14:48 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ўқитувчиларни рағбатлантириш тизими мукаммал эмаслиги салбий кўринишларга сабаб бўлиши мумкин

19.05.2006 14:20 msk

Диер Сўғдиев (Самарқанд)

2006 йил 1 январидан Ўзбекистон мактабларида “айрим ўқитувчиларни рағбатлантириш бўйича директорлик жамғармаси” пайдо бўлди. Ўқитувчилар ойлик маошларига 40 фоизгача қўшимча устама олишлари имконияти бор. Жамғарма мактаб ўқитувчилари оладиган иш ҳақи миқдорининг 15 фоизи даражасида ташкил этилиб, давлат ҳисобидан молиялаштирилади.

Устамани кимга беришни мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, касаба уюшмаси раиси, ота-оналар қўмитаси вакилларидан иборат комиссия ҳал қилади. Устама ўқувчилари 80 фоизгача ўзлаштиришга эришган ўқитувчиларга берилади. Яъни, бу ўқитувчининг ўқувчилари икки олмасликлари керак.

Кўпчилик ўқитувчилар “икки” қўймай қўйдилар. Ўқувчилар яхши ўзлаштира бошлади, деган тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Буни тушунган ўқувчилар эса дангасалашиб қолмоқдалар. Чунки, ўқувчига яхши баҳо қўйиш ўқитувчининг манфаати эканини болалар яхши тушунадилар.

Болаларнинг ўзлаштиришини текшириш учун маориф бўлими мактаблардан ўқитувчилар ҳисоботини йиғиб боради. Тестни асосан ўқитувчиларнинг ўзлари тайёрлайдилар. Ўзлаштириш даражаси яхши эканини кўрсатиш учун ўқитувчилар енгил саволлардан иборат тест тузадилар ёки тест жавобларини ўқувчиларга айтиб берадилар. Шунинг учун қолоқ ўқувчилар ҳам бундай тест натижалари туфайли “аълочи”лар сафига ўтиб қоладилар.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўқитувчилар 5 тоифага бўлинади: ўрта маълумотли мутахассис, олий маълумотли мутахассис, биринчи, иккинчи ва олий тоифа. Улар малакасига қараб 38, 40, 43, 45 ва 50 долларгача ойлик маош оладилар. Шунинг учун ўқитувчилар бошқа касбдошларига қараганда 2-3 доллар кўпроқ ҳақ олишга интилиб, малакаларини ошириш ўрнига репетиторлик қилиб, қўшимча пул топишга ишқибоздирлар.

- Яхши ўқитувчиларни ажратиб кўрсатиш, рағбатлантириш жуда зарур иш, - дейди ўқитувчи Сайёра Турсунова. – Лекин бу иш қай тариқа бажарилаётгани ҳеч қандай танқидга лойиқ эмас. Бундай танлов ўқувчилар билимининг юқорилашига таъсир кўрсатмайди, аксинча билим сифатининг пастлашига сабаб бўлади.

Ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимининг мукаммал даражада ишлаб чиқилмагани, мамлакатда саводсизлик даражасининг ўсишига сабаб бўлади. Ахир бугунги ўқувчилар эртанги ўқитувчилар, шифокорлар, раҳбарлар, юристлар, иқтисодчилардир... Улар бу вазифани ўтай оладиларми? Маориф соҳасида яхши ўйланмаган турли тажрибаларнинг ўтказилиши оқибатида билими саёз, ўқишга яхши эътибор бермаётган ўқувчилар сони ошиб бораётганини кўрган ўзбекистонликлар бу саволга ижобий жавоб бера олмайдилар.