08:39 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Отилмаган шаҳар – Қорасув тарихи. 14 май воқеалари

17.05.2006 15:57 msk

Фирдавсий, ўз мухбиримиз

Фотосуратлар@ Шерзод Юсупов

2005 йил 14 май куни эрталабки соат ўн бирлар чамасида қўл телефоним жиринглаб қолди. Ўзбекистоннинг Қорасув шаҳри билан чегарадош бўлган Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида яшайдиган дўстим сим қоқаётган экан.

- Ҳой, ҳали ҳам ухлаяпсанми? Тезда етиб кел. Бу ерда шунақанги воқеалар бўляптики, - деди у ҳаяжонланиб. - Ўзбеклар кўприкни қайта тиклаяптилар.

- Ўзбекистон ҳукумати-я? Андижон воқеаларидан бир кун ўтиб-а?

- Қанақа ҳукумат! Халқ тикляпти кўприкни!

Орадан қирқ минут ўтгач, мен воқеа жойига – Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасига етиб бордим. Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрини Ўзбекистоннинг Қорасув шаҳридан ажратиб турган Шаҳрихонсой дарёси устига қурилган 20 метрли кўприкнинг бир қисми Тошкент расмийлари кўрсатмаси билан ўн йиллар аввал бузиб ташланганди. Ўша йиллари шаҳар архитектурасида ишлаган дўстим, Ўзбекистон тарафи кўприкни бутунлай бузиб ташлашни режалаштирганини, бироқ Қирғизистон расмийларининг аралашуви билан кўприк тўла бузилмай қолганини айтиб берганди. Маълум бўлишича, кўприк Қирғизистон ихтиёрида бўлган ҳамда унинг бузилишидан мамлакатга бир миллион сом (ўша пайтдаги курс билан 60 минг АҚШ доллари) зиён етган. Архитектор дўстимнинг айтишича, Қирғизистон тарафи кўприкнинг бузилиши билан келтирилган зиён ҳақида эсламаган ҳам, бироқ йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳукуматидан кўприкни қайта тиклашни талаб қилиб келган. Аммо бу борадаги расмий талабларга Ўзбекистон тарафидан жавоб берилмаган. Бу кўприк Қирғизистон учун стратегик аҳамиятга эга эди. Қирғиз Қорасувида Марказий Осиёдаги энг катта бозорлардан бири жойлашган. Бу кўприкдан кунига 30-40 минг одам Қорасув бозорига ўтиб келарди. Кўприк бузилгач, Ўзбекистондан келадиган савдогарлар оқими бир оз камайди, чунки бозорга етиб келиш учун 60 километрли айланма йўлдан юришга тўғри келарди.

Воқеа жойига етиб келганимда иш айни авжида эди. Ўзбек Қорасуви аҳолиси ўз кучи билан кўприкни қайта тиклаётганди. Улар кўприкнинг металл конструкциялари сақланаётган омборни топишган экан. Кўприкнинг Қирғизистон тарафида кучайтирилган милиция наряди ва чегарачилар бор эди. Беш юзга яқин одам воқеани кузатиб турарди. Қирғиз милицияси ўзбекистонликларга кўмак кўрсатишни истаган қирғизистонликларнинг йўлини тўсмасди. Ўзбекистон тарафида на милиция ва на ҳарбийлар кўринарди. Бу шаҳар Андижондан бор – йўғи 40-50 километр узоқликда жойлашганди.

- Нега сизлар тарафда милиционерлар ҳам, ҳарбийлар ҳам йўқ? – деб сўрадим кўприк қурувчилардан.

-Э, уларнинг нима кераги бор? Бугун ҳаммасини ҳайдаб чиқардик, шаҳардан! Ҳокимни ҳам, унинг лаганбардорларини ҳам ҳайдадик! – деб жавоб бердилар менга.

- Андижонда отишма бўлганидан хабарингиз борми?

