18:18 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Роҳат Алиевнинг рақиби бир йилга озодликдан маҳрум этилди

18.05.2006 11:29 msk

Андрей Гришин (Алмати)

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) заҳирадаги полковниги Арат Нарманбетов умумий режимдаги қамоқхонада жазони ўташ шарти билан бир йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, мамлакат президенти катта қизи Дариға Назарбоеванинг эри Роҳат Алиев даъво аризасига асосланиб чиқарилди. А. Нарманбетов айбланган моддага (“туҳмат”) биноан уч йилгача қамоққа ҳукм қилиш мумкин эди. Айни пайтда Арат Нарманбетов иши юқори инстанциядаги судда кўриб чиқилмагунча, четга чиқмаслик тўғрисида ариза бериб очиқда юрибди.

Суд жараёнида айблар фош қилиниши тўғрисидаги даъволар эълон қилинмади. МХҚ собиқ бошлиғи Нартай Дутбаев ва МХҚнинг “Аристан” гуруҳи раҳбари ўринбосари Виктор Стороженко судга келмади. Н. Дутбаев иккинчи марта ҳам судга чақирув қоғозига жавоб бермагач, суд уни маҳкамага чақириш илтимосномасини бекор қилди.

Шундай қилиб, айбланувчи томон мамлакат президенти куёвини мухолифатдаги сиёсатчи Алтинбек Сарсенбаев ва унинг икки ёрдамчиси ўлимига алоқадорликда айблаган Арат Нарманбетовнинг ҳақлигини исботлаб бериши мумкин бўлган икки гувоҳдан ажради, деб ҳисоблайди. Эслатиб ўтамиз, суд Дариға Назарбоевани гувоҳ сифатида чақиришдан бош тортган эди. Дариға Назарбоева ўзининг шов-шувли “Дежа вю” мақоласида, МХҚ раҳбари президент оиласи вакиллари қотилликка алоқадорлиги тўғрисида ҳужжатга эга эканини ва бу борада президент ҳузурига кириб маълумот берганини айтган эди. Суд Алмати ИИМ раҳбари Калмухамбет Касимовни ҳам гувоҳ сифатида чақиришдан бош тортган.

Нартай Дутбаев эса ўша кунлари мамлакатдаги нуфузли “Время” газетасига мактуб йўллаб, президент ҳузурига кирганини рад этди. Бундан эса А. Сарсенбаев ўлимига президент оиласининг алоқадорлиги абсурд ҳолат, деган хулоса чиқариш мумкин.

Дариға Назарбоеванинг шов-шувли мақоласи борасида ҳам ноаниқликлар бор. А. Сарсенбаевнинг ўлдирилиши юзасидан тергов олиб бораётган гуруҳ раҳбари Гаши Машанло судга гувоҳ сифатида чақирилди. Унинг кўрсатмалари сир бўлгани учун ҳам, сўров ёпиқ эшиклар ортида олиб борилди. Бироқ, Арат Нарманбетов ва унинг адвокати Сериккали Мусин гапларидан маълум бўлдики, Г. Машанло Дариға Назарбоева “Дежа вю” мақоласи тўғрисида “ҳеч нарса билмайди, мақолани ёзмаган ҳам”, деб кўрсатма берган. Унга кўра, Президентнинг қизи сўроққа чақирилганда мана шундай кўрсатма берган. Шундан сўнг бир қатор ОАВларда Дариға Назарбоева ўз мақоласини “салбий психоэмоционал ҳолат”да ёзгани тўғрисида мақолалар пайдо бўлди. Лекин кўп ўтмай, президент қизи телесуҳбатлардан бирида мақолани шахсан ўзи ёзганини тасдиқлади.

А. Нарманбетовнинг адвокати С. Мусин суд жараёни кетаётган пайтда унга телефон орқали таҳдидлар қилинганини эълон қилди. 29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси унинг қўл телефонига кимдир сим қоқиб, “сизга ов эълон қилинди. Яшириниш учун 20 минут вақтингиз бор”, деб таҳдид қилган эмиш. Бу факт юзасидан полицияга ариза топширилди. Орадан бир неча кун ўтиб, С. Мусин ўз ҳимоясидаги одам ва яна бир неча киши гувоҳлигида аниқланган телефонга (Россиянинг “Мегафон” компаниясига тегишли рақам) сим қоққан. Трубкани кўтарган одам “Владимир Жумаканов”, деб ўзини таништирган. А. Нарманбетовга кўра, у бу одамни танийди. У генерал-майор унвонида МХҚнинг конституцияни ҳимоя қилиш бўйича 10-бўлимида ишлайди, аслида эса “мухолифатга қарши курашади”.

Бу фактларнинг барчаси, Арат Нарманбетовга кўра, суднинг сиёсийлаштирилганини исботлайди.

“Уларга А. Сарсенбаев ва унинг ёрдамчиларига қилинган қотиллик алоҳида – алоҳида иш эканлигини таъкидлашди, ўзларига қулай келганда эса бу икки ишни бирлаштиришди. Бу эса нохолисликдир”, - дейди А. Нарманбетов.

Айтиб ўтиш жоизки, ишни олиб борган судя Мизамитдинова мухолифатга ўтиб кетган ва мажбурий эмиграцияда юрган собиқ бош вазир Акежан Қажегелдинга нисбатан шафқатсиз ҳукм чиқаргани билан машҳур. Шунинг учун ҳам бу ишни кўриб чиқишга тажрибали ходим танлаб олинган бўлса ажаб эмас.

А. Нарманбетов сиёсатчининг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлган жиноят иши ва ўзининг иши адолатсиз олиб борилаётганини айтди. Унга кўра, у тергов гуруҳи раҳбари Гаши Машанлони Дариға Назарбоева мақоласи юзасидан нотўғри кўрсатма бергани учун жиноий жавобгарликка тортмоқчи.

Агар Арат Нарманбетов қамоқ жазосини ўтайдиган бўлса, у “Сиёсий мақсадларни кўзлаб туҳмат қилиш” моддаси бўйича жазоланган иккинчи одам бўлиб қолади. 2004 йилда Қозоғистон парламенти депутатига туҳмат қилганликда айбланиб, “Ҳақиқий Оқ йўл” партияси раисдоши Булат Абилов бир йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилинган эди.