11:23 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон собиқ мудофаа вазирини АҚШ маъмурияти билан “шахсий алоқада” бўлганликда айбламоқдалар

24.05.2006 17:28 msk

Ўз ахборотимиз

22 май. Душанба куни хабар берганимиздек, Ўзбекистон Олий суди ҳарбий коллегиясида собиқ Мудофаа вазири, Ўзбекистон Президентининг собиқ давлат маслаҳатчиси Қодир Ғуломов устидан маҳкама жараёни бошланган. Ҳозирча Қодир Ғуломовга саккиз айблов қўйилгани маълум. Уларнинг айримлари аксилтеррор кучларнинг Хонободдаги базаси билан боғлиқ. Бошқалари эса 2003-2005 йилларда Мудофаа вазирлиги ходимлари устидан ўтган суд жараёнларига таалуқли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазири Қодир Ғуломов 2005 йил ноябрида вазифасидан озод этилганди. Бир вақтнинг ўзида Ислом Каримов фармони билан Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди.

“Фарғона.Ру”да мавжуд маълумотларга кўра, Қодир Ғуломовнинг маслаҳатчи лавозимидан бўшатилишига АҚШ мудофаа вазири Рамсфельд томонидан жўнатилган мактуб сабаб бўлган.

Мактуб дипломатик эътибор намунаси бўлиб, дипломатик этикет доирасидан ташқарига чиқилган эмасди. Америка вазири Қодир Ғуломовга ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирган ва ўзбек вазирининг терроризмга қарши курашдаги шахсий ҳиссасини юқори баҳолаган эди.

Бундан ташқари Доналд Рамсфельд Ж. Буш маъмурияти ва Ўзбекистон раҳбарияти ўртасида “вақтинчалик қийинчиликлар” пайдо бўлганига қарамай, “ўзаро манфаатли шахсий муносабатларни давом эттиришга” умид билдирган.

Тақдир тақозоси билан мактуб Қодир Ғуломовга етиб келмади. Уни Қодир Ғуломов ўрнига тайинланган Руслан Мирзаевга топширдилар. Махсус хизматларда узоқ йиллар ишлаб, Миллий Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган бу одам мактуб тўғрисида президентга хабар берган. Телефон орқали суҳбатдан қирқ минут ўтгач, фельдъегерлик хизмати зобити мактубни давлат раҳбари қабулхонасига етказиб берган.

Бу мактуб нега бундай оқибатларга олиб келганини тушуниш учун И. Каримовнинг ўз қўлостидагиларга кўрсатилган бундай “марҳамат”ни қандай қабул қилиши тўғрисида гапириб ўтиш лозим.

Андижон исёни бостирилганидан ва АҚШнинг бунга салбий муносабат билдирганидан сўнг республика президентига Қўшма Штатлар уни миллий лидер сифатида жисмонан йўқ қилиши мумкинлиги тўғрисидаги васваса тинчлик бермай қўйган.

Ҳақиқатан бундай режа мавжудми, йўқми, буни бугун биров аниқ тасдиқлай олмайди. Лекин бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда Ислом Каримов Ғарб учун номақбул сиёсатчидир. Лекин бу Ғарб учун мутлақо мақбул бўлмаган сиёсатчи, дегани эмас.

Ғарб Каримов АҚШ манфаатларини ўз давлатига жонбозлик билан сингдирганини яхши билади. Рус тили, Россия техникаси ва ускуналари Америка ва Европа сармояларини киритиш мақсадида ўз даврида Ўзбекистондан мажбурий равишда сиқиб чиқарилганини ҳам яхши билади Ғарб.

Ўзбекистондаги бугунги вазият уч – тўрт йилги вазиятга диаметрал тарзда қарама-қаршидир. Америка Ўзбекистон учун бугун биринчи рақамдаги душмандир.

Ўзбекистон газеталарида мунтазам равишда АҚШ мамлакатни ўзининг хомашё базасига айлантирмоқчи бўлгани, ҳукуматни эса ўзига бўйсундириш ниятида экани тўғрисидаги мақолалар пайдо бўлмоқда.

Шундай вазиятда Доналд Рамсфельднинг собиқ вазир билан шахсий алоқаларни давом эттириш тўғрисидаги дипломатик шаъмаси ҳам Ислом Каримовни анча сергаклантирди.

Ўзбекистон президенти олий раҳбарий ўринга номзод бўлиши мумкин бўлган исталган шахсни сиёсий саҳнадан суриб чиқариш бўйича устаси фаранг бўлиб кетган. Бу сафар Ислом Каримов физик Қодир Ғуломовда ўз рақибини кўрган бўлиши мумкин.

Протокол мактуб Ислом Каримовда Қодир Ғуломов АҚШ маъмурияти балан шахсий алоқаларга эга, деган шубҳани мустаҳкамлади. Айрим кузатувчилар эса, агар бундай шахсий алоқалар ҳақиқатан мавжуд бўлганида эди, Рамсфельд уларни расмий мактубда баён этмаган бўларди, деган фикрдалар.



 

Реклама