12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик қочқинлар Чехияда қандай яшамоқдалар?

20.05.2006 16:47 msk

Жанил Жусубжан, Прага

Маълумки, тўрт юздан ошиқроқ ўзбекистонлик қочқинлар Қирғизистондан Руминияга кўчирилган. Шундан кейин андижонлик қочқинларнинг аксар қисми турли ғарб давлатларига жўнатилди. Қочқинларнинг бир қисми Чехияга кўчирилди. Андижон воқеалари бир йиллиги арафасида “Фарғона.Ру” мухбири Жанил Жусубжан Чехияда яшаётган қочқинлар билан учрашди.

ЧЕССКИ ЛИПАДА МУАММОЛАР ЕТАРЛИ

Хонза Колочек билан келишганимиздек, Прагадан 90 километр узоқдаги Чески Липа шаҳрида учрашдик. Кенг елкали, бақувват бу йигит меҳр-мурувват ташкилоти ходимидан кўра кўпроқ оғир вазнли курашчига ўхшарди.

”Кўп чехлар ҳозиргача СССРда фақат русларгина эмас, бошқа миллатлар ҳам яшаганини ақлларига сиғдира олмайдилар. Уч ойдан бери ўзбеклар билан ишлайман, улар ажойиб одамлар экан”, - дейди Хонза.

Супермаркет олдида уч ўзбекни машинамизга оламиз. Улар машинага ун, тухум, чанқовбосди ичимликларни юклайдилар. Сафимизга Хонзанинг касбдоши Зденка ҳам қўшилади.

“Мен қочқинларнинг болалари билан ўйнайман”, - дейди сезиларли акцент билан рус тилида Зденка. “У бизнинг хиппи, ҳамма уни яхши кўради”, - дейди секингина Хонза инглизчалаб.

Жуда ифлосланган дала олдидан ўтиб борамиз. Бу ерда авваллари уран конлари бўлган. Бугунги кунда бу конларнинг деярли ҳаммаси ёпилган, шунинг учун бу ерда ишсизлик даражаси анча юқори. Андижонлик қочқинлар мана шундай муаммоли ҳудудга жойлаштирилган.

“Нега қочқинларни бу ерга жойлаштиришди?”, - деб ҳайрон бўламан мен.

“Негаки, бу ерда ҳамма нарса арзон, уй ҳам, озиқ-овқат ҳам”, - дейди Хонза.

ЭРКАКЛАР ЎНГГА. АЁЛЛАР ЧАПГА

Шаҳардан йигирма дақиқа узоқликдаги қишлоққа тушдан кейин етиб келдик. Ангола, Чеченистон, Грузия, Ироқдан келган қочқинлар яшовчи кўп қаватли бетон уй олдида турибмиз. Андижонликларни еттинчи қаватга жойлаштирганлар. Бу ерда ҳамма ёқ ораста, тоза.

Андижонликларнинг барчаси қариндошлик ришталари билан боғланган. Ўн беш андижонликдан уч нафари аёл. Улар кўпинча уйда ўтирадилар.

“Эркаклар билан аёллар ҳеч қачон бирга овқатланишмайдими, дейман”, - дейди кулиб Хонза. – “Бир марта бир аёл ҳамкасбим биз билан бир столга ўтирди. Андижонлик эркаклар унга қарамадилар. Унинг саволларига ҳам мен орқали жавоб бердилар”.

Аёллар узун кўйлак кийиб, рўмол ўраганлар. Уларнинг фарзандлари Андижонда қолган. Йигирма тўққиз ёшли Комиланинг энг кичик фарзанди эмизикли эди. Лекин эрлари ёнларида. Андижонда улар кичик тадбиркорлик билан шуғулланиб, тирикчилик ўтказардилар. Бирови новвот қиларди. Бошқаси торт ва бошқа ширинлик пиширарди.

БМТ “ЮЛДУЗЛАРИ”

Бизни кечки овқатга қолишга таклиф қилишди. Мен дарров рози бўлақолдим, ўзбек таомларини яхши кўраман. Бундан ташқари ҳақиқий сомса қандай тайёрланишини ўз кўзим билан кўргим келди.

Сомсани тайёрлаш давомида қочқинлар киндик қони тўкилган уйлари тўғрисида хомуш гаплашадилар.

“Болаларимизни бир амаллаб бу ерга олиб келсак бўларди, лекин ота-оналаримизга бу яна ҳам каттароқ йўқотиш бўлади”, - дейди 34 ёшдаги Хадича.

“Вазият ўзгарса, уйга қайтамиз”. “Ўзгармасачи?”, - деб сўрайман мен. “Унда балки қариганимизда қайтармиз, болаларимиз бизни танимасалар ҳам керак”, - дейди Набира.

