14:43 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси демократик мамлакатлар Ислом Каримов режимига босим кўрсатиши керак, деб ҳисоблайди

25.06.2005 12:50 msk

Алексей Волосевич

Шу йилнинг 13-14 май кунлари бўлган Андижондаги фожеали воқеалар оқибатида ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячилари устидан назоратни кучайтирди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташаббускор гуруҳи (ЎМҲҲТГ) вакили Суръат Икромовнинг айтишича, у 17-майдан бошлаб 20 кун уй қамоғида бўлган. Икки ҳафта олдин, уй қамоғи ташқи назорат режими билан алмаштирилган.

- “Қаерга бормай, орқамдан икки-уч автомашина кузатиб юрибди. Уларнинг рақамини ёзиб олганман”, - дейди Суръат Икромов. – “Махсус хизмат вакиллари доимо уйим олдида машинада ўтиришади, кўчага чиққанимда эса ҳатто мен билан саломлашадилар. Ҳокимият бундай ҳаракатни бир неча юз ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат партиялари аъзолари, яъни Андижондаги қонли воқеалар тўғрисида очиқ гапириб юрган одамларга нисбатан амалга оширмоқда. Бундай уй қамоқлари ва кузатувлар сўнги марта ўтган йилнинг декабр ойида, парламент сайловлари ўтаётганда кузатилганди. Бу ИИВда “кучайтириш”, деб аталади. Хақиқатан ҳам сўнги бир ой ичида ҳукуматнинг бизга нисбатан босими кучайди. Шунга қарамасдан, биз фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз”.

ЎМҲҲТГ раисига кўра, Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг бугунги кундаги долзарб вазифаси ҳукуматни Андижон воқеаларини халқаро текширувдан ўтказишга мажбур қилишдир. Унинг айтишича, бу масалада қатъий нуқтаи назарда бўлган исталган давлат Ўзбекистон билан ҳамкорлигини давом эттириш масаласи халқаро текширувга рухсат берилгачгина ҳал этилишини рўкач қилган ҳолда босим ўтказа олиши мумкин.

- “Исталган демократик давлатнинг Ўзбекистон ҳукуматига мурожати қандайдир таъсир кучига эга. Агар исталган давлат Андижон воқеаларини халқаро текширувдан ўтказиш тарафдори бўлса, бу бизнинг мамлакатимиз демократияси фойдасига бўлади. Менимча, демократик давлатлар Ўзбекистон ҳукуматини: “агар мустақил текширувларга рухсат берилмаса, сизлар билан ҳар қандай алоқани тўхтатамиз”, деб огоҳлантирса бўларди”. – дейди Суръат Икромов.

Сурат Икромов Ўзбекистон ҳукуматига таъсир кўрсатишнинг бошқа йўллари ҳақида гапираётиб, мамлакат жанубидаги Америка ҳарбий базаси мавзусига тўхталди.

- “Ўзбекистон террорчиликка қарши курашда Хонободдаги аэродромни Қўшма Штатларга вақтинчалик фойдаланишга бергандан сўнг, Америка ҳукумати Ўзбекистон билан алоқаларни бузмаслик учун инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратмай қўйди. Бундай тоталитар, диктатор ҳукуматга эса, америкаликларнинг инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмиши жуда фойдали. Шунинг учун улар аэродромдан воз кечсалар, бу Ўзбекистон ҳукуматига катта босим бўлади”, - дейди Суръат Икромов.