- Ҳа, хабаримиз бор... кўрганлар ҳам бор...

- Сизларни ҳам отишларидан қўрқмайсизларми?

- Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Бақани боссангиз “вақ” этади. Қачонгача қўрқамиз. Сабр косамиз тўлди. Бизга ҳам эркинлик керак, - деган жавоблар бўлди.

Тушдан кейин кўприк тикланиб бўлинди. Кўприкдан биринчи бўлиб журналистлар ўтдилар.

Қайта тикланган кўприк бўйлаб биринчи қадамлар. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Қайта тикланган кўприк бўйлаб биринчи қадамлар. 2005 йилнинг 14 май куни. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

Кўприкдан худди Совет Иттифоқи пайтларида бўлгани каби хеч қандай текширувларсиз Ўзбекистон тарафига ўтиб олдик. Ўн метр юрганимиздан сўнг қизил читга оқ бўёқ билан катта –катта қилиб ёзилган “Йўқолсин Каримов!”, деган шиорга кўзимиз тушди.

Йўқолсин Каримов! Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Йўқолсин Каримов! Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

Биз бир гуруҳ журналистлар шаҳар ҳокимияти, милиция бўлими, банк, маданият саройи ва кичик маркет бинолари жойлашган марказий майдонга қараб йўлга тушдик. Бизга шаҳарликлардан бири ҳамроҳлик қиларди. У 2005 йил 14 майида содир бўлган воқеаларни ҳикоя қилиб борарди.

- Эрталаб майдонга бир неча минг одам йиғилди. Ҳамма Андижонда тинч аҳолига ўқ отилганидан ғазабда эди, - деб ҳикоясини бошлади ҳамроҳимиз. – Халқ шаҳар раҳбарлари, прокурор, милиция, солиқ назорати раҳбарлари сўзга чиқиб, президент сиёсатини танқид қилишларини талаб қила бошлади. Шаҳар ҳокимини ҳокимият биноси томига чиқишга мажбур қилдилар. Кейин унга “Сен президентни қораламагунингча ерга тушмайсан”, дедилар. Ҳокимни шармандаликдан оқсоқоллар асраб қолди. Оқсақоллар “у ҳам бизга ўхшаган бир оддий одам, ҳеч нарсани ўзгартиролмайди. Унга нима буйруқ бўлса, шуни бажаради. Қўйиб юборинглар уни”, деб орага тушганларидан сўнг, раҳбарларни қўйиб юбордилар. Раҳбарлар қочиб кетишди. Уларнинг ходимлари ҳам қочишди, шаҳардан.

- Кейин нима бўлди?

- Кейин одамлар Андижон учун қасос ола бошладилар, - деди ҳамроҳимиз. – Ўзингиз кўрасиз бу ёғини...

Марказга яқинлашганимизда ўт қўйиб юборилган милиция машинасига кўзимиз тушди. Юз метр юргач, яна бир милиция машинаси ёқиб юборилганининг гувоҳи бўлдик. Шаҳарда бир неча милиция машинаси ёқиб юборилганди.

Ёқиб юборилган машиналар. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Ёқиб юборилган машиналар. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

Биз марказий майдонга етиб келдик. Банк, маданият саройи ва минимаркет биноларига зарар етмаганди. Оломонни бу бинолар қизиқтирмагани кўриниб турарди. Милиция биноси эса тўла ёниб кетган, ичкарида ўсмирлар оловдан қорайиб кетган каскалар, юлдузчаларни йиғиб юрардилар.

Ёқиб юборилган милиция биноси. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Ёқиб юборилган милиция биноси. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

- Одамлар аввал ҳамма мелисаларни бино ичига қамаб, кейин ўт қўйиб юбормоқчи эдилар, - деб гапириб берди ўсмирлардан бири. – Лекин одамлардан кимдир “Ҳой мусулмонлар, ақлингизни йиғинг! Уларнинг ҳам бола-чақаси, ота-онаси бор! Қамоқхонадагидай яшаётганимизга улар эмас, сиёсат айбдор!”, деди. Кейин мелисаларни қўйиб юборишди.

