14:44 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Леонид Ивашов: “Биз моноқутбли оламни кўрдик ва инсоният боши берк кўчага кириб қолаётганини тушундик”

25.05.2006 20:18 msk

Д. Кислов

Россия геосиёсий муаммолар академияси вице-президенти Леонид Ивашов “Фарғона.Ру” билан постсовет ҳудудидаги замонавий муаммолар борасида суҳбатлашди.

Фарғона.Ру: - Леонид Григорьевич,бугунги Россия олдида қандай геосиёсий муаммолар турибди?

Леонид Ивашов: - Энг асосий муаммо Россиянинг геосиёсий ғояга эга эмаслигидир. Постсовет ҳудудида Россия ўзининг лидер эканини тушунади, лекин лидер сифатида нима қилмоғи лозимлигини билмайди. Геосиёсий ғоянинг йўқлиги сабаб геосиёсий дунёқараш, доктрина йўқ. Шунинг учун Россия бугунги кунда у шохдан бу шохга сакраб юрибди. Россия Ғарб ҳамжамиятига, бегона цивилизацияга мослаштирилган жамият қуришини эълон қилиб катта стратегик хатога йўл қўйди. Бизни ҳеч қачон у ерда қабул қилмайдилар. Биз ҳеч қачон Ғарб ҳамжамиятига аъзо бўла олмаймиз.

Леонид Ивашов. Фарғона.Ру фотоси
Леонид Ивашов. Фарғона.Ру фотоси

Фарғона.Ру: - Масалан, Ўзбекистон тўқсонинчи йиллар ўртасидан бошлаб, Ғарб ва АҚШга мослаша бошлади. Ҳатто мамлакатда нашр этилган янги давр дарсликларида Россиянинг тарихий аҳамияти камситиб кўрсатилди. Бугунги кунда қўшниларнинг бизга нисбатан муносабати ўзгардими?

Леонид Ивашов: - Қозоғистон ва Ўзбекистон Иттифоқнинг парчаланишини ўта драматик тарзда қабул қилди. Мен давлат раҳбарларининг барча йиғилишларида иштирок этганман ва айнан мана шу икки давлат раҳбарлари биринчилардан бўлиб дунёнинг геосиёсий ўзгариши оқибатларини ўта чуқур ҳис қилганларини айта оламан. Ўзбекистон ҳам бу вазиятда нима қилиш кераклигини тушуниб етмаганди. Россия ҳам, МДҲ раҳбарлари ҳам МДҲ ҳудуди нима.деган саволга назарий дастур билан жавоб бера олмади. Нурсултон Назарбоев Евросиё дастурини таклиф қилди. Бироқ Ўзбекистон қарши чиқди. Шу сабабли ҳам биз янги жамиятимизни, янги уйимизни ҳеч қандай лойиҳасиз қуришни бошладик. Ўз лойиҳамиз бўлмагани сабабли Ғарб лойиҳасидан фойдаланмоқчи бўлдик. Бугунги кунда Россия ҳам, Ўзбекистон сиёсий элитаси ҳам Ғарбга бегона эканимизни тушуниб етолмаяпти. Биз Ғарбга энергетик хом ашё эгаси, арзон ишчи кучи сифатидагина керакмиз. Шунинг учун Ғарбга интилиш нотўғри сиёсат бўлган, деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиягина табиий ҳамкор бўла олишини тушуниб етмоқдалар. Сиёсий элита Ўзбекистонга нисбатан ўз фикрини, дунёқарашини ўзгартириши мумкин, бироқ бизда биргаликда яшашнинг тарихий ва цивилизациялашган асоси бор. Бу фактларнинг барчаси ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон бугунги кунда табиий равишда Россия билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Фарғона.Ру: - Бу жараёнда ҳар икки томон тенг иштирок этмоқдами?

Леонид Ивашов: - Россия бугунги кунда унинг сиёсати, иқтисоди ва ижтимоий асослари устунлари постсовет ҳудудида эканини тўла тушуниб етмади. Интеграцион муносабатлар асосини руҳий бирлик ташкил этиши лозим. Ягона маънавий-руҳий ҳудудни қайта тиклаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Афсуски, бугун асосий эътибор иқтисодга қаратилмоқда.

Фарғона.РУ: - Бугунги кунда оддий, унча бой бўлмаган ўзбек фуқаросининг Россия телеканалларини кўриш имконияти йўқ бўлган муҳитда ягона маънавий-руҳий маконга қайтиш имконияти мавжудми? Кейинги 15 йил ичида Ўзбекистон Россиядан анча йироқлашган.

Леонид Ивашов: - Бизнинг умумий маданиятимиздан узоқлашиш ҳаракати ахмоқлик бўлган. Менимча, бу Ўзбекистонга фойда келтирмайди. Аксинча, одамлар анъанавий алоқаларни сақлаб қолишлари лозим. Бизнинг ютуқларимиз ҳам битта бўлган. Биласизми кейинги йилларда халқимиз қанчалар қашшоқлашди?

Фарғона.Ру: - Мана шу алоқалар узилганидан қашшоқлашдими?

Леонид Ивашов: - Фақат алоқалар йўқолгани учунгина эмас, масалан, ўзбек ва қирғиз олимлари ҳам тааллуқли бўлган фанимизни йўқотганимиздан қашшоқлашди. Ахир улар энг замонавий фан йўналишларида изланишлар олиб борардилар. Фундаментал, техник, коинот, дунё уммонларини ўрганишда иштирок этардилар. Бугунги кунда ўзбек олимлари нима қилмоқдалар? Фан ва буюк маданият тарихга итқитиб ташланди. Биз сиёсий калтабинлигимиз туфайли ўз халқимизни қашшоқлаштирмоқдамиз.

