08:39 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик қочқинларнинг Қирғизистонга ўтиш тарихи

20.05.2006 16:28 msk

Фирдавсий, ўз мухбиримиз

Фотосуратлар © Шерзод Юсупов

Андижонлик қочқинларнинг Қирғизистон ҳудудига ўтгани тўғрисидаги биринчи хабар матбуотда 2005 йил 14 майида пайдо бўлди. Лекин журналистлар орадан фақат бир неча кун ўтгач, 16-17 май кунлари қочқинлар жамлоғи жойлашган жойни топа олдилар. Бу жамлоқ Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Қорадарё қишлоғи яқинида, Ўзбекистон чегарасидан беш юз метр узоқликда жойлашганди. Биринчи фотосуратда сиз қочқинлар Қирғизистон худудига ўтган кўприкни кўриб турибсиз.

Андижонлик қочқинлар Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган кўприк. Шерзод Юсупов олган расм
Андижонлик қочқинлар Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган кўприк.
Шерзод Юсупов олган расм

Қочқинлар бу кўприк орқали Қирғизистон ҳудудига ўтиш осон бўлмаганини айтиб бергандилар ўшанда. Уларнинг ҳикояларидан айрим парчаларни келтирамиз.

- Намойиш ўққа тутилгач, биз шаҳардан чиқиб кетишга қарор қилдик. Агар у ерда тирик қолганимизда ҳам бизни қамоққа олишарди. Биз Қирғизистонга ўн икки соат яёв юриб етиб келдик.

- Андижондан Қирғизистонга қараб йўлга чиққанимизда бир ярим минг киши эдик. Бу ерга беш юздан кўпроғимиз етиб келдик. Қолганларга нима бўлганини билмаймиз, балки ҳалок бўлишгандир, балки йўлда чарчаб қолиб кетишгандир.

- Ниҳоят Ўзбекистон Қирғизистон чегарасига етиб келдик. Дарёдан кесиб ўтиш йўлини излай бошладик. Кўприкни кўриб қолдик. Лекин кўприкда чегара пости бор экан. Ўзбекистон чегарачилари бизга қараб ўқ ота бошладилар. Ҳаммамиз ерга ётиб олдик. Шу ерда беш-олти одам ҳалок бўлди.

- Биз отманглар, қуролимиз йўқ, деб қичқирдик. Эркаклар оқ кўйлакларини, аёллар рўмолларини ечиб силкита бошладилар. Кейин чегарачилар отишни тўхтатишди. Биз Қирғизистон томонга ўта бошладик. Бизни ўзбек аскарлари отганини кўрган қирғиз чегарачилари ҳеч қандай тўсиқларсиз Қирғизистонга ўтказиб юбордилар. Шундай қилиб биз шу ерга келиб қолдик.

Қочқинларнинг биринчи жамлоғи Ўзбекистон чегараси яқинида эди. Қирғизистон ҳукумати қочқинларга нисбатан қўшни тарафдан тажовуз бўлишидан хавотирланиб, жамлоқни қаттиқ қўриқлар эди.

Қирғиз аскарлари жамлоқни қўриқлаган. Шерзод Юсупов олган расм
Қирғиз аскарлари жамлоқни қўриқлаган.
Шерзод Юсупов олган расм

Биринчи куниёқ қирғиз ҳарбийлари чодир тикдилар. Қочқинлар беш юз нафар, чодирлар сони эса бор-йўғи ўнта эди. Шунинг учун ҳам қочқинлар чодирларда навбатма-навбат ухлашларига тўғри келарди. Кўпчилик қочқинлар аёллар ва болаларга ўрин бўшатиб, ўзлари ерда ухлар эдилар.

Жамлоқда жой етишмасди. Баъзи қочқинлар қуруқ ерда ётиб ухлашга мажбур бўлган. Шерзод Юсупов олган расм
Жамлоқда жой етишмасди. Баъзи қочқинлар қуруқ ерда ётиб ухлашга мажбур бўлган.
Некоторые спали прямо на земле.
Шерзод Юсупов олган расм

Қочқинлар орасида аёллар жуда кўп эди. Йигирмага яқин балоғатга етмаган болалар ҳам бор эди. Аёллар Андижонда оилалари, бола-чақалари қолгани тўғрисида сўзлар эдилар. Айримларининг фарзандлари, эрлари қирғинда ҳалок бўлган.

Жамлоқда аёллар, ўсмирлар ва болалар кўп эди. Шерзод Юсупов олган расм
Жамлоқда аёллар, ўсмирлар ва болалар кўп эди.
Шерзод Юсупов олган расм

Кўп ўтмай БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги кўмагида Бозорқўрғон туманидаги Сассиқ қишлоғи яқинига янги қочқинлар жамлоғи тикланди. Бу ердаги шароит анча яхши бўлиб, қочқинларга тиббий ёрдам кўрсатила бошланди. Озиқ-овқат таъминоти ҳам яхшиланди.

Мен қочқинлар жамлоғига йигирма мартача борганман. Ҳар сафар ўзбекистонликларнинг юз-кўзларида Ватан билан хайрлашув андуҳини кўрдим. Улар Андижонни соғинишарди, лекин ортга қайта олмасдилар.

Жамлоқда яшар экан, андижонликлар Ватан билан хаёлан видолашарди. Шерзод Юсупов олган расм
Жамлоқда яшар экан, андижонликлар Ватан билан хаёлан видолашарди.
Шерзод Юсупов олган расм

Қочқинлар жамлоғидаги қочқинлар бугунги кунда учинчи давлатларда яшамоқдалар. Лекин Қирғизистонга Ўзбекистондан келаётган сиёсий муҳожирлар сони ҳали тўхтагани йўқ. Бу тўғрида бошқа мақоламизда ҳикоя қиламиз.