13:55 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги ўзбек гастарбайтерлари тақдири хусусида (фоторепортаж)

23.05.2006 20:49 msk

Ўз ахборотимиз

Бухоро давлат тез ёрдам клиникасида Илёс Ғаниевнинг сон терисидан бир қисмини товонига кўчириш операцияси амалга оширилди. Ўнг оёқнинг панжаларини кесиб ташлашга тўғри келди. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан бўлган ўттиз ёшдаги бу йигит ўз тўйига пул ишлаб келиш учун Россияга борган эди. Кўпчилик гастарбайтерлар каби Илёс ҳам қора ишларни бажарди. Орадан бир йил ўтиб, у уйига ногирон бўлиб қайтди.

“Ўша куни”, - деб эслайди Илёс, - “Менга Москванинг Куркино микрорайонида иш таклиф қилишди. Мен роса суюндим, квартира таъмирида қўшимча пул топиш имкони пайдо бўлганди. Иш таклиф қилганлар кечқурун ичиб олиб, мени аёзда оёқ кийимсиз кўчага ҳайдаб чиқаришди. Мен фақат бировнинг эски туфлисини кийишга улгурган эдим”.


Ташхис: совуққа олдириш
Илёс орадан бир кун ўтибгина Митишидаги ватандошлари олдига етиб олди. Орадан кўп ўтмай бухоролик гастарбайтерни Митиши касалхонасига ётқиздилар. Илёснинг бир оёғидаги этик уни Россия аёзидан сақлаб қолди. Лекин ўнг оёғининг панжаларини совуқ уриб кетди. Ташхис: совуққа олдириш. Натижа: панжаларнинг кесиб ташланиши. Шундан сўнг ҳамшаҳарлари Илёсни Бухорога жўнатдилар.

Бугунги кунда Бухородан турли йўналишларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Трансаэро”, “Громовские авиалинии” авиакомпанияларининг учоқлари учмоқда. Ҳар бир учоқ гастарбайтерларни олиб кетади. Ортга эса кўпинча гастарбайтерларнинг жасадлари қайтади.

2006 йил учинчи майида “Москва-Бухоро” рейси гастарбайтер С. Рамазоновнинг жасадини олиб келди. Бу якка ҳолат эмас. Деярли ҳар куни ўзбекистонлик гастарбайтерлар Россияда бахтсиз ҳодисага учрайди ёки скинхедлар қўлида ҳалок бўлади.


ТРАНСАЭРО ширкатининг Бухородаги идораси
Ҳалок бўлган ҳамма ўзбекистонликнинг жасади ортга қайтавермайди. Бир жасадни олиб келиш беш – етти минг доллар атрофидадир. Меҳнат муҳожирининг меҳнати эса Россияда ойига 150-500 долларга баҳоланади. Улар билан суҳбатлашар экансиз, гастарбайтерлар Россиядаги Ўзбекистон элчихонасидан мадад кутмасликлари аён бўлади. Дипмиссия вакиллари гастарбайтерларни назарга ҳам илмайдилар. Уларга кўра, гастарбайтерлар кўпинча Россияда қонунни бузадилар. Россияда қонунни бузган ватандошларни эса ҳимоя қилиш арзимайди.

Авиабилет қиммат бўлгани сабабли, кўпчилик бошқа транспорт воситаларини маъқул кўради. Бир йил аввал Россияга кетаётган меҳнат мигрантлари орасида энг оммабоп транспорт Россия шаҳарларига қатнайдиган автобуслар бўлган эди.

Автобусларга йўлбошчилар раҳбарлик қиладилар. Уларнинг вазифаси йўловчилар топиш ва чегарачилар билан “орани очиқ қилиш”. Розия Раҳимова йўлбошчилардан бири. Унга кўра, кейинги пайтларда маҳаллий ДАН ходимлари билан тил топишиш қийинлашиб бормоқда.


Йўлбошловчи Розия Раҳимова
“Ҳар сафар йўлга чиқиш олдидан улар бизни қийнашади. Пассажирлар билан йўлга чиқишимизга тўсқинлик қиладилар. Авваллари бундай эмасди. Улар лизензиямиз йўқлиги учун шундай қилишаётганини айтишади. Лицензия бўлган тақдирда ҳам бари бир баҳона топилади”.

Розия бир-бир ярим минг доллар ортиқча пул билан йўлга чиқади.

“Қора кунга бу пул”, - деб тушунтиради йўлбошловчи. – “Бу пулни қозоқ ва ўзбек чегарачиларига берамиз. Улар билан гаплашиш жуда қийин. Россия чегарачилари одамгарчиликни биладилар. Ҳозир бизнинг иккита автобусимиз қозоқ чегарасида турибди. Автобусларнинг ойналарини синдиришиб, пул талаб қилишмоқда. Бизда ортиқча пул нима қилсин? Ўзбеклар курортга эмас, ишга кетишяпти!”.

Ҳайдовчилардан бири гастарбайтерлар учун кейинги пайтларда автобус билан Россияга боришдан кўра, самолётда кетиш қулайроқ эканини айтади.

“Бизда йўлкира арзон, лекин йўл хавфли. Бухородан Москвага поездда борсангиз 130-140 минг сўм (тахминан 120 АҚШ доллари) сарфлайсиз. Лекин бу фақат йўлкира, холос. Бундан ташқари чегарачилар йўлда пул талаб қилишлари мумкин”.

Йўлдаги ортиқча чиқимлар туфайли йўловчилар ҳайдовчилардан қарз бўлиб қоладилар.


Илёс Ғаниев
Шу ҳафтада касалхонадан чиқадиган Илёс Ғаниев Ғиждувонга қайтмоқчи. Тўрт мучаси соғ пайтида у Россиядан иш излаганди. Энди эса ногиронга айланган бу ёш йигитга Бухорода иш топиш аввалгига қараганда янада қийинроқ.

“Фарғона.Ру” АА да маълумотларига кўра, Бухородаги ҳар бир оиладан бир вакил Россияда меҳнат қилади.