Ғарблик тадқиқотчилар ғарб цивилизацияси ўлаётганини, либерал бозор иқтисоди ахмоқлик эканини, келажаги йўқлигини айтмоқдалар. Шунинг учун ўз лойиҳамиз бўлмоғи лозим. Бу лойиҳа иқтисодий-ижтимоий ҳаётни миллийлик билан уйғунлаштира олиши керак. Афсуски, биз Ғарб ва Америкага интилиб, кўп нарсаларни бой бердик. Энди тикланиш пайти етиб келди.

Фарғона.Ру: - ШҲТ мана шундай геосиёсий лойиҳа бўла оладими?

Леонид Ивашов: - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти геосиёсий муаммолар академияси ғояси эди. Нега биз бу фикрга келдик? Биз моноқутбли бўлган оламни ва инсоният боши берк кўчага кириб қолаётганини кўрдик. Иқтисод, давлатчилик, сиёсий тизимнинг ягона модели таклиф қилинмоқда. Чегаралар очилиб, миллийлик вайрон этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси кучли давлатлар, энг аввало Америка, халқаро молия корчалонлари, мафия, истаганингиздай атайверинг, заҳираларни, ишчи кучини, интеллектни осонликча сотиб олиши учун қилинмоқда. Дунёда мувозанатни тиклаш учун глобал тарзда рақобатчилик асосини яратиш лозим эди.

Американинг дунёга устун бўлиш ғоясини чеклаш учун дунёнинг иккинчи қутбини яратиш лозим эди. Бугунги кунда бирорта давлат, ҳатто Хитой ҳам бу альтернатив қутб сифатида ўзини намоён қила олмайди. ШҲТ доирасида, оламнинг тўрт цивилизацияси уйғунлигида бу ишни амалга ошириш мумкин.

Фарғона.Ру: - Толибонларга қарши компания пайтида АҚШ ўзбек Хонободида база ташкил этди. Кўпчилик таҳлилчиларга кўра,бу Россия учун манфаатли бўлган. Чунки Америка қўли билан биз ўзимизнинг жанубий ҳудудларимизни потенциал хавфдан ҳимоя қилдик. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

Леонид Ивашов: - Афғонистонда Аҳмадшоҳ Масъуд раҳбарлик қилаётган қонуний ҳукумат ва ҳарбийлар бор эди. Уни расман таклиф қилиб, ҳарбий ёрдам ҳақида шартнома имзоланиши зарур эди. Биз, Эрон ва Ҳиндистон ёрдам беришга тайёр эдик. Агар биз очиқчасига қўллаганимизда эди, Аҳмадшоҳ аллақачон толибларни янчиб ташлаган бўларди. Лекин биз ҳамма ишни ўғринча қилдик. Ҳатто Америка базаларини жойлаштириш масаласида ҳам Шанхай ташкилотини йиғмадик. Балки хитойлар “нега Америка базалари? Келинглар, биз иккита полкни ташлайликда, керак бўлса оз-моз бомбабўрон қилайлик”, деган бўлармиди? Ҳеч бўлмаганда базаларнинг ҳозирлиги шартлари келишиб олинарди. Кейин эса биз Тошкентни ҳам, Бишкекни ҳам улкан НАТО машинаси остига ёлғиз ташлаб қўйдик. Назарбоев ҳаммадан ақлли чиқди. У керак бўлган тақдирда уч аэродромдан фойдаланиш мумкинлигини айтди, бироқ база учун рухсат бермади.

Фарғона.Ру: - Сизнингча америкаликлар Бишкек яқинидаги Ганси авиабазасини тарк этадиларми?

Леонид Ивашов: - Бу Бишкек расмийларига боғлиқ. Лекин энг яхшиси бу масалани ШҲТ кун тартибига қўйиш керак. Албатта бу борада Россия ва Хитойнинг Қирғизистонни қувватлаши катта аҳамиятга эга. Америкаликлар кетишга мажбур бўладилар.

Фарғона.Ру: - Ганси базаси Россия ва Қирғизистон учун қандай хавф туғдиради?

Леонид Ивашов: - Гап шундаки, ҳарбий куч ҳеч қаерга нейтрал мақсадда жойлаштирилмайди. Ҳарбий база шу базанинг эгаси бўлган давлат сиёсатини мамлакатда ўтказиш учун зарур. Ҳарбий ҳозирликка асосланган ҳолатда америкаликлар ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларига аралашадилар.

Фарғона.Ру: - “Андижон воқеалари”ни шарҳлар экансиз, бундай воқеалар такрорланиши мумкинлигини айтгандингиз. Нима деб ўйлайсиз, Тошкент бу воқеалардан хулоса чиқардими?

Леонид Ивашов: - Мен доимо ижтимоий муаммолар бўлган ҳудудларга ташқи аралашув доимо мувафаққиятли бўлади, деган фикрни такрорлаб келганман. Ижтимоий нотенглик ва адолатсизлик бўлган жойда барқарорлик ҳеч қачон бўлмайди.

Фарғона.Ру:- СССР қайта тикланиши мумкинми?

Леонид Ивашов: - Мен ҳаммамиз бирлашишимизга ишонаман. Лекин бу бошқачароқ шаклда бўлади. Бугун СССРга бирлаштириш мумкин эмас. Нега? Чунки бу давлатларда элита шаклланиб бўлди.

* * *

Суҳбатни “Фарғона.Ру” бош муҳарири Даниил Кислов ёзиб олди. Москва, 2006 йил. Апрель.