18:05 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда анъанавий “Бойсун” этно – фестивали таъқиқланди

18.05.2006 11:34 msk

Ўз ахборотимиз

“Фарғона.Ру”га маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Бойсун туманида 17-20 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган анъанавий фольклор фестивали бекор қилинди. Бу тўғридаги кўрсатма кутилганидай маданият вазирлигидан эмас, Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси томонидан берилди. Бу фестиваль вақтинча қолдирилдими ёки умуман бекор қилиндими, ҳозирча номаълум.

Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Бойсун туман ҳокими Эркин Бойниёзов билан боғланишга ҳаракат қилдик. Бироқ унинг ёрдамчиси “ҳоким ҳозиргина чиқиб кетгани ва қачон келиши номаълум экани”ни айтди. Вазирлар маҳкамаси маданият бўлимининг ягона телефони эса жавоб бермади. Фестивал ташкилотчиларидан бири, маданият ва санъатни қўллаш “Бойсун” нодавлат ташкилоти раҳбари Алексей Араповга кўра, бу масалада изоҳга ҳожат ўйқ.

Лекин Арапов айтган баъзи бир сўзлардан фестивалнинг бекор қилиниши сабабларини тушуниш мумкин.

“Бу ҳукумат қарори ва шунинг учун бу ҳақда гапира олмайман. Андижон бор, республикада муаммолар бор, шунинг учун изоҳ бериш қийин”, - деди Арапов.

Маълум бўлишича, уч нодавлат ташкилоти – Турғун Алиматов жамғармаси, SMI компаниялари продюсерлик гуруҳи ва ЮНЕСКО қўлловида ишлайдиган маданият ва санъатни қўллаш “Бойсун” нодавлат ташкилоти фестиваль таъсисчилари ҳисобланар экан. “Бойсун” фестивали доирасида ЮНЕСКО Ўзбекистон маданий қадриятлари борасида ҳудудий семинар ўтказар эди.

“Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш”, деб номланган фестиваль жорий йилда бўлиб ўтади. Семинарда Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон олимлари ишитрок этадилар, бироқ журналистлар, маданият арбоблари бу тадбирда иштирок этолмайдилар.

”Бойсун” фестивали бу йил бешинчи бор ўтказилиши лозим эди. 2001 йилда таъсис этилган бу фестиваль 2002 йилдан бери мунтазам ўтказиларди.

”Фестиваль дастурига Ўзбекистон фольклор гуруҳлари чиқишлари, тематик конференциялар ўтказиш, миллий урф-одатларни намойиш этиш киритилар эди”, -дейди Турғун Алиматов жамғармаси раҳбари, таниқли машшоқнинг ўғли Алишер Алиматов. – “Авваллари фестивалда Тожикистон халқ ансамбллари ҳам иштирок этарди. Бу йил эса Тожикистондан ташқари Тунис, Мўғулистон ва Ироқдан гуруҳлар келиши лозим эди. Яъни, фестивални чинакам маънода халқаро, деб аташ мумкин бўларди”.

Алиматовга кўра, фестивални ўтказиш жойи ҳам бежиз танланмаган.

“Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ажойиб тоғли маскан бўлиб, бу ерда урбанизация деярли сезилмайди”, - дейди Алиматов. – “Айтиш мумкинки, бойсунликлар цивилизациядан экологик ҳимоя қилинганлар. Бу туманда жуда кўп археологик ва архитектура ёдгорликлари сақланиб қолган”.

Ўтган йилги Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ ва Европа билан муносабатлари совуқлашган ҳукумат сиёсатга умуман алоқаси йўқ, лекин БМТ томонидан молиялаштириладиган фестивални бекор қилиши кутилган нарса эди. Апрель ойида мана шундай сабаблар билан Ўзбекистондан қувиб чиқарилган Сорос жамғармаси молиялаштирадиган “Илҳом-ХХ” замонавий мусиқа фестивали ҳам бекор қилинган эди.