарда яшамаганида машҳур бўлармиди? Тошкент мўжизаси, эркинлик руҳи ва “Илҳом” театри тўғрисида машҳур режиссёр Марк Вайль билан суҳбатлашамиз.

Гап авввали...

...1956 йил ҳамон эсимда. Осиё, Африка ва Лотин Америкаси ёзувчиларининг Тошкентда конференцияси ўтганди. Онам Пионерлар марказий саройида ишларди. Пионерларни эса байналмилалчилик руҳида тарбиялашарди. Марказга ранго-ранг кийимдаги делегатларни учрашувга олиб келишди. Мен тўрт ёшли болакай уларнинг оёқлари орасида ўралашиб юрардим, атрофимдаги одамларнинг ҳайратли кўзларини кўрардим, улар янги олам кашф этгандай эдилар. 1957 йилда эса фестиваль бўлди. Мен Тошкентни дунёнинг юраги каби ҳис қилдим. Стадионлар, Инқилоб хиёбони ва барча боғларда концертлар бўларди. Ўшанда биринчи марта рок-н-роллни эшитганман, биринчи марта электрон қўшиқ мосламаларини, биринчи катушкали магнитофонларни кўрганман...

Даҳшат

Отам ҳарбий эди. Киевда ҳарбий билим юртини тамомлаши билан, 1930 йилда Тошкентга келган. Киевдан отам онамни, Киев театр институтидаги энг гўзал қизни олиб келганди. Онам “Киев-Москва-Тошкент” поездидан тушар экан, унинг туфлиси Тошкентнинг тупроқли кўчаси чангига ботиб кетган. Онам “Яша, мени қаерга олиб келдинг!”, деган экан.

Менинг опаларим урушгача туғилганлар. Мен эса 13 йил фарқ билан, Сталин ўлимига бир йилу икки ой қолганда туғилганман. Лекин деворимизда анчагача Ленин, Сталин, Маркс, Энгельслар барельефлари осилиб турган. Мен иситмалаб ётганимда, бу шахслар сиймолари кулгили тарзда уй бўйлаб сузиб юрарди. Бу менинг илк босинқирашим бўлгани учун уни яхши эслайман.

Опаларим шарофати билан мен тошкентлик стилягалар, озодлик таъмини оз-моз тотган йигитлар орасида ўсдим. Тунги қамоққа олишлар тўхтаган, қўрқув чекина бошлаган давр эди. Албатта, кекса авлод то умрининг охиригача ўша кунлар даҳшатини эсидан чиқармади.

Масалан, театр институтининг афсонавий ўқитувчиси Владимир Сергеевич Иогельсон уруш пайтида ўз театри билан Украина босиб олинган пайтда асирга тушиб қолгани учун қамалган. У бизга жуда ажойиб гапларни айтарди. Санъатда ғоявийлик, ватанпарварлик эмас, соф шакл, овоз, синтез муҳимлигини айтарди... Бу гаплар социалистик реализм даврида айтилган эди! У “Илҳом” театрининг Шварц асари бўйича саҳналаштирилган “Аждар” спектаклига келган эди. У залга кирдию, дарров чиқиб кетди. У биз томошабинларни қамоқхоналарда ишлатиладиган нараларга ўтқизганимизни кўрган эди. У “Сиз нима қилаётганингизни ўзингиз билмайсипз”, деб кетиб қолди. Шундагина мен, Сталин давридаги қўрқув биз учун тушунарсиз бўлган бир ўйин эканини, ўша давр одамлари эса бу воқеаларни ҳалигача унутмаганини тушундим.

Марказий Осиё театр институтини мана шу одамлар,1940 йиллар охирларида Москвадан ҳайдалган “наслсиз космополитлар” ташкил этган. Булар Николай Абрамович Эфрос, Михаил Морозов, Марк Рубинштейн, Иогельсон... Улар Мейрхольд, Вахтанговнинг шогирдлари бўлган. Тошкент уларни 1948 йилда иккинчи марта қамоққа олмай, олийгоҳ ташкил этишга имкон берган шаҳар эди. Яъни, шарқона меҳмондўстлик қўл келди: улар ҳар ҳолда меҳмон, нега уларни ундай-бундай қилишимиз керак?..

Тошкент йўналишида

ХIХ аср охирида рус армияси Марказий Осиёга кириб, унинг ортидан биринчи руслар келди. Лекин бу ерда Кавказ каби қонли тўқнашувлар бўлмади. Пахта ва мева-чева етиштирувчи туркистонликлар бу келгиндиларни одатга хилоф равишда осойишта қабул қилдилар. Тошкентни ҳеч ким бузмади. Бу ерда аввалданоқ икки маданият - европа ва шарқ маданиятига асосланган шаҳар қуриш концепцияси бор эди. Янги шаҳарда руслар, эски шаҳарда эса мусулмонлар яшардилар. Советлар даврида, айниқса 1966 йилги зилзиладан сўнг икки шаҳар уйғунлаша бошлади.

