11:22 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Иқбол Мирсаитов: Қирғизистон тараққиётида сиёсий хавф ва таваккаллар

22.05.2006 17:49 msk

Иқбол Мирсаитов (Бишкек)

Қирғизистонда кейинги пайтда юзага келган вазият Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев мухолифлари томонидан ҳам, президент командаси томонидан ҳам чуқур таҳлил қилиниши лозим бўлган даврга етиб келди. Вазият ўта мураккаб. Матбуот бу вазиятни турлича баҳоламоқда: кимдир “ҳокимият обрўсининг тўкилиши” деб шарҳласа, яна кимдир мамлакатда сиёсий буҳрон юзага келди, демоқда. Мамлакатда “иккинчи қирғиз инқилоби бошланди”, дегувчилар ҳам йўқ эмас. Собиқ президент А. Ақаев ҳам четда қолмади, у “инқилобий эйфория якунланиб, одамилар ҳушига кела бошладилар” қабилида шарҳ берди.

Бир нарса аниқ: Қирғизистондаги сўнгги сиёсий воқеалар фонида вазият издан чиқиши хавфи пайдо бўлмоқда. А. Ақаев президентлигининг илк даврларида “Қирғизистонни Осиёнинг нейтрал Швейцариясига” айлантираман, деб умид қилган эди. Мана шу умидлар рўёбга чиқа бошлаган кўринади. Бугунги кунда мамлакатда ҳокимиятдан заррача ҳайиқмайдиган жиноий гуруҳлар фаолияти кучайиб бораётгани ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Яқиндагина қўшни давлатлардан келган “авторитетлар” иштирокида жанубий ҳудудларда ўтказилган йиғилиш, амалиётда таъсир доирасини қайта бўлиштириш жараёни кетаётганини тасдиқлади. “Янги жиноий гуруҳларнинг кучайиши”га жавобан халқ ўз “Робин Гудларини” излай бошлади. Аҳоли ҳукуматга ишонмай қўйди ва вазиятдан чиқиш учун ўзича йўл изламоқда. Жиноятчиларга қарши маҳаллий гуруҳлар тузилмоқда. Баъзан бу гуруҳлар жиноий гуруҳлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Мактаб ўқувчилари ҳам четда қолмаётир, “мактаблараро урушлар”, “мавзелараро урушлар” бошлаб юборилди. Биз ёш авлодни йўқотмоқдамиз, чунки уларни бирон нарса билан банд қила олмаётирмиз.

Озиқ-овқат шоҳобчаларининг жиноий гуруҳларга солиқ тўлаши, қонли отишмалар биз учун оддий ҳолатга айланди. Таъкидлаш жоизки, тарих “қўлга ўргатилган жиноий гуруҳ”, деган атамани билмайди. Сиёсий мухолифларни ёки номақбул сиёсатчиларни жиноий гуруҳлар ёрдамида бартараф этиш тарихда кузатилган ва жуда хавфли иш. Жиноят олами билан ўйнашиб бўлмайди.

2004 йилдан бери Қирғизистон Марказий Осиёдаги бошқа режимларга мақбул бўлмаган мухолифатчилар учун “нейтрал ҳудуд”га айланиб бормоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Хитойдаги мухолифатчилар Қирғизистонда ўз ҳаракатларини, таҳлилий марказларини ташкил қилмоқдалар.

Мамлакатда сиёсий барқарорликнинг йўқлиги ноқонуний диний–сиёсий партия, ташкилот ва ҳаракатларга қўл келмоқда. Бу ташкилотлар мамлакатдаги вазиятга тезкор муносабат билдириб, ўз шарҳларини аҳоли ўртасида тарқатмоқдалар. Улар ҳокимиятнинг ижтимоий соҳадаги заифлигидан фойдаланиб, аҳоли орасида обрўларини оширмоқдалар.

Мухолифат тезкор равишда ислоҳотлар ўтказиш ва жиноятчиликка барҳам беришни талаб қилмоқда. Мамлакатдаги вазиятнинг издан чиқиш хавфи турли қарашдаги гуруҳларни ягона мухолифатга бирлаштирган ягона омилдир. Мухолифатнинг асосий раҳбарлари сифатида парламент тарқатилган ва президентлик бошқарувига асосланган конституция қабул қилинган тақдирда сиёсий капитал тўплаб олишга ҳаракат қилаётган парламент депутатлари чиқмоқдалар.

Айни пайтда сайловларда сиёсий партиялар ишитроки масаласи ўрганилмоқда. Мухолифат лидерлари ва парламентнинг айрим депутатлари ўз сиёсий партияларига “эга “ экани ҳеч кимга сир эмас.

