05:32 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жалолобод шаҳридаги мактабларда рўмол ўрашни таъқиқлаш ота-оналар ва мусулмон жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлди

21.05.2006 18:12 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Жалолобод шаҳар таълим бўлими ходимларининг ҳаракатлари шаҳардаги учта мактаб ўқувчилари, ота-оналари учун ўқув йилининг охирида кўнгилсизликлар олиб келди. Улар мусулмон қизлар ва ўқитувчилардан ўз рўмолларини ечиб юришни талаб қилишди.

Ота-оналарнинг гапларига қараганда, бу масала 2006 йилнинг бошидан кўтарилиб келмоқда. Ўшанда таълим бўлимидагилар буйруқ йўли билан қизлар ва ўқитувчилар томонидан рўмол ўрашни таъқиқлаб қўйишга қорор қилган. Амалдорларнинг фикрича, бу мактаб формаси тўғрисидаги тартибни бузиш ҳисобланади.

Шаҳар таълим бўлимининг ўсмирлар ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича (!) инспектори Шарипа Жўрўбаеванинг “Право для всех” ахборот бюллетенида эълон қилинган “Биз дунёвий давлат қуряпмиз! Шу билан ҳаммаси айтилган” номли мақоласи ота-оналар ва мактаб жамоасининг сабр косасини тошириб юборган сўнгги томчи бўлди. Мақолада муаллиф “ҳозир ўқув-тарбия ишлари бўйича шаҳар мактаблари кетида чувалиб юрган” уч мактабни оз эмас, кўп эмас, мамлакатда халифат қуришга интилишда айблаган.

Ўзининг мақоласида Ш. Жўрўбаева ўзбек тилида ўқитиладиган бу мактаблар ўқувчиларини олимпиада ва танловларда ғолиб чиқмаётгани, болаларнинг ўқиш пайтида жумъа намозига кетиб қолаётгани учун айблайди. Гўёки чатоғи йўқдай айбловларига якун ясар экан, мақола муаллифи мана шундай хулоса чиқаради: “...агар учта ўзбек мактаби Қирғизистонда халифалик қуриш ниятида бўлса, бундан бирон иш чиқмаслигини эслатиб ўтамиз”.

Женщины-узбечки из Джалалабада. Фото Фергана.Ру

Кеча бу масалани муҳокама қилиш учун вилоят қозиятининг нашри бўлган “Мусулмон” газетаси редакцияси манфаатдор томонлар иштирокида давра суҳбати ташкил қилди. Вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Чирмаш Дўўрўнов тадбир бошидаёқ ота-оналарга қонунга кўра мактаб формаси тўғрисидаги масала мактаб низомида белгиланиши, низомнинг эса ота-оналар, педагогика жамоаси ва ўқувчилар томонидан қабул қилинишини айтди. Бироқ муросасиз тортишув бир неча соат давом этди.

Икки лагерга бўлиниб қолган тадбир иштирокчиларининг қизғин тортишувларини учрашув охирроғида келиб қолган мамлакат Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли ҳал қилиб берди. У шаҳар таълим бўлими раҳбарларининг қарори ноқонуний экани, унинг бекор қилиниши зарурлигини айтди.

“Ҳеч қайси қонунда мактабда рўмол ўраш мумкин эмас, деб ёзилмаган. Қонунда таъқиқланмаган нарсанинг барчасига рухсат этилган”, - деди у. Шунингдек Бакир ўғли жанубликлар томонидан берилган бошқа саволларга ҳам жавоб берди.

Шунга қарамай, ота-оналар бу масалани биратўла ҳал қилиб қўйиш учун давлат бошлиғига хат билан мурожаат қилишга қарор қилишди.