18:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорасувлик имом МХХ томонидан сўроқ қилиниб, қўйиб юборилган

26.05.2006 23:26 msk

Алишер Соипов

Қирғизистон жанубидаги Қорасув жомеъ масжидининг имоми Муҳаммадрафиқ Камолов 24 май куни Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан қўлга олинган. Уламо бир кеча-кундуз давомида сўроққа тутилгач, пайшанба куни кечқурун ўзи имомлик қилаётган масжид қавмининг талаби билан қўйиб юборилган.

“24 май куни эрталаб мени Қорасув туман Миллий Хавфсизлик Хизматига чақиришди. Бордим. Ўшдан 20 нафар МХХ ходими етиб келди. “Ҳозир уйингизга борамиз, у ерда яшириниб ётган жангарилар қуролланганми-йўқми? Автомат билан борайликми, тўппонча биланми?” дейишди. Мен уйимда жангарилар йўқлигини айтдим”. – дея ҳикоя қилади Муҳаммадрафиқ Камолов.

МХХ ходимлари уламо 12 май куни қўшни Тожикистон ва Қирғизистон чегарасига ҳужум уюштирган қуролли гуруҳга мансуб экани ва бунга далиллар борлигини айтишган.

12 май куни номаълум қуролли гуруҳ Тожикистон ва Қирғизистон чегара пунктларига ҳужум қилиши оқибатида ҳар икки давлат инсоний талофот кўрган. 2 нафар тожикистонлик, 6 нафар қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлган. Қирғизистон куч қўллаш салоҳиятига эга тизимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт жараёнида қуролли гуруҳнинг 4 нафар аъзоси ўлдирилган ва 1 жангари асир олинган.

Расмийлар жангариларнинг диний-экстремистик гуруҳга мансуб бўлганини маълум қилганлар.

МХХ ходимларига кўра, қуролли гуруҳ аъзоларидан Муҳаммадрафиқ Камолов муаллифлигида “Иймон рисолалари” китоби, китоб муқовасидан эса, қорасувлик имомнинг телефон рақами топилган.

Муҳаммадрафиқ Камолов МХХ шубҳаларини инкор қилган.

“Тўппонча ва автоматлар билан қуролланган МХХ ходимлари уйимга келиб, санкция асосида, гувоҳлар иштирокида тинтув ўтказди. Ўқ, портловчи моддалар ташлаб қўйишадими, деб қўрққандим, хайрият, ундай қилишмади. Видео-аудио кассеталар, ҳужжатлар, юзга яқин дискет ва дискларни ўрганиш учун олиб қўйишди. Жуда синчковлик билан ҳар бир нарсани текширишди”. – дейди уламо.

Муҳаммадрафиқ Камолов Ўш вилоят МХХ тергов изоляторига олиб келингач, сўроққа тутилган. Суҳбат жараёнида 12 май куни Боткен вилоятида ҳужум уюштирган қуролли гуруҳ билан имомнинг алоқаси қай даражада экани тўғрисида савол берилган. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошев, “Ваҳҳобия” ва “Ҳизб-ут-Таҳрир” оқимига нисбатан муносабати сўралган.

“Китобларимни минглаб одам ўқишини, турли саволлар билан минглаб мусулмон хоҳ кундузи, хоҳ кечаси мурожаат қилишини айтдим. Китобим ва телефон рақамим бировдан топилиши, менинг у одам билан алоқадор ёки ҳамкор эканимни англатмайди. 25 йилдирки, Қорасувдаги жомеъ масжидига имомлик қиляпман. Шундан ҳам менинг ким эканим маълум”. – дейди имом МХХ томонидан билдирилаётган гумонларни рад этаркан.

Муҳаммадрафиқ Камолов имомлик қилаётган Қорасувдаги масжид Қирғизистон жанубидаги йирик масжидлардан саналади. Бу масжидда оддий мусулмонлар билан бир қаторда, фаолияти таъқиқланган “Ҳизб-ут-Таҳрир” диний оқимининг кўплаб аъзолари ҳам ибодат қиладилар. Масжиднинг машҳурлиги ва қавмининг кўплиги имомнинг турли тоифадаги мусулмонларга нисбатан мўътадил муносабати билан изоҳланади.

Масжид қавми агар имом 26 май, жума кунигача қўйиб юборилмаса, норозилик чиқиши уюштирилиши ҳақида Қорасув туман ва шаҳар расмийларини огоҳлантирган.

25 май, пайшанба куни кечқурун Муҳаммадрафиқ Камолов қўйиб юборилган. МХХ ходимлари имомга жума намози тинч ўтиши керак эканини уқтиришган. Имом бундан кейин махсус хизматлар унга нисбатан қандай чоралар кўриши номаълумлигини айтади.

Муҳаммадрафиқ Камолов 26 май куни жума намозида ўз қавмини бўлиб ўтган воқеадан хабардор қилди.

“Биродарлар, намойишга чиқманг! Мен, мана, қайтиб келдим. Қадр қилганингиз учун раҳмат, ҳукумат буни ҳисобга олди. Биз билганимизни, ўқиганимизни гапирамиз. Бундан кейин ҳам гапирамиз. Аллоҳнинг тақдири, буёғини тақдирга ҳавола қиламиз”. – деди имом жума намози олдидан маърузасида.