Депутатлар корпуси ва президент ўртасидаги зиддият Жўғўрқу Кенеш томонидан фаолияти қониқарсиз деб баҳоланаётган ҳукуматга таъсир кўрсатмоқда. Бу вазиятда Бакиев-Қулов тандеми позицияси тушунарсиз. Балки Ф. Қулов ва Қ. Бакиев тарафдорларининг қонун чиқариш ва ижро ҳокимиятидаги тарафдорлари ўтрасидаги кураш авжига чиққан кўринади.

Ёшлар ва меҳнатга яроқли кишиларнинг хорижга чиқиб кетаётгани катта ташвишга асос бўла олади. МДҲ мамлакатларига иш излаб кетаётганларга паспортлар етишмагани мамлакатда паспорт буҳронига сабаб бўлган ҳолатлардан биридир. Боткен, Ўш, Жалолобод вилоятларида туғилган ёшларнинг 70 фоизи бошқа мамлакатларда ишламоқдалар. Меҳнат мигрантлари туфайли республикага катта маблағ кириб келмоқда. Лекин бу мигрантларнинг хориждаги ҳуқуқлари ва мақомлари шу кунгача аниқланмаган. Мамлакат меҳнатга яроқли аҳоли, деб номланадиган стратегик аҳамиятга молик заҳирани йўқотмоқда.

Қирғизистонда ички хавфлар билан бирга ташқи хавфлар ҳам мавжуд. Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан алоқаси, юмшоқроқ айтганда, анча мураккаб.

Биринчидан, Қирғизистонда минтақада биринчи марта аввалги ҳокимият инқилобий йўл билан алмаштирилди. Бу эса қўшни давлатлар раҳбарларида хавотир уйғотмай қўймайди.

Иккинчидан, қўшни давлатларга Америка ва Россия базалари ҳозирлиги борасида Қирғизистон ҳукумати позицияси тушунарсиз.

Учинчидан, ўз ватанидан қувилган мухолифатчилар Қирғизистондан бошпана изламоқдалар. Ёки Қирғизистон орқали учинчи давлатларга кетмоқдалар.

Ўз ўрнида Россиянинг мамлакат раҳбариятига таъсир кўрсатиш ҳаракатлари АҚШ ҳамда ХХР ҳукуматларида ташвиш уйғотмоқда. Бу буюк давлатлар минтақада бир-бирларининг таъсирларини камайтириш манфаатидадирлар. Хитой иқтисодий соҳада, АҚШ ҳарбий-сиёсий соҳада манфаатларга эга. Россия учун эса Марказий Осиё ҳаётий муҳим ҳудуд. Шунинг учун Россия бу ерда иқтисодий. сиёсий, ҳарбий манфаат билан бирга маданий манфаатларга ҳам эга.

Қирғизистоннинг мусулмон олами билан алоқлари ҳам аниқ эмас. Ислом Конференцияси ташкилотининг йиғилишида Қирғизистон делегацияси иштироки ўта заиф бўлди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов Саудия Арабистони қироли, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон, Эрон президентлари билан учрашиши имкониятига эга бўлиб, улар билан ички ва ташқи муаммоларни муҳокама қилган бўлса, собиқ давлат котиби Д. Саригулов раҳбарлик қилган қирғиз делегацияси қандай натижаларга эришганини ҳеч ким билмайди.

Марказий Осиё минтақасида Ҳиндистон позицияси кучайиб бормоқда. Минтақадаги юқори технологиялар бозорини аста-секинлик билан Ҳиндистон эгаллаб бормоқда. Ўзбекистон Ҳиндистоннинг технологияларини қабул қилаётган бўлса, Тожикистон бу давлат билан ҳарбий ҳамкорликка интилмоқда. Қирғизистон эса Ҳиндистон билан тиббиёт, маориф ва туризм соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин.

Шундай қилиб, айни пайтда Қирғизистон танлов олдида турибди. Республиканинг барқарор тараққиёти учун хавфлар борлиги аниқ. Шунинг учун мамлакат тарақққиётининг бир неча йиллик аниқ ишлаб чиқилган стратегик дастури лозим. Мазкур дастур мамлакатнинг ички ва ташқи талабларига жавоб бермоғи зарур. Вазиятнинг кейинги мураккаблашувидан парламент ҳам, мухолифат ҳам, президент ҳам ютмайди. Мулоқот ва муроса кейинги тараққиётнинг асосий йўлидир. Мазкур дастурни ишлаб чиқишда ҳукумат билан биргаликда мухолифат ҳам иштирок этиши зарур.



 

Реклама