Тошкент руслар учун янги дунё бўлди. Бир томондан бу империянинг чекка ҳудуди, сургун жойи бўлса, иккинчи томондан бу ерда энг таҳликали кунларда одамлар жон сақлаганлар. Масалан, иккинчи жаҳон уруши даврида Цветаева Елабугада ижод қилолмаган, Ахматова эса Тошкентда ижод қила оларди.

Москваликлар ва ленинградликлар бу шаҳарга келишни жуда ёқтиришарди. Мен “Современник”, “Ленком”, Таганкадаги театр ёки менинг севимли Ленинград Катта Драма театри бирор йил бу ердаги гастролларини қолдирганини эслолмайман. Кўпинча улар премьераларини Тошкент томошабинлари синовидан ўтказардилар. Ҳатто Таганканинг бошқа шаҳарларда таъқиқланган спектакллари Тошкентда биринчи бўлиб намойиш этилганди. Шунинг учун “Илҳом” театри Алматида ҳам, Бишкекда ҳам, Тбилисида ҳам, Вильнюсда ҳам пайдо бўлолмасди. У ерларда яхши миллий театрлар пайдо бўлди. Бироқ, советча рус ёки миллий театр деган атамани чилпарчин қилиб, турли ирқ ва тилларни саҳнада бирлаштира оладиган, санъатда янги йўналиш, имкониятлар яратган театр ҳар ҳолда кўп миллионли Тошкентда ташкил бўлди.

Бошланиш

Қандайдир бир қарорга кўра, ўн ётти ёшли ўсмирлар режиссёрликка ўқий олмасдилар. Аввал меҳнат стажига эга бўлиш лозим эди. Мен эса фақат режиссёр бўлмоқчи эдим. Болалар боғчасида ўртоқларимга “Эртага тантана ўтказамиз, кийим олиб келинглар!”, деб кўрсатма бердим. Қизиғи шундаки, ҳамма болалар байрамона кийимларини олиб келдилар. Ота –оналар эса “Нега бугун байрам ўтказишдан олдин бизни огоҳлантирмадингиз?”, деб сўрадилар. Ҳамма мени кўрсатиб, “Мана бу айтди!”, деди. Аслида режиссура ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган воқеани яратишдир.

Тошкент-2 йўналишида

Онам ишлайдиган пионерлар марказий саройи олдида қўғирчоқ театри бор эди. Бу театрга Тошкентга сургун қилинган кекса коммунист Раиса Львовна Ананьева раҳбарлик қиларди. Яҳудий коммунист аёллари алоҳида бир мўъжиза. Улар садоқатлидан садоқатлироқ эдилар. Инқилобчилардан инқилобийроқ эдилар! Раиса Львовна инқилобий санъатни тараққий этдириб, мўъжизалар яратарди. У Тошкентда янги қўғирчоқ театри биносини қандай қурганди?.. Аввалига у КПСС МҚнинг (бугунги ёшлар бу қисқартмани шарҳлай олишларига ишонмайман) Тошкентда халқаро қўғирчоқ театр фестивали ўтказиш тўғрисидаги қарорини ўйлаб топди. Брежнев томонидан айнан Тошкентда халқаро фестивал ўтказиш тўғрисидаги қарор имзолангач, у мактуб ёзади: “Мен қари аҳмоқнинг эсидан чиқибди... Бизда фестиваль ўтказадиган жойнинг ўзи йўқ. Биз тезда янги бино қуришимиз керак!”. Шундай қилиб ўн бир ойда ажойиб бино қурилди. Бу театр биноси ҳали ҳам ишламоқда.

Раҳим Қориев ҳам асирга тушган япон аскарлари кучи билан Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биносини қурдирди. 1948 йилда мамлакатни тиклаш жараёни кетаётган бир пайтда у Тошкентда опера театрини қурдиришга имкон топа олди! У бу театрни Ленин мавзолейининг архитектори Цусев қуришини истади. Қориевга кўра, унинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди. Ўзи айтганидай “Мен Ленинни ҳам кўрдим, Сталинни ҳам кўряпман!”

Бу ажойиб одамлар оламдан ўтди. Улар тузум қурбонларига айланган бўлсаларда, мана шу тузум учун ишлашда ва қуришда давом этдилар. Қориевнинг ўзи 30-йилларда уйида тунашдан қўрқишини айтганди. Чунки у машина келиб, уни олиб кетишини ва у йўқ қилинишини яхши тушунарди. Тузум ғалати эди, агар тунда одамни уйидан топмасалар, негадир эрталаб унинг уйига қамоққа олиш учун келмас эдилар.

Давоми

...Мен аввалига театр тарихчиси ва танқидчиси мутахассислигига ўқидим. “Илҳом”ни ташкил этганимдан сўнг, мени тинч қўйишлари учун режиссёрлик бўлимни тугатдим. Тажриба ўрганиш учун эса БДТ режиссёри Георгий Александрович Товстоногов ҳузурига бордим.

Москвада менинг дебютим Анатолий Васильев, Кама Гинкас, Гета Яновская билан бир пайтда бўлиб ўтди. Биз ҳаммамиз Белинский кўчасидаги ётоқхонада яшардик. 1983 йилдан бошлаб Москвада кўп асарларни саҳналаштирдим. Баъзи бир москвалик томошабинлар мени ҳалигача москвалик режиссёр, деб ўйлайдилар.