”Биз Каримов авф этиб, Ватанга қайтишимизга рухсат беришига умид қиламиз”, - дейди аёлларнинг энг ёши бўлган Комила диктофонимга назар ташлаб. Набира Руминиядаги лагерда қандай яшаганларини эслайди: “аёллар ва эркакларни алоҳида–алоҳида биноларга жойлаштирдилар. Орамизда турмуш ўртоқлари йўқлар кўп эди. Шунинг учун эрларимиз уларнинг ҳурмати юзасидан биз билан беш ой мобайнида масофадан туриб гаплашдилар. Девор олдига келиб гапирадилар?у, кетадилар. Умуман эрларимиз жентльменлар. Ҳатто руминлар ҳам ҳайрон бўлишарди. Ҳатто эркакларимиз ҳам тозаликни сақлашар, ораста эдилар. Кейин БМТчилар бундай яхши қочқинлар ҳеч қачон бўлмаган бизда, сизларга беш кетдик, дейишди”.

“Демак сизлар беш юлдузли қочқинлар экансизлар-да?”.

Менинг саволим қаҳқаҳага сабаб бўлди: “Ҳа, ҳа!”

”ИЧИШМАЙДИ. ЧЕКИШМАЙДИ. РУСЧАНИ АКЦЕНТ БИЛАН ГАПИРАДИЛАР”...

Чехлар айтганидай “цизинц”, яъни мусофир бўлиш осон эмас. Лекин андижонликлар кўника бошлаган кўринадилар. Хонзанинг айтишича, қочқинлар, айниқса аёллар чех тилида яхши гапира бошлаганлар.

Эркаклар иш топишга ҳаракат қилмоқдалар.

“Улар доим шошиладилар, тезроқ мустақил яшашга интиладилар. Уларда кўп йиллардан бери қочқинлар лагерида яшаётган хорижликлар каби тайёрга айёр бўлиш каби ижтимоий касаллик йўқ”.

Андижонликларга кўп ўтмай қочқин мақомининг берилиши кўпларнинг ҳасадини келтиради. Бундан ташқари уларга хорижликларни мослаштириш дастури бўйича дарс соатлари уч баробар кўп ажратилган. Хонза улар билан кунига бир неча соат бирга бўлади, фирмаларга телефон қилиб иш излашга кўмаклашади. Баъзида уларни фирмаларга суҳбат учун ўзи олиб боради.

“Лекин мен бу ерда вақтинчалик одамман. Тез орада уларнинг ўзлари муаммоларини ҳал қилишига тўғри келади”, - дейди Хонза.

Хонзанинг қўл телефони жиринглайди. Дабдабали виллалар қурадиган фирмадан телефон қилишаётган экан. Хонза ўз ҳимояси остидаги одамлар кунига неча соатдан ишлашини, расмий шартнома тузилиш-тузилмаслигини, қанча иш ҳақи тўланишини суриштиради.

“Булар жуда яхши йигитлар. Ичмайдилар, чекмайдилар, чунки улар мўмин мусулмонлардир. Тилни яхши тушунадилар, фақат русчани акцент билан гапирадилар”, - деб тушунтиради Хонза. Кейин эркакларга юзланиб тушунтиради: “Эртага соат еттида сизларни шаҳар магистратураси олдида кутиб турадилар. Ҳозирча икки кишини ишга олишмоқчи. Агар яхши ишласанглар яна уч кишини олишар экан”. Ойлик иш ҳақи пойтахтга нисбатан оз бўлса ҳам, жуда яхши.

АНДИЖОНЛИК ЧЕХ БЎЛАДИ

Кечки овқатга ўтирамиз. Дастурхонда шакар, уй нони, шоколадли мой, майиз. Комила ва Набира сомсани олиб кирадилар. Эркаклар бошқа хонада ўтиришибди. Хадича ўйланиб ўтирибди, унинг уч ойлик ҳомиласи бор. “Қирғизлар бизга жуда кўп ёрдам берди. Балки ёзсангиз бизга ғўра жўнатишар? Бу ерда ўрик ўсмас экан. Мен роса ғўра егим келяпти!.. Қурут бўлса ҳам майли...”

Кечликдан сўнг Комила орқали эркаклардан бири Хонза кетишга тайёрлигини билдирди. Комила иссиқ нон келтиради: “Йигитларимиз ёпишганди”. Хонза ҳам йўлга иссиқ нон олади. Зденка ҳам биз билан шаҳарга қайтади. Уни бир тўда болалар кузатадилар. Болалардан бири “Мана сизга дарек (чех тилида “совға” дегани)”, деб суратлар солинган саватчани тутқазади.

Хонза менга меҳр-мурувват ташкилоти раҳбарияти билан кузда қочқинларни табиатгаолиб чиқишни келишиб олганини айтади. “Сен ҳам келгин”, - дейди у. “Самозжреймне (албатта) келаман”, - дейман мен. Ўзимча эса ўйлайман: Хадичага ғўра ёки қуртни қаердан топсам экан...