20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон воқеалари тўғрисидаги видеоёзувларга нисбатан АҚШ экспертлари танқидий муносабатда бўлдилар

22.05.2006 23:02 msk

EurasiaNet.Org

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилдаги Андижон воқеалари ислом жангарилари томонидан уюштирилганини кўрсатиш мақсадида бу ҳақдаги видеофильмни тарқатмоқдалар. Ғарб ахборот агентликлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари берган маълумотларни инкор қилар экан, бу фильм 2005 йилнинг 13 майида Андижонда бўлган норозилик акцияларида ислом жангариларининг иштироки, намойишчиларнинг қанчаси радикал ислом нуқтаи-назаридан туриб ҳаракат қилгани тўғрисидаги масалага ойдинлик киритмайди. Eurasianet.org ахборот-таҳлилий серверидаги мақола ана шу масалага бағишланган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан тарқатилган видеофильм Гудзон институти ҳамда Жон Хопкинс университети қошидаги Ўрта Осиё ва Кавказ институти кўмагида 16 май куни Вашингтонда намойиш қилинди. Ўзбекистон ҳукумати фильм Андижондаги норозилик намойишини бостириш пайтида жангарилардан топилган видеотасвирлар асосида яратилганини айтади.

20 дақиқали фильмда баъзиларининг қўлларида ёқилғи қуйилган шишалари бор бир неча ўн қуролли кишиларни, гаровга олиниб, автомат ўқталиб турган бир неча полициячини кўриш мумкин. Фильмда Бобур майдонидаги намойишлардан аввал маъмурий бинолар, жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига қилинган ҳужумларнинг давлатга қарши исён бўлгани таъкидланади. Фильмда воқеалар ортида ислом жангарилари тургани тўғрисидаги ҳукумат позициясини тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ. Фильмда норозилик акциясининг ўзи ва намойишчиларнинг тарқатилиши кўрсатилмаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, тартиб посбонлари аксарияти қуролсиз бўлган одамларга қарата ўт очганлар.

Бундан ташқари ёзувда кўрсатилган қуролли жангарилар исломчиларга ўхшамайдилар. Ёзувга тушиб қолган бир неча жангаригина соқол қўйган. Шу вақтнинг ўзида видеотасвир Андижондаги намойишчиларнинг аксарияти ҳокимият идораларидаги коррупция ва қашшоқ турмуш даражасига қарши кўтарилгани тўғрисидаги мустақил ҳисоботларга қарама-қарши келмайди. Моҳиятига кўра, Гудзон институтида кўрсатилган ўзбек фильмидаги саҳна кўринишлари Human Rights Watch ва Amnesty International ташкилотлари ҳаракатлари билан тикланган воқеалар хроникасига қарши келмайди.

Ҳар икки ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти гувоҳларнинг кўплаб суҳбатларига таянган ҳолда бир гуруҳ ишбилармонларнинг маҳаллий ҳокимият томонидан қувғинга олиниши Андижон воқеаларига сабаб бўлган, деб таъкидлайди. Ишбилармонларнинг ўзлари эса ҳокимият уларни салоҳиятли рақиблар сифатида кўрганини айтишади. Уларнинг сўзларига кўра, суд фойдали бизнесни ўзлаштириб олишни истаган маҳаллий порахўрлар томонидан уюштирилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, қамоқхонага жангарилар ишбилармонларни озод қилиш учун ҳужум қилганлар. Ана шу жангарилар кейин маъмурий биноларга ҳам ҳужум қилганлар. Уларнинг фикрича, қамоқхона ва маъмурий биноларга ҳужум қилишда Ислом дини ҳеч қандай роль ўйнамаган.

16 майдаги фильм намойишининг икки бошловчиси, Гудзон институтининг вакили Зейно Баран ҳамда Ўрта Осиё ва Кавказ институти ходими Фредерик Старр ислом жангариларининг бошқаларни ҳам намойишга қўшилишга чақираётганлари тасвирланган ёзувларни ҳам кўрганини айтишди. Гўёки ана шу ёзувларда “Аллоҳу Акбар!” деб бақирган жангарилар кўринган эмиш.

“Умуман”, - деди Старр, - “фильмнинг бу иккинчи, тўлароқ версияси исённинг исломий характерга эга бўлгани тўғрисида “узил-кесил” хулосаларни беради”.

Бироқ 16 май куни кўрсатилган ёзувларда ана шундай далиллар йўқ эди.

Баран ҳам, Старр ҳам фильмнинг “ташвиқот” эканини тан олишди, бироқ тортишув пайтида ҳар икки томонга сўз бериш кераклигини айтишди. Бироқ залда ўтирганларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ҳукуматининг ана шундай далилларига нисбатан танқидий муносабат билдирдилар, ўзбек ҳукумати шаънига норозилик изҳор қилинди.

Қирғизистондаги андижонлик қочқинлар билан суҳбатлашган Мериленд университети стипендиати Кевин Жонс ўзи гаплашган одамлар исломчи бўлмаганини айтди.

“Ячейканинг ишлагани, буни режалаштирган бир гуруҳнинг бўлгани тушунарли. Уларнинг барча далиллари менга маълум эмас. Бироқ, иккинчи томондан улар орасида имкониятдан фойдаланиб ўзларининг иқтисодий ва бошқа масалаларда ҳукуматдан норозилигини маълум қилиб қўйишни истаганлар кўп бўлганини биз яхши биламиз”, - деди у.

Старр содир бўлган воқеа хусусида Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWRP) мухбирининг ҳисоботни шубҳа остига қўйишга уринди. Журналистларни онгли равишда воқеаларни бузиб кўрсатишда айблар экан, “улар ёлғон айтишган деб ўйлайман... албатта ҳукуматга қарши чиқаётиб”, - деди у.

IWRP номидан воқеаларни ва қонли қирғинни ёритиб борган Галима Бухарбаева Старр қалбакиликда айблаган гувоҳлардан бири бўлди. EurasiaNet саволларига жавоб берган Бухарбаева майдонда қуролли одамлар борлигини маълум қилганини айтди. Унинг сўзларига қараганда, қуролланган одамлар Ислом радикаллари эмас, ўзини ҳимоя қилиш учун қўлига Калашников автоматини олган оддий фуқароларга ўхшарди. Бухарбаева исломий исён деб хулоса чиқаришга асос бўлгувчи бирор нарсани кўрмаганини такрорлаб, норозилик акциясининиг ҳукумат ҳаракатларига қарши норозиликдан келиб чиққанини маълум қилди.

“Мен воқеаларнинг барчасини кўрдим, деб айта олмайман. Мен уларнинг озгина қисмини кўрдим. Лекин айта оламанки, у ерда ҳеч қандай “Аллоҳу Акбар!” дея ҳайқиришлар ёки ислом жангарилари бўлган эмас”, - деди у.

“Фред Старр уялиши керак, у Ўзбекистон халқининг 17 йил давомида ўз дардини айтиб, эшитадиган одам топишга биронта имконият бўлмаганини ва ниҳоят сабр косаси тўлгач, қашшоқ ва аянчли аҳволга тушиб қолган одамлар қуролли қўзғолонга журъат қилганларини инкор қилмоқда. Албатта, бунинг ҳеч қандай яхши жойи йўқ, лекин улар Ўзбекистонда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа чорасини топмаганлар. Чунки сиз милицияга мурожаат қила олмайсиз, сиз судга мурожаат қила олмайсиз”, - деди Галима Бухарбаева.

* * *

Муҳарририятдан. Жошуа Кучера – вашингтонлик мустақил муаллиф, Ўрта Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқда хавфсизлик масалалар бўйича мутахассис.