Ғалати ҳолат

1976 йил партиянинг ижодкор ёшлар билан ишлаш тўғрисидаги машҳур қарори чиқди. Нуреев, кейинроқ Баришников ва бошқалар Ватанга чет эллардан қайтиб келмагач, партия ижодкор ёшлар билан нимадир қилиш кераклигини, акс ҳолда ҳаммалари қочиб кетишини тушуниб қолди. Мана шу вазиятда комсомол қўмиталари ҳам ғимирлаб қолди ва Тошкентда ижодкор ёшлар клуби ташкил этилди. Клубга нима маъно беришини унча тушунмаган ҳолда “Илҳом”, деб ном бердилар. Қуръон сураларидан бирида “илҳом” тушунчаси “Яратувчидан санъат билан шуғулланувчиларга берилувчи қалбнинг алоҳида ҳолати” маъносида келади. Аммо комсомоллар учун бу сўз “Тинчлик-Меҳнат-Май” шиоридек бир гап эди... Ҳар ҳолда одамлар бу номга кўникиб кетдилар ва бизни “илҳомчилар”, деб атай бошладилар.

“Илҳом”нинг дастлабки тўққиз йили ғирт жиннилик бўлган. Ҳар биримиз - оддий артистдан то техникларгача қайсидир бир театр ёки ташкилотларда ишлардик. Мен, масалан, “Театральний Ташкент” тўпламига муҳаррирлик қилардим. Тунлари репетиция қилардик. Уйга йўловчи машиналарда ёки метро иш бошлаши билан етиб олардик. Спектакллар кечки соат ўнда бошланарди. ”Аждар” эса уч соату қирқ минут намойиш этиларди. Зал томошабинларга тўла бўларди.

”Ўрдак ови”да биз томошабинларга қарсак чалишни ҳам ман этгандик, артистлар саломга чиқмасди: биз сизларга ҳаётнинг бир қисмини кўрсатдик. Истаганингизча таҳлил қилинг, дердик. Албатта бу олифталик эди. Лекин ўша даврларда бизнинг театримиз қарсаклардан ҳам озод бўлиши керак, деган фикр бор эди. Орадан бир ярим йил ўтиб артистлар бунга қарши исён кўтардилар ва мен осмондан ерга тушдим. Чунки ҳақиқатан ҳам спектакллар сўнгида ўта мураккаб ҳолат юзага келар, артистлар томошабинлар эса қарсак чалмагунларича енгил тин олмас эди.

1982 йилда Москва гастролларига борганимизда бизни бу ерда деярли ҳамма биларди. Гастролларимизни отлиқ милиция қўриқлаб юрарди. Бирдан театр репертуарида цензура тасдиқламаган олти-еттита асар борлиги аниқ бўлиб қолди. Шунда менга қаршилик бошланди. Фақат Москвада бошланган ишгина мени Тошкент раҳбарияти қаҳридан сақлаб қолди.

“Илҳом” ўшандаёқ ноқонуний туғилгани, эълон қилинмаган “нодавлат”, “мустақил” мақомга эга бўлгани туфайли реал Давлатдаги кичик бир давлатчага айланган эди. Бироқ, бу давлат исталган пайтда уни янчиб ташлаши мумкин эди.

Асосий гап

Айтишларича, биз кимдир томонидан ёзилган ва нима билан якунланиши аниқ бўлган санъатни кўрсатамиз, холос. Айтишларича, ҳар бир санъаткорнинг ўз юлдузли соати бор. Кейинроқ эса, бу санъаткор бир марта топган янгилигини қайта-қайта ишлатаверади... Мен санъат мана шу схема асосига қурилган, деб ўйламайман. Лекин санъаткорнинг туғилиши янги юлдуз оламининг топилишидай гап эканига қўшиламан. Юлдузлар ҳам абадий эмас... лекин улар таратаётган нур улар йўқ бўлиб кетганидан сўнг ҳам бизга етиб келишини биламиз.

Ҳамма яхши кунлар олдинда, дегувчилар янглишадилар. Олдинда фақат тажриба ва етилиш бор. Санъатдаги инқилоб кимдир томонидан қисқа бир вақт мобайнида содир этилади. Ўйлайманки, “Илҳом” кўплаб одамлар бу ерда ўзларинингг ҳаётий ва принципиал қадамларини бошлашлари учун, Тошкентда янги театр мактабини яратиш учун туғилди.

Тошкент жуда ўзгариб кетди. Ҳозирги Тошкент мен билган кўп миллатли ва динамик шаҳар эмас. Менинг Тошкентим афсонага айланган.

Тўғри, мен катта рақамлар қонунига ишонаман: икки миллиондан кўпроқ одам яшайдиган шаҳарлар ҳеч қачон ўлмайдилар. Бу шаҳарлар узоқ муддат касал бўлиши мумкин, бироқ қачондир у албатта ўзини қайта тиклаб олади. Балки мен идеалист бўлиб кўринарман, лекин бугунги хафақон Тошкент тез орада янги ҳаётга қадам қўяди.