- Нега милиционерларни ёқиб юбормоқчи бўлдингиз? – сўрайман ўсмирдан.

- Улар бизга кун бермай қўйишган, ака. Ўзимиз яшаётган шаҳар кўчаларидан юришга ҳам қўрқиб қолгандик, - деб жавоб берди қорайиб кетган каскани топиб олган бошқа бир ўсмир саволимга. - Менга қолса уларни ёқиб ташлашгани яхши эди. Улар одамларни уриши, қийнаши, зўрлаши ҳаммага маълум эди.

Шаҳар ҳокимияти биноси унча зарар кўрмаганди. Бир неча ойна синганди, холос. Лекин солиқ назорати биноси ёниб кул бўлганди.

Ёқиб юборилган солиқ идораси биноси. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Ёқиб юборилган солиқ идораси биноси. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

Солиқчилар ёнаётган бинодан қоғозларни, хужжатларни олиб чиқишга ҳаракат қилган кўринадилар. Чунки, бино ташқарисида турли квитанциялар, даромад декларациялари сочилиб ётарди.

Шаҳар деярли бир ҳафта расмий ҳукуматсиз яшади. Шаҳар маъмурияти, милиция, солиқчилар, ҳарбийлар йўқ эди. Лекин шунга қарамай, шаҳарда бирор марта ҳам тартибсизликлар, ўғирликлар, талончиликлар содир этилмади. Халқнинг ўзини ўзи бошқарар эди, оқсоқоллар тартиб ўрнатардилар. Халқ барча нарсани кенгашиб амалга оширарди.

Шу билан бирга ҳафта давомида шаҳарга ҳарбийлар олиб кирилармиш, деган хавотирли миш-мишлар юрди. Аммо шаҳарга ҳарбийлар киритилмади. Улар шаҳар ташқарисига жойлаштирилиб, барча йўлларни тўсиб қўйдилар. Фақат Қирғизистон тарафигина очиқ эди. Шаҳар узра ҳар куни, ҳар соатда ҳарбий вертолётлар учиб юрарди.

Қорасув шаҳри устида айланаётган ҳарбий вертолёт. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру
Қорасув шаҳри устида айланаётган ҳарбий вертолёт. Шерзод Юсупов олган расм, Фарғона.Ру

Ҳафта ўтиб, Ўзбекистон расмийлари исёнчилар раҳбарлари билан муросага келдилар. Шаҳарга милиция ва ҳарбийлар гуруҳи киритилди. Шаҳар маъмурияти иш бошлади. Ўша кунлари ҳукумат исёнчиларга қаршилик кўрсатмасликни таклиф қилгани, бунинг эвазига исёнчилар таъқиб қилинмаслигига келишиб олингани тўғрисида ахборот тарқатилди.Лекин ҳарбийлар шаҳарга кирар кирмас, исёнчилар раҳбарлари қўлга олинди.

Шу ўринда Қирғизистон расмийлари позицияси ҳам диққатга сазовордир. Маҳаллий ва республика ҳукумати кўприкни қайта тиклаш ишларига тўсқинлик қилмади. Ҳолбуки, ўша кунлари бу Қирғизистон миллий хавфсизлиги масаласи эди. Чунки, кўприкдан юзлаб қочқинлар, Ўзбекистон ҳукумати “террорчи”, “акромий”, “ҳизбчи”, деб атаган шахслар ўтиши мумкин эди. Вазият ўта мураккаб эди. Кўприкни тиклаш ишларига тўсқинлик қилинса, мана кўприк тикланишини ўн йил орзиқиб кутган қирғизистонликлар норозилик билдиришлари мумкин эди. Қирғиз ҳукумати бу вазиятда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳам, исёнчилар раҳбарлари билан ҳам муроса қила олди.