14:48 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорақалпоғистон ҳайвонот оламини қирилиб кетишдан қандай асраб қолиш мумкин?

23.05.2006 20:31 msk

Валентин Бочин

Бу мақолани бизга нукуслик Валентин Бочин жўнатган. У Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, қирқ йиллик тажрибага эга бўлган журналист.

ТЕРГОВНИ ЖУРНАЛИСТ ОЛИБ БОРАДИ

Қорақалпоғистон ҳудудида “Ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш” қонуни қўпол тарзда бузилмоқда. Негаки, Амударё ҳавзасидаги биологик ранг барангликни сақлаб қолиш дастури юзасидан фаолият олиб бораётганлар орасида мутахассислар йўқ. Қорақалпоғистон Давлат табиат қўмитаси ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш Бошқармаси фаолияти Нукус раҳбариятини балиқ ва ҳайвон гўшти билан таъминлаш, бойлик ортиришга қаратилган.

Бу ташкилот ташкил этилганига 18 йил бўлди. Шу давр мобайнида тўрт нафар раҳбар келиб кетди. Бироқ, улардан бирортаси ҳам соҳа мутахассиси бўлмаган.

Биология соҳасида билим йўқлиги туфайли қўпол хатоликларга йўл қўйилмоқда. Ҳар йили Тошкентдан 24 апрелдан 10 июлгача кўпайиш мавсуми бўлгани учун балиқ ови таъқиқлангани тўғрисида кўрсатма келади. Бироқ, балиқнинг тухумлаши бошлиқларнинг кўрсатмаси билан эмас, Амударёдаги сувнинг ҳароратига қараб бўлади. Масалан, чўртанбалиқ +5 ва +10 ҳароратда тухумлайди. Бу эса кўрсатмада белгиланган муддатлардан анча олдин амалга ошади.

Давлат томонидан назоратнинг сустлиги туфайли овчилик хўжаликлари ва қўриқхоналар бошқармасига агроном Т. Абдиров раҳбар этиб тайинланди. У Франция ва Италиядан келган туристлар учун ов уюштирди. Ҳар бири овчига лицензияга биноан 5 ҳайвонни отишга рухсат берилади. Бироқ, Т. Абдировнинг жонбозлиги туфайли қисқа муддатда республика 5 минг ҳайвондан ажралди.

Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун муаллиф икки таклиф киритади: Биринчиси, зоологлардан иборат қуролланган ҳимоя гуруҳини ташкил этиш лозим. Иккинчи, эркак ҳайвонни ўлдирганлик учун жуда қаттиқ жазо белгилаш лозим. Чунки, ҳайвонот оламида урғочилар ўн мингдан ошган тақдирда, эркак ҳайвонлар мингтага тўғри келади.

Зоолог М. Косбергенов сайғоқларни ва Устюртда кам учрайдиган ҳайвонларни ҳимоя қилиш борасида махсус инспекция ташкил қилиш дастурини таклиф қилди. Табиат вазирлиги бу таклифни ҳатто ўрганиб ҳам чиқмади, жавоб ҳам ёзмади.

Ҳайвонлар қирилаётган бир пайтда, Орол табиатини ҳимоя қилиш прокуратураси прокурори А. Абдуллаев икки йил оралиғида сайғоқларни овлаган браконьерларга қарши бирорта ҳам жиноят иши очилмаганини маълум қилди. Нега табиат қўмитаси браконьерларни прокуратурага топширмаяпти? Негаки, Устюртда вазиятни табиат қўмитаси эмас, браконьерлар назорат қилмоқдалар. Беш йил мобайнида (2001-2005) республикада биронта ҳам браконьерга жазо берилмаган.